• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Экополиция бош мутахассиси ҳуқуқбузарларга қарши кураш пайтида ҳалок бўлди


Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) Айдар-Арнасой кўллар тизимини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлди.

Маълумотларга кўра, Мирзо Ботиров 9 сентябрь куни тунги соат 23:00 да Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган ва натижада сувга тушиб кетган. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ишлари натижасида бугун, 10 сентябрь куни инспекторнинг жасади топилди.

Айни дамда марҳумнинг оила аъзоларига зарур моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, шунингдек, воқеанинг барча тафсилотларини ўрганиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

«Мирзо Ботиров умрини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишлади. Унинг табиатни муҳофаза қилиш ва экологик қонунчилик талабларини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари ҳамда кўрсатган жасорати муносиб баҳоланиб, “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан вафотидан сўнг тақдирланади.

Мирзо Ботировнинг хотираси қалбларимизда абадий сақланади», – дейилади қўмита томонидан берилган расмий ахборотда.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ва Xabar.uz ахборот таҳлилий портали Мирзо Ботировнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *