• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда маданий мероснинг рақамли платформаси яратилади – Gazeta


Ўзбекистонда жадал қурилиш ва инфратузилма ривожи шароитида ноёб тарихий шаҳарлар (Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз) ҳамда Тошкентнинг модернистик архитектурасини муҳофаза қилиш учун принципиал жиҳатдан янги Heritage Impact Assessment (HIA — меросга таъсирни баҳолаш) тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 10 июль куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.

Маданий мероснинг ягона рақамли платформасини яратиш, объектларнинг рақамли эгизакларини шакллантириш, шунингдек, Heritage Open Data — маданий меросга оид очиқ маълумотлар тизимини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Маданий мерос ситуацион маркази IoT-сенсорлар, сунъий йўлдош маълумотлари, видеотаҳлил ва сунъий интеллект воситалари ёрдамида мониторинг олиб бориш имконини беради.

Тақдимотда қайд этилишича, 2030 йилга қадар барча маданий мерос объектларини рақамлаштириш режалаштирилган.

Туристик юкламани бошқариш мақсадида Visitor Management тизимини жорий этиш, рақамли чипталардан фойдаланишни кенгайтириш, сайёҳлар оқимини прогноз қилиш ва зарурат туғилганда айрим объектларга ташриф буюрувчилар сонига чеклов ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Кадрлар соҳасида мутахассисларни тайёрлаш тизимини яратиш, Бухорода ихтисослаштирилган олий реставрация мактабини очиш, Археология институтининг ҳудудий филиалларини ривожлантириш ҳамда реставраторларни лицензиялаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси ҳамда ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия раҳбари Гаянэ Умерова.

Шунингдек, ихтисослаштирилган мозаика марказини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Унда анъанавий усуллар замонавий лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва реставрация технологиялари билан уйғунлаштирилади. Марказ Тошкент мозаика мактабини сақлаб қолиш, мутахассислар тайёрлаш ва монументал санъатнинг янги йўналишини ривожлантириш учун майдон бўлиб хизмат қилади.

2026−2030 йилларга мўлжалланган Тошкент модернизм меъморчилигини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш давлат дастурини амалга ошириш режалаштирилган. Яқинда пойтахт ҳудудидаги XX аср модернистик архитектурасининг 10 та ёдгорлиги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани шаҳар архитектура меросини сақлаш ва ўрганиш, маданий туризмни ривожлантириш, тадқиқотчилар ва архитекторларни жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратиши қайд этилди.

Шунингдек, 2027−2035 йилларга мўлжалланган Маданий меросни ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш таклиф этилди. Унда маданий меросни рақамлаштириш, моддий ва номоддий меросни сақлаш, маданий бойликларни Ватанга қайтариш, табиий меросни муҳофаза қилиш ҳамда реставрация соҳасини ривожлантириш дастурлари назарда тутилади.

Турли тарихий даврларда мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилган ноёб тарихий ёдгорликлар, археологик артефактлар, нодир қўлёзмалар ва санъат асарларини тизимли равишда излаш, ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда Ватанга қайтариш мақсадида Президент ҳузурида маданий бойликларни репатриация қилиш бўйича комиссия тузишга қарор қилинди.

«Зомин тоғлари» табиий объектини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун номинация ҳужжатлари тайёрланаётгани маълум қилинди. Ҳудуд Зомин давлат қўриқхонаси ва Зомин миллий табиат боғини қамраб олади. Улар қимматли арчазорлар ҳамда ноёб ҳайвон ва қуш турлари яшайдиган ҳудудларни ўз ичига олган ягона тоғ табиий мажмуасини ташкил этади.

Шунингдек, ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия котибияти фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатнинг ЮНЕСКО тармоқларидаги иштирокини мувофиқлаштириш бўйича котибият ваколатларини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Булар ижодий шаҳарлар тармоғи, таълим олувчи шаҳарлар тармоғи, ассоциациялашган мактаблар тармоғи, ЮНЕСКО кафедралари, ассоциация ва клублар, шунингдек, глобал геопарклар тармоғини қамраб олади.

Хивадаги Ичан-қалъа музей-қўриқхонаси ҳудудида «Оллоқулихон карвон саройи» савдо марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилишича, савдо нуқталарининг тартибсиз жойлаштирилиши тарихий объектларнинг визуал яхлитлигига путур етказиб, сайёҳларга ноқулайлик туғдирмоқда. Янги лойиҳа анъанавий савдо муҳитини сақлаб қолиш, ҳунармандлар учун шароит яратиш, кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, янги сайёҳлик нуқтасини шакллантиришга қаратилган.

Келгусида номоддий маданий меросни сақлаш соҳасида ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида «Ҳунарманд» республика уюшмаси Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорлик қилади.

Шунингдек, Самарқанддаги Бибихоним мажмуасини консервация ва реставрация қилиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳа Aga Khan Trust for Culture билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. У маданий мерос объектларида архитектуравий консервация, илмий ўрганиш ва реставрация ишларини бошқариш бўйича халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутади.

Лойиҳа доирасида ёдгорликни ҳужжатлаштириш ва ўрганиш, археологик ва муҳандислик текширувларини ўтказиш, материалларни таҳлил қилиш, конструкцияларни моделлаштириш ҳамда лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Маҳаллий мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Кейинги босқичларда бош гумбаз ва унга туташ иншоотларни консервация қилиш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда музей экспозициясини ташкил этиш ишлари амалга оширилади.

Келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда маданий мерос объектларини реставрация қилиш учун давлат бюджетидан 466,4 млрд сўм ажратилган. 305 та лойиҳа-смета ҳужжати тайёрланган, 55 та объектда ишлар якунланган, яна 152 та объектда ишлар давом этмоқда.

Шунингдек, 8183 та маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари шакллантирилган. Ёдгорликларни қисқа муддатли ижарага бериш орқали 4187 та тадбиркорлик субъекти жалб қилиниб, соҳавий жамғармага 27,9 млрд сўм йўналтирилган. 2025 йилда эса 52 та объектга 152,9 млрд сўм миқдорида маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб қилинган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *