Сирдарё вилоятида фуқародан пора талаб қилган Ховос тумани Ички ишлар бўлими Тезкор-қидирув хизматининг икки нафар собиқ ходимига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Зўр тв» телеканалининг «Бу кун» дастурида хабар берилди.
Маълум бўлишича, Ховос туманидаги фермер хўжалиги раҳбари ер майдонида содир этилган ноқонуний ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Терговга қадар текширув давомида бир фуқаро фермерга 30−40 млн сўм атрофида зарар етказилгани аниқланган.
Бироқ ИИБнинг икки нафар тезкор вакили сохта далиллар уюштириб, фермерга гўёки етказилган зарарни тўлиқ ундириб бўлмаслигини, лекин 10−12 млн сўмини олиб беришга ёрдам беришларини айтган. Фермер таклифга рози бўлган.
Шундан сўнг, ходимлар гумонланувчи шахсни «етказилган зарар 50 млн сўмни ташкил этади, агар бу суммани тўламасанг, қамалиб кетасан» дея қўрқитган. Фуқаро дастлаб уларга 24 млн сўм олиб келиб берган. Собиқ ходимлар ушбу пулдан 12 млн сўмини фермерга бериб, ишни судда маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида расмийлаштириб бериш ва жиноий жавобгарликдан озод қилиш эвазига қўшимча 35 млн сўм пора талаб қилган.
ИИБ ходимлари талаб қилинган сумманинг қолган 11 млн сўмини олаётган вақтида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.
Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судида бўлиб ўтган мажлисда судланувчилар ўз қилмишидан пушаймонлигини билдирган.
Суд томонидан жиноятни очишда фаол ёрдам берган бир нафар судланувчига 5 йил у 1 ой муддатга, иккинчи судланувчига эса 6 йил у 1 ой муддатга одликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд томонидан келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилояти ИИБ манзилига хусусий ажрим чиқарилди.
