• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Таиланд визасини Тошкентдан чиқмасдан олиш мумкин бўлади — консулхона изоҳи


Таиланд 15 сентябрдан Ўзбекистон фуқаролари учун 60 кунлик визасиз кириш тартибини бекор қилади. Аввалроқ виза йиғимини тўлаш учун Таиланднинг Москвадаги элчихонасига бориш талаб этилиши хабар қилинган эди.

Бу виза олиш учун аризаларни айнан Россиядаги элчихона кўриб чиқиши ва унинг юрисдикциясига Ўзбекистон ҳам кириши билан боғлиқ.

Gazeta тафсилотларни аниқлаштириш учун Таиланднинг Тошкентдаги фахрий консулхонасига мурожаат қилди. У ерда туристлар учун йиғимни тўлашнинг бир нечта варианти бўлиши ва Москвага бориш шарт эмаслиги айтилди.

Хусусан, Россиядаги элчихонага шахсан боришдан ташқари, виза йиғими ва қўшимча хизматлар учун тўловни Ўзбекистонда Lilavadi Consult курьерлик-консалтинг компанияси орқали амалга ошириш мумкин. Шунингдек, буни Москвадаги танишлар орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Улар йиғимни АҚШ долларида нақд пулда тўлаши мумкин.

Вақт ўтиши билан ушбу хизмат тўлиқ онлайн шаклда ҳам тақдим этилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Gazeta`га мамлакат фуқаролари учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича Таиланд томони билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Виза қандай расмийлаштирилади?

Таиланд визаси Thai E-Visa тизими орқали расмийлаштирилади (эътиборли бўлиш керак: қидирув тизимлари орқали бошқа сайтларга кириб қолиш мумкин). Ҳозирча Ўзбекистон фуқаролари учун сайтда виза талаб этилмаслиги кўрсатилган.

Анкетани ариза берувчининг ўзи ёки вакили (масалан, сайёҳлик фирмаси) тўлдириши мумкин. Унда сафар мақсади ва йўналиши, алоқа маълумотлари, шунингдек, жорий иш жойи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Аризага паспорт, хорижга чиқиш паспорти (унда камида иккита бўш саҳифа бўлиши керак), бориш ва қайтиш авиачипталари (ёки авиакасса муҳри ва ходимнинг асл имзоси қўйилган брон қилиш тўғрисидаги ҳужжат) ҳамда Таиландда яшаш жойи тасдиғи каби бир қатор ҳужжатлар саҳифаларининг нусхалари илова қилинади. Бундан ташқари, сўнгги олти ой ичида олинган 4×6 см ўлчамдаги фотосурат керак бўлади.

Шунингдек, молиявий маблағлар мавжудлигини тасдиқлаш талаб этилади. Охирги уч ойда маблағларнинг кирими ва сарфланиши, шунингдек, ариза тўлдирилган кун ҳолатига ҳисобдаги қолдиқ маблағ кўрсатилган инглиз тилидаги банк кўчирмасининг асл нусхаси (ёки нотариал тасдиқланган таржимаси билан кўчирма) талаб қилинади. Картада ҳар бир киши учун камида 20 минг тай бати (700 доллардан камроқ) бўлиши керак. Кредит карталари бўйича кўчирмалар қабул қилинмайди.

Вояга етмаганлар учун ариза берувчи (ота-она) ҳисоб рақамида камида 40 минг бат (тахминан 1400 доллар) қолдиқ мавжудлиги тўғрисидаги кўчирмани тақдим этишга рухсат берилади. Агар фарзандлар сони кўпроқ бўлса, ҳар бир бола учун камида 20 минг бат бўлиши керак.

Анкета топширилгандан сўнг тизим QR-код ва консуллик йиғимини тўлаш учун реквизитлар кўрсатилган тасдиқловчи ҳужжатни (confirmation) шакллантиради. Уни чоп этиш керак.

Тўпланган ҳужжатлар билан йиғимни тўлашда воситачи бўладиган компанияга мурожаат қилиш лозим. Ҳозирча виза расмийлаштириладиган сайт Ўзбекистон банкларининг карталарини қабул қилмайди.

Компанияда шартнома ва ишончнома имзоланиши, сўнг тўлов амалга оширилиши керак (буни QR-код орқали амалга ошириш мумкин). Жараён 5−10 дақиқадан ортиқ вақт олмаслиги кутилмоқда.

Йиғимни тўлаш усуллари

Таиланднинг фахрий консулхонаси маълумотига кўра, виза йиғими 40 долларни (тахминан 480 минг сўм) ташкил этади.

Ариза берувчи юқорида қайд этилганидек, тўловни уч хил усулда амалга ошириши мумкин:

  1. Таиланднинг Москвадаги элчихонасида мустақил равишда;
  2. Москвадаги танишлари орқали. Улар Таиланд элчихонасида (Москва вақти билан иш кунлари соат 9:30 дан 12:30 гача) электрон виза сайтида квитанция берилган пайтдан бошлаб 14 кун ичида йиғимни тўлаши мумкин;
  3. Тошкентдаги Lilavadi Consult компанияси орқали. Компания тўловни сўмда нақд пулсиз ўтказма орқали қабул қилади. Хизмат ҳақи (виза йиғимига қўшимча равишда) — 420 минг сўм.

Сайёҳлик визаси онлайн шаклда берилади ва паспортга ёпиштирилмайди. Бу визани расмийлаштириш учун паспортни Москвадаги элчихонага топшириш талаб этилмаслигини англатади.

Қўшимча ҳужжатлар:

  • вояга етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси; боланинг хорижга чиқиши учун ҳар икки ота-она ёки қонуний вакилнинг нотариал тасдиқланган розилиги (агар бола мустақил равишда ёки фақат ота-онасидан бири ҳамроҳлигида чиқиб кетса); ота-оналар (қонуний вакиллар) паспортларининг нусхалари;
  • ишловчи ариза берувчилар учун: иш жойидан лавозими, иш стажи ва таътил берилгани кўрсатилган маълумотнома;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар/ўзини ўзи банд қилганлар учун: тадбиркорлик фаолияти давлат рўйхатидан ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжат;
  • талабалар учун: ўқув муассасасидан таълим олаётганини тасдиқловчи маълумотнома.

Инглиз тилидан бошқа тилда тузилган барча ҳужжатлар нотариал тасдиқланган инглиз тилидаги таржимаси билан тақдим этилиши керак.

Элчихонанинг консуллик ходимлари қўшимча ҳужжатларни сўраш ёки ариза берувчини суҳбатга таклиф қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Электрон почта орқали олинган визани Таиландга киришда чегара назорати ходимига тақдим этиш учун чоп этиш керак.

Виза уч ой муддатга берилади. Бироқ Таиландда қолиш муддати виза турига мувофиқ чегара назорати ходими томонидан белгиланади.

Барча зарур маълумотларни олиш ва саволларга жавоб олиш мумкин бўлган Telegram бот яратилиши кутилмоқда.

Визани олиш учун умумий ҳисобда қанча вақт кетиши ҳақида Gazeta аниқ маълумот ололмади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *