Европанинг Copernicus иқлим ўзгаришини кузатиш хизмати маълумотларига кўра, 2026 йилнинг августи бутун кузатувлар тарихидаги дунё бўйича рекорд даражада энг иссиқ ой бўлди.
Ушбу ойда дунё бўйича ўртача ҳаво ҳарорати +16,96 даражани ташкил этди. Бу кўрсаткич 2023 йил июль ойида ўрнатилган аввалги рекорддан (+16,95) ошиб кетди, шунингдек, саноатгача бўлган давр (1850−1900 йиллар)даги ўртача ҳароратдан +1,65 даража юқори бўлди.
Инфографика: ECMWF
Copernicus`га кўра, дунё океани юзаси ҳарорати ҳам августда рекорд даражага — +21,11 даражага етган. Аввал бундай кўрсаткич фақат 2024 йилнинг мартида қайд этилганди. Copernicus таҳлилчилари буни «қазилма ёқилғини ёқиш билан боғлиқ глобал исиш», шунингдек, Тинч океанида ҳар бир неча йилда юзага келиб, ҳарорат кўтарилиши ва қурғоқчиликка сабаб бўлувчи «айниқса, кучли» Эл-Ниньо феномени билан изоҳламоқда.
«2026 йил августи глобал иқлим кузатувлари тарихида алоҳида аҳамиятга эга ой бўлди. У ҳам энг иссиқ август, ҳам кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой сифатида қайд этилди… Қутбдан ташқари океанлар юзасининг рекорд ҳарорати ва Ғарбий Европадаги энг иссиқ ёз билан биргаликда ушбу кузатувлар иқлим ўзгариши ҳам атмосферада, ҳам океанда қандай экстремал ҳодисаларни келтириб чиқараётганини кўрсатмоқда», — дея таъкидлади Copernicus`нинг иқлим бўйича стратегик раҳбари Саманта Бержесс.
Бир неча кун аввал БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) август ойида жаҳон озиқ-овқат нархлари 2022 йилдан бери энг юқори чўққига чиққанини маълум қилганди. Бу ҳам кўплаб ҳудудлардаги экстремал иссиқлик ва қурғоқчилик билан боғлиқдир.
Бундан олдин Copernicus иқлим хизмати 2026 йилнинг июнь ойи Ғарбий Европада кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июнь бўлганини хабар қилганди.
- Ўзгидрометга кўра, 2026 йилнинг ёзи Ўзбекистонда энг иссиқ ёз мавсумлари рейтингида иккинчи ўринни эгаллади, айрим ҳудудларда эса бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёз бўлди. Мавсум давомида ҳавонинг ўртача ҳарорати меъёрдан 1,2−2,6 даража юқори бўлди. Энг юқори ҳарорат кўрсаткичлари июль ойида кузатилди.
