• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда трансмиллий наркотармоққа алоқадорликда гумонланиб, 14 киши қўлга олинди


Ички ишлар вазирлиги Тошкентда трансмиллий жиноий уюшма фаолиятига алоқадорликда гумонланаётган 14 киши қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, улар ИИВ Тезкор қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ҳамда хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда Тошкентнинг Чилонзор, Юнусобод, Янгихаёт, Бектемир ва бошқа ҳудудларида олтита йўналишда ўтказилган кенг қамровли тезкор-қидирув тадбирлари чоғида аниқланган.

Тадбирлар давомида нуфузли олий таълим муассасасининг 3-босқичида таҳсил олувчи 21 ёшли талаба интернет-наркодўконда кладмен бўлиб ишлагани аниқланган. Унинг бошқарувидаги Onix русумли автомобиль Янгихаёт тумани ҳудудидаги постда тўхтатилиб текширилганда, салон қисмига яширилган 500 грамм альфа-PVP синтетик гиёҳвандлик моддаси аниқланган. Гиёҳвандлик воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбирларнинг иккинчи йўналишида эса жиноий уюшманинг Наманган вилоятида фаолият юритиб келган аъзоси қўлга олинган.

Тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилиб, жиноий шерикларнинг ҳар бири ўзаро боғланган ягона наркотармоқнинг бўғинлари сифатида фош этилган.

Халқаро йўналишдаги ҳамкорлик натижасида трансмиллий жиноий уюшма етакчиларидан бири хорижий давлат ҳудудида яшириниб юргани аниқланган. У шу давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинган.

Трансмиллий жиноий уюшманинг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятига алоқадор шахсларни аниқлашга қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида уюшманинг 7 нафар омборчиси ва уларга ишлаган 6 нафар закладчик, шунингдек, уюшма етакчиларидан бири қўлга олинган.

Шу тариқа, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида трансмиллий жиноий уюшмага алоқадорликда гумонланиб, жами 14 киши қўлга олинган.

Улардан 2 кг 500 грамм альфа-PVP синтетик гиёҳвандлик воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. ИИВ маълум қилишича, ушбу миқдор 71 433 та бир марталик дозага тенг.

Ҳолат юзасидан қўлга олинган гумонланувчиларнинг барчасига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисмига мувофиқ, кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан икки ёхуд ундан ортиқ давлат ҳудудида ёки Интернет тармоғидан фойдаланиб, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *