Сирдарё вилоятидаги давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этгани учун жаримага тортилди, дея хабар берди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати.

Фуқаро Д. С. омбудсманга мурожаат қилиб, боғчанинг бир қанча ходималари ташкилот биноси ва ҳовлисида қурилиш ишлари якунлари бўйича тозалаш ишларига, шунингдек, Open budget порталидаги ташаббусга овоз йиғишга мажбурланганини маълум қилган.

Омбудсманнинг ҳудудий вакили ва Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган текширув Меҳнат кодексининг 5-моддаси (Меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш принципи) бузилганини тасдиқлади.

Боғча раҳбари Г. А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси биринчи қисми (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) билан маъмурий жазо қўлланди. БҲМнинг 50 баравари миқдорида (20 млн сўмдан ортиқ) жарима тайинланди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил мартида овозлар мажбурий йиғилган лойиҳалар «Ташаббусли бюджет»дан чиқариб ташланишини маълум қилган эди.

2025 йил баҳорида Фарғона вилояти Қува туманида Open budget доирасида овоз йиғиш учун ўқитувчилар иш ҳақидан 700 минг сўмдан ушлаб қолишни талаб қилган директор ишдан бўшатилганди.

2023 йил мартида Ўзбекистонда педагог ходимларни меҳнатга мажбурлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилган.