Ўзбекистонда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш соҳасида бозор тамойилларига босқичма-босқич ўтиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда энергетика вазири Шерзод Ходжаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, пилот лойиҳа Андижон вилоятида ишга туширилади.
«Биринчи навбатда Андижон вилоятида пилот лойиҳасини амалга ошириш бўйича топшириқ берилди. Андижон вилоятида „Ҳудудгазтаъминот“ билан бир қаторда камида иккита хусусий тадбиркор томонидан суюлтирилган газни аҳолига эркин нархларда сотиш бўйича шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилди», — деди вазир.
Ходжаевнинг таъкидлашича, ҳозирда газга белгиланган меъёрдан ортиқча эҳтиёжи бўлганда фуқаролар ва тадбиркорлар баллонларни кўпинча мустақил равишда газ қуйиш шохобчаларида тўлдириб, шахсий автомобилларида ташиб кетмоқда.
«Лекин бу аслида ноқонуний ва нотўғри, хавфли бир ҳаракат ҳисобланади», — деди у.
Шу муносабат билан ҳокимликлар суюлтирилган газ баллонларини сотиш пунктларини тўғридан-тўғри маҳаллаларда очиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, бундай объектларга қўйиладиган техник талабларни қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.
Мобил илова орқали етказиб бериш
Вазирнинг сўзларига кўра, хусусий секторнинг иштирок этиши рақобат муҳитини яратиши ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириши керак.
Истеъмолчилар учун зарур ҳажмдаги газга буюртма бериш ва уни белгиланган вақтда етказиб беришни сўраш мумкин бўлган мобил иловани ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Ҳозирда «Ҳудудгазтаъминот» сиғими 20 кг бўлган бир турдаги баллонлардан фойдаланади. Хусусий операторларга газни бундай чекловсиз бошқа ҳажмларда сотишга рухсат бериш режалаштирилмоқда.
«Мобил илова орқали истеъмолчилар ўзи хоҳлаган вақтда, ўзи хоҳлаган ҳажмда буюртма бериб, айтилган вақтга уйига олиб келиб беришини сўрайди», — деди Ходжаев.
Бундан ташқари, суюлтирилган газни импорт қилувчи тадбиркорлар аҳолига зарур ҳажмни сотганидан сўнг қолган маҳсулотни биржа орқали чекловларсиз реализация қилишлари мумкин бўлади.
LPG-Trade
Иқтисодиёт ва молия вазирининг нефть-газ соҳаси бўйича ўринбосари Хуршед Мустафаев «Ҳудудгазтаъминот» таркибида алоҳида LPG-Trade корхонаси ташкил этилишини маълум қилди.
У аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришга ихтисослашади.
Унинг сўзларига кўра, «Ҳудудгазтаъминот»нинг куз-қиш мавсумида барқарор ишлаши учун моддий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, суюлтирилган газ импортчилари учун амалдаги қонунчиликда назарда тутилган биржадаги айрим имтиёзларни бекор қилиш режалаштирилмоқда.
Мустафаевнинг таъкидлашича, ушбу чоралар куз-қиш мавсумида аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш учун шароит яратиши керак.
7 сентябрь куни президент ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинганидек, бугунги кунда республикада 3,8 миллионга яқин аҳоли ҳамда қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланади. Жорий йилда аҳоли ваижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган.
Шубилан бирга, истеъмолчиларнинг 22 фоизи суюлтирилган газни 46 кундан ортиқ муддатда олмоқда. Натижада аҳоли қўшимча эҳтиёжини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархларида харид қилишга мажбур бўлмоқда. Бундай ҳолатда айрим оилаларнинг бир ойлик харажати амалдаги белгиланган нархдан бир неча баробар юқори бўлмоқда.