Гавҳар Зокирова 1949 йил 10 сентябрда, Тошкент вилоятининг Нурафшон туманида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, Тошкентдаги Политехника олийгоҳида ўқиган. 1971 йилда Тошкент давлат театр ва рассомлик институтини тамомлаган. 1971 йилдан буён Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)нинг актрисаси бўлган Гавҳар Зокированинг илк ижроси ««Парвоз» спектаклида бўлган.

У «Отелло», «Абу Райҳон Беруний», «Келинлар қўзғолони», «Соҳибқирон Темур», «Нажот Истаб» ва «Ўзгалар дарди» каби 100 дан ортиқ спектаклларда роль ўйнаган. «Бой ила Ҳизматчи» спектаклидаги Гулбаҳор образи боис Ҳамза номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.

Актриса 1978−1988 йилларда «Тўйлар муборак», «Олмос камар», «Болалик бекатидаги поезд» («Поезд со станции детства»), «Тепалик» фильмларида суратга тушган. 1990 йиллари бўлса «Тангалик болалар», «Темир эркак», «Тилсимой — ғаройиб қизалоқ» номли киноларда иштирок этган. Бундан ташқари, у «Севинч», «Сарвиноз» ва «Кулба» номли фильмларда ҳам қатнашган.

Сана муносабати билан Gazeta Гавҳар Зокированинг фильмлари асосида тест тайёрлади.