Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган уч нафар фуқароларнинг охиргиси — отанинг ҳам жасади топилди ва қидириш бўйича қидирув операцияси якунланди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

Сўнгги жасад 10 сентябрь куни соат 13:35 да Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ғаввослари томонидан топилди.

Эслатиб ўтамиз, бахтсиз ҳодиса 2 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида содир бўлган эди. Катерда сайр қилиш пайтида оила аъзоларидан бири чўмилиш учун сувга тушган. Қутқарув нимчаси бўлмагани учун у чўккан ва унга ёрдам бериш мақсадида акаси ва отаси ҳам сувга тушишган. Оқибатда учаласи ҳам чўкиб кетишган.

Кичик ўғлининг жасади кеча, 9 сентябрь куни, катта ўғилнинг жасади эса 10 сентябрь куни ФВВ ғаввослари томонидан топилди.

«Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор ташкил этилган штаби, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг қўшимча куч ва воситаларини жалб қилиш, шунингдек, энг янги замонавий қидирув ускуналарини ишга солиш орқали қидирув ишлари самарадорлигига эришилди. Сув омборининг ҳажми катталиги ҳамда унинг чуқурлигига қарамай, чўкиб кетганларни қидириш ишлари нисбатан қисқа вақт ичида якунланди», — дейилади вазирлик хабарида.