Тошкентда 1 октябрдан жамоат транспортида бир марталик йўл ҳақини электрон тўловда 2 500 сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Нақд пулда тўлов тарифини эса 3 000 сўм миқдорида сақлаб қолиш режалаштирилган. Тошкент шаҳар Кенгаши қарори лойиҳаси 19 сентябрга қадар муҳокама учун жойлаштирилган.
Лойиҳага кўра, янги чекланган тарифларни пойтахтдаги автобус йўналишлари ва метрополитенда жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бир марталик сафар учун электрон тўловда, рағбатлантирувчи чегирмани ҳисобга олган ҳолда, йўловчи 47 фоиз кўпроқ — 2 500 сўм (ҳозир 1 700 сўм), нақд пулда эса 3 000 сўм тўлайди. Багаж олиб юриш ҳақини 4 000 сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Барча суммалар ҚҚС билан кўрсатилган.
Электрон йўл ҳақи тарифини ошириш жамоат транспортини субсидиялаш харажатлари ортиб бораётган бир пайтда таклиф қилинмоқда. Прогнозга кўра, 2026 йилда кўрсатиладиган хизматлар ҳажми 2,3 трлн сўмни ташкил этса, йўл ҳақи тўловларидан тушум атиги 630 млрд сўм ёки қарийб 27,4 фоизни ташкил қилади. Бюджетдан молиялаштиришга бўлган эҳтиёж эса тахминан 1,7 трлн сўмга баҳоланмоқда.
Лойиҳада транспорт карталари учун сафарлар сонига қараб янги тариф режалари, шунингдек, бир соат ичида жамоат транспорти турлари ўртасида алмашиб ўтилганда имтиёзли ва бепул тарифларни жорий этиш ҳам назарда тутилган.
Фақат автобусларда сафар қилиш учун қуйидаги чекланмаган тарифлар таклиф этилмоқда:
- 1 кунга (6 та сафар) — 11,5 минг сўм, 23% чегирма;
- 5 кунга (22 та сафар) — 42,5 минг сўм, 23% чегирма;
- 7 кунга (28 та сафар) — 54 минг сўм, 23% чегирма;
- 10 кунга (44 та сафар) — 84,5 минг сўм, 23% чегирма;
- 15 кунга (66 та сафар) — 127 минг сўм, 23% чегирма;
- 20 кунга (88 та сафар) — 169,5 минг сўм, 23% чегирма;
- 30 кунга (130 та сафар) — 250 минг сўм, 23% чегирма;
- 1 ойга (130 та сафар) — 250 минг сўм, 23% чегирма;
- 3 ойга (390 та сафар) — 682,5 минг сўм, 30% чегирма;
- 6 ойга (780 та сафар) — 1,17 млн сўм, 40% чегирма;
- 1 йилга (1560 та сафар) — 1,95 млн сўм, 50% чегирма.
Автобус ва метрода сафар қилиш учун қуйидаги чекланмаган тарифлар таклиф этилмоқда:
- 1 кунга (7 та сафар) — 13,5 минг сўм, 23% чегирма;
- 5 кунга (30 та сафар) — 57,5 минг сўм, 23% чегирма;
- 7 кунга (38 та сафар) — 73 минг сўм, 23% чегирма;
- 10 кунга (60 та сафар) — 115,5 минг сўм, 23% чегирма;
- 15 кунга (90 та сафар) — 173 минг сўм, 23% чегирма;
- 20 кунга (120 та сафар) — 231 минг сўм, 23% чегирма;
- 30 кунга (180 та сафар) — 345 минг сўм, 23% чегирма;
- 1 ойга (180 та сафар) — 345 минг сўм, 23% чегирма;
- 3 ойга (540 та сафар) — 945 минг сўм, 30% чегирма;
- 6 ойга (1080 та сафар) — 1,62 млн сўм, 40% чегирма;
- 1 йилга (2160 та сафар) — 2,7 млн сўм, 50% чегирма.
Бундан ташқари, тўлиқ нархга нисбатан 23 фоиз чегирма билан сафар пакетларини жорий этиш таклиф қилинмоқда:
- 10 та сафар — 19 минг сўм;
- 20 та сафар — 38,5 минг сўм;
- 30 та сафар — 57,5 минг сўм.Лойиҳада бир соат ичида транспорт алмаштиришдаги чегирмалар тизимини сақлаб қолиш таклиф қилинмоқда. Фақат автобусларда сафар қилинганда биринчи сафар 2 500 сўм, иккинчиси 1 500 сўм бўлади, бир соат ичидаги учинчи ва ундан кейинги сафарлар эса бепул бўлади.
Автобус ва метро биргаликда ишлатилганда ҳам биринчи сафар 2 500 сўм, кейинги алмашиб ўтишлар эса сафарлар кетма-кетлигига қараб 1 500 сўм ёки бепул бўлади. Бир соатлик тариф доирасида метродан фақат бир марта фойдаланиш таклиф этилмоқда. Метрога қайта кирилса, 60 дақиқалик вақт янгидан ҳисоблана бошлайди.
Август ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш институти жамоат транспорти тарифларини босқичма-босқич иқтисодий асосланган даражага яқинлаштиришни таклиф қилган эди.
Институт маълумотларига кўра, 2026 йилда жамоат транспорти учун субсидиялар 1,385 трлн сўмга етган. Тошкентда транспорт тизими харажатларининг 65,1 фоизи субсидиялар ҳисобидан қопланмоқда. Шунингдек, кам юкланган йўналишларни оптималлаштириш ва ташувчиларга тўловларни хизмат сифати кўрсаткичларига боғлаш таклиф қилинган.
Тошкент жамоат транспортида йўл ҳақи сўнгги марта 2023 йил ноябрда 1 400 сўмдан 1 700 сўмга оширилган эди.
