UzAuto Motors ўзининг илк гибрид модели — Chevrolet Equinox PHEV кроссовери сотуви бошланганини эълон қилди. Автомобиль иккита комплектацияда — Activ 80 KM ва Activ 120 KM (электр тортувидаги юриш масофасига қараб) тақдим этилади.
Компания хабарида айтилишича, ташқи электр тармоғидан қувватлиш имкониятига эга Plug-in Hybrid Electric Vehicle (PHEV) тизими қисқа масофали сафарларни фақат электр тортувида амалга ошириш имконини беради.

Chevrolet Equinox PHEV комплектациясига қараб сиғими 17 кВт/соат ёки 24 кВт/соат бўлган литий-темир-фосфатли (LFP) аккумулятор батареяси билан жиҳозланган. Батарея тўлиқ қувватланганда ва ёнилғи баки тўла бўлганда, умумий юриш масофаси 1000 км дан ошиши мумкин.
Куч қурилмаси 1,5 литрли бензинли турбодвигатель, 188 от кучига эга электродвигатель ва икки босқичли DHT гибрид трансмиссиясини ўзида мужассам этган.

Mавжуд хавфсизлик ва ҳайдовчига ёрдам тизимлари қаторига адаптив круиз-контроль, автоматик фавқулодда тормозлаш тизими, ҳаракат бўлагини сақлаш тизими, «кўринмас» зоналар мониторинги, 360 даражали атрофни кўриш камераси, олтита хавфсизлик ёстиқчаси ва йўл белгиларини таниш тизими киради.
Автомобильнинг тавсия этилган чакана нархи Activ 80 KM комплектацияси учун 463,5 млн сўмни, Activ 120 KM учун эса 478,5 млн сўмни ташкил этади.
Маълумот учун, Ўзбекистон бозорида гибрид моделларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси BYD ҳисобланади. Биринчи ярим йилликда мамлакатда расман 175 374 та енгил автомобиль сотилган. Брендлар кесимида Chevrolet (UzAuto Motors) улушига 136 072 та, BYD улушига 17 010 та, KIA (ADM Jizzakh) улушига эса 12 286 та автомобиль тўғри келди
