6 сентябрь куни Германиянинг Саксония-Анҳальт федерал парламентга (ландтаг) бўлиб ўтган сайлов натижалари кенг жамоатчиликда катта акс-садо берди. Ўнг қанот радикал «Германия учун альтернатива» (AfD) партияси 43,8% овоз тўплаб, ишончли ғалабага эришди. Мазкур ҳудудда бошқарувни қўлда ушлаб турган Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) эса бор-йўғи 17,2% овоз олди. Канцлер Фридрих Мерц сайловлардан сўнг Германия партиявий тизимида «тектоник силжиш» юз берганини маълум қилди.
AfD мутлақ кўпчилик ўринга эга бўлолмагани сабабли партия коалицион ҳукумат тузишга мажбур. Германиянинг етакчи партиялари, жумладан, ХДИ ҳам «брандмауэр» сиёсатига амал қилади — Германияда ўта ўнг қанот партиялар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш шундай аталади. Бироқ бундан аввалроқ «Сара Вагенкнехт иттифоқи» ҳамкорликка тайёрлигини билдирганди.
Биз «Декодер» онлайн нашри муҳаррири Дмитрий Карцев билан сайлов натижалари, ҳукуматни шакллантиришнинг эҳтимолий сценарийлари ҳамда AfD таъсири кучайишининг Германия партиявий тизими учун оқибатларини муҳокама қилдик.
— Германия сиёсий тизими билан таниш бўлмаганлар учун, илтимос, қисқача тушунтириб берсангиз: нега Саксония-Анҳальтдаги сайловлар бу қадар катта қизиқиш уйғотди?
— Бу қизиқиш Германия махсус хизматлари томонидан ўнг қанот экстремистик сифатида таснифланган ультраўнг «Германия учун альтернатива» (AfD) партиясининг сайловларда ғалаба қозониш имконияти билан боғлиқ эди. Шу билан бирга, гап шунчаки ғалаба ҳақида эмас (бундай ҳолат партия тарихида икки йил аввал Тюрингияда — у ҳам мамлакат шарқида — кузатилганди), балки овозларнинг мутлақ кўпчилигини қўлга киритиб, мустақил равишда ҳукумат тузиш имконияти ҳақида борди. Ҳозирга қадар ҳеч қайси минтақада бундай ҳолат бўлмаган.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Германиянинг қолган барча партиялари AfD билан ҳамкорлик қилишдан — коалиция тузишдан ҳам, биргаликда овоз беришдан ҳам қатъиян бош тортиб келган.
— Оммавий ахборот воситалари репортажларида кўрганимиз — рақамлар шаклидаги натижаларни четга суриб турадиган бўлсак, ушбу сайлов якунларини қандай баҳолаган бўлардингиз? Бу айнан Саксония-Анҳальт учун нимани англатади?
— Айнан Саксония-Анҳальт учун бу натижа шуни кўрсатадики, айни пайтда AfD ушбу федерал ернинг барча ҳудудларида энг оммабоп партия бўлиб турибди. Бундан ташқари, у деярли барча ижтимоий-демографик гуруҳларда пешқадам. Илгари Германияда бундай кучларни «фолькспартиялар», яъни аҳолининг деярли барча қатламларини бирлаштира оладиган «халқ партиялари» деб аташарди.
Шунингдек, мен AfD рекорд даражадаги давомат — қарийб 78% иштирок шароитида ғалаба қозонганига ҳам эътибор қаратган бўлардим. Партия илгари сайловларга бормаган одамларни ўзига жалб қила олди. Бу одамлар «барибир христиан-демократлар ёки социал-демократлар ютади, ҳаммаси яхши бўлади» деган фикр билан эмас, балки аввал ҳеч кимни маъқул кўрмагани учун сайловга чиқмас эди. «Германия учун альтернатива» эса уларга ёқди.
Шунга кўра, ҳозирда илк бор AfD`нинг ушбу ерда ҳукумат тузиш учун жиддий имкониятлари пайдо бўлди. Бундан кейин бир нечта эҳтимолий йўллар очилади:
Биринчи йўл: «Сара Вагенкнехт альянси» билан биргаликда кўпчилик ҳукуматини тузиш. Бу Россияпараст, иқтисодий ва ижтимоий масалаларда сўл қанот қарашларига эга бўлган, шу билан бирга, миграцияга қаттиқ қарши чиқувчи партиядир.
Иккинчи йўл: Яширин овоз беришда бош вазирлик учун «Германия учун альтернатива» номзоди Ульрих Зигмундга овоз берадиган бошқа партия «қочоқлари» ҳисобига кўпчилик ҳукуматини шакллантириш. Бундай «қочоқлар» у ёки бу қонун лойиҳаси бўйича кейинги овоз бериш жараёнларида дарҳол фош бўлади.
Учинчи йўл: Озчилик ҳукумати. Бунинг учун расмий тартиб-таомиллар мавжуд ва назарий жиҳатдан бу юз бериши мумкин. Аммо бунга «Германия учун альтернатива»нинг ўзи рози бўладими-йўқми, ҳозирча номаълум, чунки озчилик ҳукумати учун қонун лойиҳаларини ўтказиш жуда мураккаб кечади. Нимадир қўлидан келади, нимадир йўқ. Шунинг учун бу модель иш бериши ҳам аниқ эмас.
— AfD`нинг ғалабалари ва юқори натижалари энди янгилик эмас. Бироқ ҳар сафар бу кенг акс-садо уйғотмоқда ва уларни кутилмаган деб аташмоқда. Наҳотки бу натижалар — айниқса, маҳаллий даражада — ҳақиқатан ҳам шу қадар кутилмаган бўлса?
— AfD`нинг айнан олган натижасини мен кутилмаган деб айтолмайман — ижтимоий сўровномалар уларнинг ғалаба қозониш эҳтимоли жуда юқори эканини кўрсатиб турган эди. Бошқа икки омил кутилмаган ҳол бўлди.
Биринчидан, Сара Вагенкнехтнинг муваффақияти. Сайловгача унинг партиясини «кўмиб бўлишган» эди, бироқ у зарур бўлган 5 фоизли барьерни ошиб ўтди. Бу — кутилмаган ҳолат, чунки унинг қарама-қарши баёнотлари, жумладан, «альтернатива» билан ҳамкорлик ҳақидаги сўзлари сайловчиларни ундан узоқлаштириши керакдек туйилганди. Амалда эса, аксинча, турли тоифадаги аҳолини ўзига жалб қилди ва Вагенкнехт у ер-бу ердан ўзига тарафдорлар тўплай олди.
Иккинчидан, бу христиан-демократларнинг қай даражада қулагани бўлди. Сўровномалар уларга амалда олган натижасидан қарийб 5 фоиз кўпроқ овоз берилаётганини кўрсатганди. Гап 20−22 фоизли эҳтимолий натижа ҳақида бораётганди. Бироқ якунда улар бор-йўғи 17,2 фоиз овоз олди, бу эса энг пессимистик прогнозлардан ҳам паст кўрсаткичдир.
Бу ерда контекстни ҳам тўғри тушуниш керак. Бутун Германия бўйлаб ҳукмрон федерал партияларнинг рейтинглари кескин тушиб кетди. 2025 йилда Бундестаг (Германия федерал парламенти)га сайловлар ўтказилганда, Саксония-Анҳальт бўйича натижалар тахминан худди шундай бўлган эди. Лекин яна бир қадам орқага ташласак, манзара янада қизиқроқ бўлади: 2021 йилда Саксония-Анҳальт ландтагига ўтказилган сайловларда ХДИ 37,1% овоз тўплаганди. Яъни маҳаллий христиан-демократлар федерал партиянинг ўзидан кўра анча оммабопроқ эди. 6 сентябрдаги сайловлар эса бу сафар улар федерал партиядан норозилик кайфиятини юмшата олмаганини кўрсатди.
— AfD`нинг бу галги натижаси аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади? Бу сафар партия узоқ муддатли сиёсий ютуқларга даъвогарлик қила оладими?
— Ҳа, даъво қила олади. Айнан «анъанавий партиялар» учун вазият ўта ноқулай тус олгани сабабли шундай. Муаммо фақатгина Саксония-Анҳальтда эмас. Асосий муаммо — бутун Германия бўйлаб христиан-демократлар ва социал-демократлар жуда обрўсизланиб кетганида.
Мерц ҳукумати даврида ХДИ/ХСИ (Христиан-ижтимоий иттифоқи) рейтингининг тушиши қарийб 10% ни ташкил этди. Социал-демократлар рейтингининг пасайиши у қадар катта бўлмаса-да (жами 4%), лекин уларнинг дастлабки кўрсаткичларини ҳисобга олганда, бу христиан-демократларники билан тенг йўқотиш демакдир. Уларнинг асосий бошоғриғи ҳам шунда.
AfD учун эса бу ўзларини нафақат қонун чиқарувчи, балки ижроия ҳокимиятига ҳам жиддий даъвогарлик қилаётган куч сифатида намоён этиш имкониятидир. Улар ХДИ ичида AfD билан ҳамкорлик қилиш масаласида ички бўлиниш келтириб чиқариш мақсадида унга босим ўтказишга уриниши мумкин. Ёки улар ҳукумат коалициясини парчалаб, муддатидан олдин сайловлар ўтказилишига эришишга ҳаракат қилади. Улар амалдаги коалиция ишлай бошлаганидан бери ўз олдиларига айнан шу мақсадни қўйиб келмоқда.
Ҳозирда анъанавий партиялар рейтинглари тушиб бораётгани атрофида шаклланган медиа муҳити уларга бундай имкониятни тақдим этмоқда. Сўнгги беш йил ичида биринчи марта ХДИ рейтинги 20% дан кам эканини кўрсатган сўровнома натижаси эълон қилинди. Бу тахминан Мерц партия раҳбарлигига келган вақтдаги натижа билан тенгдир. Яъни у партияни ўша пайтдаги анча ачинарли деб ҳисобланган ҳолатга қайтармоқда.
Агар AfD ҳукуматни шакллантирган тақдирда нималар бўлиши мумкинлиги ҳақида аниқроқ тўхталадиган бўлсак, вазият қуйидагича: агар партия ўз ҳукуматини тузса, икки хил йўл тутиши мумкин.
Биринчи йўл: Сокин ҳолда бошқариш ва Германия Конституциясига зид келмайдиган қонунларни қабул қилиш. Бу чоралар кимларгадир ёқмаслиги, шов-шувли бўлиши мумкин, лекин расман қонун доирасида қолади. Масалан, мактабларда камалак рангли байроқларни тақиқлаш (бу уларнинг энг севимли дастурий ваъдаларидан бири), мактабларда рус тилини ўқитишни кенгайтириш, партияга ёқмайдиган — масалан, гендер ёки постмустамлакачиликка оид тадқиқотларни минтақавий бюджетдан молиялаштиришни қисқартириш. Буларнинг барчаси федерал ер ҳукумати ваколатига киради ва ўз-ўзидан Асосий қонунга зид келмайди. Бу шов-шувли, лекин радикал қадамлар эмас.
Иккинчи йўл: Конфронтация йўлини тутиш. Масалан, қочқинларни қабул қилишни амалда тўхтатишга уриниш, шамол энергетикасини ривожлантиришни қандайдир йўл билан секинлаштириш ёки полиция ваколатларини, жумладан, қочқинларга қарши курашиш учун кенгайтириш. Бундай ҳолатда федерал ҳукумат олдида «маҳаллий ер ишларига аралашиш керакми-йўқми?» деган савол кўндаланг бўлади.
Бироқ бу тўлақонли конституциявий инқирозни келтириб чиқаради. Биринчидан, бундай аралашув имконияти Асосий қонунда ҳақиқатан ҳам кўзда тутилган, лекин уни амалга ошириш жуда мураккаб. Иккинчидан, бунинг ўзи катта сиёсий ҳаракат бўлади. Федерал ҳукуматнинг рейтинглари паст бўлган бир шароитда, бу кутилмаган ва олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.
— Сизнингча, AfD анъанавий партияларнинг улар билан ҳамкорлик қилмаслик принципини синдира оладими?
— Бундай эҳтимол бор, лекин юқорида таъкидлаганимдек, ҳозирча кўпроқ «йўқ» деган жавоб тўғри келади.
AfD вакили ХДИ ичидаги баъзи одамларнинг — масалан, христиан-демократлар ичидаги «ўзгача фикрловчилар», диссидентлар ёки қаршиларнинг овозлари эвазига сайланиши мумкин. Аммо шундан кейин савол туғилади: улар бундай овоз беришдан кейин нима қилади? Агар улар ХДИдан чиқиб, AfD`га қўшилса ёки партиясиз бўлиб қолса, бу ҳали «брандмауэр»нинг бузилганини англатмайди. Аммо улар ХДИда қолиб, шу билан бирга мунтазам тарзда AfD билан бирга овоз беришда давом этса, бу энди тамомила бошқача ҳолат бўлади.
Шу билан бирга, менимча, AfD`нинг ҳар қандай ошкора институционал тузилмаларга қарши ташаббуслари ҳеч кимда хайрихоҳлик ёки унга қўшилиш истагини уйғотмайди. Аммо агар партия Асосий қонун доирасида нимадир қилишга ҳаракат қилса, балки унга кимдир қўшилиши мумкин. Бу «юмшоқ ҳамкорлик» кўринишига айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Бироқ бу ҳолатда AfD`нинг ўзи ўз радикал сайловчиларининг бир қисмини йўқотиш хавфига дуч келади — улар партия оппортунистга айланиб қолди, унга фақат ҳокимият керак, деган хулосага келишлари мумкин. Яъни AfD ҳам анча мураккаб вазиятда қолмоқда. У мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмади ва энди ўз муваффақиятини қандай тасарруф этиш ҳақида бош қотириши зарур.
Партия ичида бу борада турли қарашлар мавжуд. Берлиндаги федерал раҳбарият барибир ҳукуматни бошқаришга уриниб кўриш керак деб ҳисоблайди. Саксония-Анҳальтдаги маҳаллий етакчиси Ульрих Зигмунд эса, тушунишимча, озчилик ҳукуматига раҳбарлик қилишни унчалик хоҳламаяпти. Қўллаб-қувватловсиз у коалицион бошқарувга ҳам боришни истамайди. Яъни у озчилик бўлиб ҳукмронлик қилмоқчи эмаслиги аниқ.
Шунинг учун вазият анча мураккаб.
— Фридрих Мерц сайловлардан кейин Германия партиявий тизимида «тектоник силжиш» юз берганини эълон қилди. Ушбу баёнотни қандай баҳолайсиз? Бу тизимли ўзгаришлар бошланишидан дарак берувчи баёнотми ёки ортидан ҳеч қандай тизимли қадамлар ташланмайдиган дипломатик тарздаги мағлубият тан олинишими?
— Бир нима дейиш қийин, чунки вазият жуда шиддат билан ривожланмоқда ва мен қатъий башоратлар қилишдан қочган бўлардим.
Мерцда ҳозир келажак учун бир нечта эҳтимолий сценарийлар бор. Улардан бири — ўз партияси унга қарши исён кўтариши ва амалдаги коалицияни сақлаб қолган ҳолда унга истеъфога чиқишни таклиф қилиши мумкин. У, табиийки, бундай сценарийнинг олдини олишни хоҳлайди.
Христиан-демократларнинг AfD билан ҳамкорликка бориши сценарийси, яна бир бор айтаман, жуда катта муаммоларга эга. Бу ХДИ/ХСИга сайловчиларнинг қайтишини кафолатламайди. Менимча, бунинг эҳтимоли жуда катта эмас. Бундан ташқари, у энди Мерцнинг ХДИси бўлмай қолади. У AfD билан ҳамкорлик қиладиган партияга раҳбарлик қилмайди. У бундай ҳамкорликка асло бормаслигини кўп марта таъкидлаган ва нима уни ўз фикрини ўзгартиришга мажбур қилиши мумкинлигини тасаввур қилишим қийин.
Менимча, унинг ҳозирги бош сиёсий хабари — «келинг, яна озгина сабр қилайлик» деган даъватдан иборат. Чунки Германия иқтисодиёти, ўта ноқулай шароитга қарамай, гўёки бироз тикланиш белгиларини кўрсатмоқда. Ўсишнинг илк рақамлари кўринди, экспорт ошаётгани аломатлари пайдо бўлди. Умуман олганда, иқтисодиёт Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият, иссиқ ёз ва бошқа омилларга қарамай, қандайдир ижобий сигналлар бера бошлади.
Яъни бу — ислоҳотлар натижасини кутиш кераклиги ҳақидаги гап, чунки ислоҳотлар барибир кетмоқда. Бошқа масала — сабр етарли бўладими? Айниқса, Мерцнинг ўзи коммуникатор сифатида вазиятни тинчлантирмай, аксинча, жаҳлни чиқараётганини ҳисобга олсак. У доимо жамиятни асабийлаштираётгандек ва тинч эмас, қўшимча хавотирли муҳитни яратаётгандек таассурот уйғотади. Шу сабабли сабр етадими-йўқми, бунга ишончим комил эмас. Кўрамиз.
Ҳозир Мерцда танлов унчалик кўп эмас. Улар амалдаги коалиция ичида ва амалдаги коалицион ҳамкорлар билан келишиб олишга уринишлари керак. Яна бир вариант — коалициянинг тарқалиши ва қайта сайловлар. Аммо бу ҳам оғир йўл бўлиб, христиан-демократларга ҳеч қандай яхши нарсани ваъда қилмайди.
— Яқин йилларда Германия партия тизимидаги кучлар мувозанатида жиддий ўзгаришлар бўлишини кутяпсизми? Ёки Саксония-Анҳальтдаги натижани барибир бутун Германияга тўғридан тўғри кўчириб бўлмайдими?
— Саксония-Анҳальт натижасини бутун Германияга асло тўғридан тўғри кўчириб бўлмайди. Кичикни каттага тенглаштириб бўлмайди. Саксония-Анҳальт ҳам, бошқа ҳар қандай немис ери каби, бутун мамлакатни тўлиқ акс эттирмайди. Германия бу маънода жуда федераллашган давлат бўлиб, ҳар бир ер — алоҳида дунё демак. Гарчи, албатта, умумий тенденциялар ҳам мавжуд бўлса-да: масалан, «альтернатива»нинг ўсиши, эски партияларнинг пасайиши ва ҳоказо.
Ўйлайманки, ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ҳозир улар қайси йўналишда ҳаракатланишини тахминан тасаввур қилиш мумкин.
Кўринишидан, нафақат «альтернатива», балки сўллар — Die Linke партияси ҳам радикаллашади. Чунки радикал мухолифатда бўлиш ҳозир сиёсий очколар келтираётгандек. Кўриниб турибдики, уч томонлама марказ шаклланади: социал-демократлар, «яшиллар» ва христиан-демократлар, чунки энди иккита партиянинг ўзи кўпчиликни ташкил қилишга етмай қолмоқда.
«Яшиллар», эҳтимол, эндиликда ўзларини марказчилик ва ўзгаришларга интилишни ўзида бирлаштирган энг ишончли куч сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Аммо бу уларнинг қўлидан келадими-йўқми — катта савол, чунки уларнинг антирейтинги ҳали ҳам жуда юқори. Хусусан, менимча, «альтернатива»нинг бундай кучли ғалабага эришганининг сабабларидан бири шундаки, кўплаб сайловчилар сайлов олдидан «яшиллар»нинг кўрсаткичлари ўсаётганини кўриб, уларни ёқтирмаганлари сабабли атайлаб «альтернатива»га овоз берди.
Энг асосий савол — ХДИ билан нима содир бўлади? У қандай ривожланади? У ерда катта ички парчаланиш юз бермайдими?
Иккинчи муҳим савол — агар «альтернатива» ҳокимият тепасига келса, унинг ўзи билан нима бўлади? Чунки биз уни ҳали ҳокимиятда кўрмадик. Мен ҳозирча ер даражасидаги, яъни Саксония-Анҳальтдаги ҳокимиятни назарда тутяпман. Бу ҳам партиянинг ўз ичида муаммолар ва бўлинишларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас, чунки ҳокимият — доимо оғир синов. Тажриба бўлмаганида, ишлар мутлақо кутилмаган тарзда кечиши мумкин.
Шунинг учун вазиятни кузатамиз. Ўзгаришлар, катта эҳтимол билан, бўлади. Лекин мен учун «альтернатива»нинг федерал даражада ҳокимиятга келиши муқаррар эмас. Аниқроғи, мен бундай деган бўлардим: мен учун «альтернатива»нинг барқарор ва кучли ҳокимиятга келиши аниқ факт эмас.
Улар қандайдир чекланган шаклда — масалан, озчилик ҳукумати орқали ёки бошқа бирор ролда ҳокимиятга келишлари мумкин. Аммо ҳозирча уларнинг Германия сиёсатида мутлақ ҳукмрон кучга айланаётганини кўрмаяпман. Ҳозир кўпчилик бу ҳақда ўйламоқда ва шуни кутмоқда, бунга кўп нарса ишора қилаётгандек ҳам туйилади. Аммо чуқурроқ назар ташланса, ҳозирча ундай эмас.