Ўзбекистонда давлат чегараси орқали ноқонуний ерости тоннелларини қуриш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, бундай фаолиятни ташкил этиш ва молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Тегишли қонун Сенатнинг 19-ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Ҳужжат Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади. Сенатор Қутбиддин Бурхоновнинг маълум қилишича, ўзгартиришларга эҳтиёж чегара орқали товарлар ва бошқа бойликларни ноқонуний олиб ўтиш учун фойдаланилган ерости иншоотлари аниқлангани билан боғлиқ.
Унинг сўзларига кўра, 2016−2025 йилларда Ўзбекистон давлат чегарасида 12 та ноқонуний ерости иншооти ва тоннеллар аниқланган. «Ушбу тоннеллар орқали мамлакатимизга божхона назоратидан яширин ҳолда жуда катта миқдордаги товарлар олиб кирилган», — деди сенатор.
3,7 млн доллардан ортиқ пул ва 5 кг олтин
Қутбиддин Бурхоновнинг маълум қилишича, Фарғона ва Андижон вилоятларида аниқланган тоннеллар орқали қиймати 30 млрд сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлар, 137 турдаги товарлар, 3,7 млн доллар ва 5 кгдан ортиқ олтин қуймалари ноқонуний олиб кирилган.
«Бу рақамлар ортида давлат бюджетига етказилган зарар, ҳалол тадбиркорлар манфаатларининг бузилиши, яширин иқтисодиётнинг кенгайиши ва энг муҳими, миллий хавфсизликка нисбатан жиддий таҳдид мужассамдир», — деди у.
Сенатор мисол сифатида 2023 йилда Андижон вилоятида аниқланган тоннелни келтирди. У 10−12 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, узунлиги қарийб 400−420 метрни ташкил этган. Иншоот электр ёритиш ва вентиляция тизими билан жиҳозланган.
«Бундай ҳолатлар энди оддий контрабанда эмас, балки уюшган трансмиллий жиноятчиликнинг хавфли кўринишидир», — деди Қутбиддин Бурхонов.
Унинг сўзларига кўра, бундай иншоотлардан нафақат товарларни олиб ўтиш, балки гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ, портловчи моддалар, заҳарли кимёвий моддалар ва бошқа тақиқланган буюмларни олиб кириш, шунингдек, одамларни чегара орқали ноқонуний олиб ўтиш учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Тоннель қурганлик учун алоҳида модда
Қонун лойиҳаси Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган ва аввалроқ Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган. У бешта моддадан иборат бўлиб, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.
Хусусан, Жиноят кодексининг 182-моддаси — божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва 223-моддаси — қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш билан назарда тутилган жиноятлар давлат чегараси орқали ер остида қонунга хилоф равишда қурилган тоннеллар, ноқонуний иншоотлар ёки бошқа инфратузилма объектларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, бу ҳолат учун жавобгарлик оғирлаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Жиноят кодекси 223−1-модда билан тўлдирилади. У қуйидагилар учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилайди:
- давлат чегараси орқали ноқонуний ерости иншоотлари ёки тоннелларини қуриш учун билатуриб шарт-шароит яратиш;
- уларни қуриш;
- бундай иншоотлардан фойдаланиш;
- ушбу фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш.
Бурхонов аввал қонунчиликда бундай тоннелни қурганлик учун бевосита алоҳида жавобгарлик назарда тутилмаганини таъкидлади.
«Энди эса фақат тоннелдан фойдаланган шахс эмас, балки уни қурган, қурилишига кўмаклашган, маблағ ажратган ёки бу ишни ташкил қилган шахслар ҳам қонун олдида жавоб беради», — деди сенатор.
Қандай ҳолатларда жавобгарликдан озод қилиш мумкин?
Шу билан бирга, қонун жиноий жавобгарликдан озод қилиш имкониятини ҳам назарда тутади.
Агар шахс бундай қилмишни биринчи марта содир этган бўлса, ноқонуний тоннель ёки бошқа иншоот ҳақида давлат органларига ихтиёрий равишда хабар берса ёки жиноятни фош этишга фаол ёрдам берса, унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаган тақдирда жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
«Бу норма орқали давлат фақат жазолашни эмас, балки жиноятларни эртароқ аниқлаш ва уларнинг олдини олишни ҳам мақсад қилган. Чунки айрим ҳолларда жиноят ҳақида ўз вақтида берилган биргина хабар катта хавфнинг олдини олиш имкониятини беради», — деди Бурхонов.
Терговни ДХХ олиб боради
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Давлат чегараси орқали ноқонуний тоннелларни қуриш, улардан фойдаланиш ва молиялаштириш билан боғлиқ ишлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини Давлат хавфсизлик хизмати органлари терговчилари олиб боради.
Сенатда буни бундай жиноятлар давлат чегараси ва миллий хавфсизлик билан бевосита боғлиқ экани билан изоҳлашди.
Муҳокама давомида сенатор Тўхтамжон Охунов гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ҳақида ҳам маълумот келтирди.
Унинг сўзларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 8653 та жиноят иши қўзғатилган. Жиноий гуруҳлар ва алоҳида шахслардан 2 тонна 733 кг гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган.
Ушбу миқдорнинг 52 кгдан ортиғини синтетик гиёҳвандлик воситалари ташкил этган. Бундан ташқари, 2651 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси мусодара қилинган.
«Агар аввал чегарани ноқонуний кесиб ўтиш оддий усулларда амалга оширилган бўлса, эндиликда айрим жиноий гуруҳлар замонавий техник воситалардан фойдаланиб, юқорида айтилгандай, ерости тоннеллари қуриш орқали давлат чегарасини яширин кесиб ўтишга ҳаракат қилмоқда», — деди сенатор.
Сенатор Гулбар Сулаймонова Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида 500 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини жойлашгани ва у ерда қарийб 2 млн киши яшашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, хавфсизликни таъминлаш учун чегара қўшинлари, ИИВ, ДХХ, божхона органлари, маҳаллалар ва чегараолди ҳудудлари аҳолиси ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур.
Муҳокама якунларига кўра, сенаторлар қонунни маъқуллади.
