• Пт. Окт 9th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Унда йўлбарс нигоҳи бор». Сербия президенти — Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистоннинг ривожланиш суръатлари ҳақида


Сербия президенти Александр Вучич серб компанияларини Ўзбекистон бозорига жадалроқ кириб боришга ҳамда технологиялар, саноат, энергетика, сунъий интеллект, биотехнологиялар, АКТ, геология ва тоғ-кон саноати йўналишларида қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга чақирди.

8 сентябрь куни Белградда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Сербия бизнес-форумидаги чиқишида Вучич сўнгги йилларда ташқи иқтисодий устувор йўналишлар борасидаги қарашлари ўзгарганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, авваллари у энг муҳим вазифани йирик жаҳон давлатлари билан алоқаларни йўлга қўйишда кўрган бўлса, ҳозирда тез ривожланаётган мамлакатлар билан ҳамкорликда улкан салоҳият борлигига ишонч ҳосил қилмоқда.

«Ўйлайманки, Ўзбекистон каби давлатлар билан бизда катта имкониятлар мавжуд: ўрганадиган нарсалар жуда кўп, ривожлантирадиган йўналишлар талайгина, улар ҳам, биз ҳам яхшигина фойда олишимиз мумкин ва мен келажак айнан шундай мамлакатлар билан ҳамкорликда эканига ишонаман», — деди Сербия президенти.

Вучич Ўзбекистоннинг демографияси ва ривожланиш суръатларига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мамлакат «улкан юксалиш даврида» ва унинг раҳбарияти узоқ муддатли ўсишни кўзлаб ҳаракат қилмоқда.

Вучич, шунингдек, Шавкат Мирзиёевга нисбатан ҳиссиётларга бой таъриф бериб, уни «кўзларида йўлбарс нигоҳи бор» раҳбар деб атади.

«Ўзбекистон президентининг „кўзларида йўлбарс нигоҳи“ бор. Бу — муваффақиятга чанқоқ, интилувчан, ўз халқининг ҳар бир қисми ва ҳар бир муаммоси ҳақида қайғуради, деганидир. Қайси соҳага назар ташламай, қандай савол бермай, Ўзбекистон қанчалик олдинга илдамлаётганини кўрдим», — деди Сербия раҳбари.

У энергетика соҳасини мисол қилиб келтириб, келажакда электр энергиясига бўлган талаб дата марказлар, сунъий интеллект, инновациялар ва электромобиллар ривожи билан белгиланишини қайд этди.

Вучичнинг сўзларига кўра, Сербия ҳозирча энергия ишлаб чиқариш қувватларини етарлича тез суръатларда ошира олмаяпти. У мамлакат ўн йиллар ичида илк бор қатор янги энергетика объектларини ишга туширганини, аммо буни ҳали ҳам етарли эмас деб ҳисоблашини билдирди.

Сербия президенти Европа мамлакатларини ҳам меҳнат унумдорлиги ва узоқ муддатли режалаштиришга кўпроқ эътибор қаратишга чорлади. Унинг фикрича, Европа иш соатларининг қисқалиги ва меҳнат интенсивлиги пастлиги сабабли Осиё иқтисодиётларидан орқада қолмоқда.

«Агар биз улардан камроқ меҳнат қилсак, на улар билан рақобатлаша оламиз, на улардек муваффақият қозонишни орзу қила оламиз», — деди Вучич.

У оддий ҳаётий мисол келтирди: ҳатто секинроқ ишлайдиган, лекин саккиз соат меҳнат қилган одам беш соат ишлаганга қараганда кўпроқ олма теради.

Шу билан бирга, Вучичнинг баҳолашича, Сербия Осиёдан кўплаб бошқа Европа давлатларига нисбатан камроқ орқада қолмоқда. У келаси йили Сербия иқтисодиётининг ўсиш суръати 4,3−4,5 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилди.

Энергия ва технологиялар

александр вучич, сербия, шавкат мирзиёев

Сербия иқтисодиёти учун хавф-хатарлар ҳақида тўхталар экан, Вучич нефть ва газнинг юқори нархлари ҳамда эҳтимолий электр энергияси тақчиллигини санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Сербия ўз омборлари ва Венгриядаги омборларда қарийб 680 миллион куб метр газ захирасини тўплаган.

Шунингдек, у Шавкат Мирзиёев билан газ нархини муҳокама қилганини маълум қилди. Вучичнинг таъкидлашича, биржа нархи 1000 куб метр учун қарийб 890 долларни ташкил этмоқда, бироқ Сербия ва Ўзбекистон Россия таъминоти ҳисобига газни арзонроқ нархда олмоқда, бундан ташқари Ўзбекистон ўз газ қазиб олиш манбаларига ҳам эга.

«Биз нафақат янги бозорлар, балки технологиялар трансфери ҳақида ҳам бош қотиришимиз лозим — биз уларга, улар эса бизга ёрдам бериши керак. Дунёнинг қаерда энг тез ривожланаётганини тушунишимиз ва кейинги 10−20 йиллик истиқболни аниқ кўра олишимиз даркор», — деди Сербия президенти.

Вучич Ўзбекистонга ташрифи давомида инновацион марказлар ва илмий-технологик паркларда бўлганини ва маҳаллий стартаплар таклиф этаётган ечимлардан ҳайратда қолганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, музокараларда томонлар сунъий интеллект, биотехнологиялар ва АКТ масалаларига алоҳида эътибор қаратган. У ҳамкорлик истиқболларини, шунингдек, енгил ва тўқимачилик саноати, геология, тоғ-кон тармоғи ҳамда дата-марказлар инфратузилмасини ривожлантиришда кўрмоқда.

«Мирзиёев вазирларига бирор нарса айтдими, бу, албатта, бажарилиши шарт»

александр вучич, сербия, шавкат мирзиёев

Вучич сербиялик тадбиркорларга алоҳида мурожаат қилиб, уларни ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ишлашда янада қатъиятли бўлишга ундади.

«Президент Мирзиёев ўз вазирларига бирор нима дедими, бу, албатта, амалда ўз ифодасини топиши шарт. Уларнинг компаниялари сўз бердими, демак, бу жуда муҳим», — деди у.

У ўзбек тадбиркорларини «ниҳоятда меҳнаткаш ва ўз ишига садоқатли» деб атаб, серб бизнесини очилаётган имкониятлардан кенгроқ фойдаланишга чақирди.

Вучич, шунингдек, Сербия ўзбекистонлик инвесторларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ва субсидиялар тақдим этишга тайёрлигини билдирди. У томонлар G2G (давлат — давлатга) тамойили асосидаги лойиҳаларни амалга оширишни соддалаштирувчи давлатлараро битим, кейинчалик эса эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштираётганини айтди.

Вучичнинг қайд этишича, уни Ўзбекистоннинг тараққиёт суръатлари ва Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларга шахсан чуқур жалб этилгани лол қолдирган.

«Юртингизни нақадар катта муҳаббат билан севишингизни, у учун қандай курашаётганингизни кўриб турибман», — дея Ўзбекистон президентига мурожаат қилди у ва Сербия бундай суръатда ривожлана олмаса-да, Ўзбекистоннинг «ортидан изма-из боришга» ҳаракат қилишини қўшимча қилди.

Аввалроқ ташриф давомида томонлар етти-саккиз ой ичида Тошкент ва Белград ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ниятини эълон қилганди. Шунингдек, Ўзбекистон тўлақонли элчихона очилгунга қадар Белградда алоҳида дипломатик ваколатхона очишга қарор қилди.

Бундан ташқари, Вучич Сербия Ўзбекистон билан мудофаа саноатида, жумладан, Белград тахминан бир йилдан кейин ишлаб чиқаришни бошлашни кўзлаётган узоқ масофали баллистик ракеталар бўйича ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Сербия президенти Вучич Шавкат Мирзиёев билан атом энергетикаси масалалари бўйича суҳбатлашганини айтиб берди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Россия билан битта АЭС қурмоқда ва Хитой билан иккинчисини тайёрламоқда. Бундан олдин Тошкент иккинчи станция лойиҳаси тайёрланаётганини тасдиқлаган, аммо ҳамкор давлат номини расман маълум қилмаганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *