Япония БМТда фойдаланиш учун овоз берилган Equal Earth дунё харитасини ўзгартиришни талаб қилди. Мамлакат мазкур харитада баҳсли Куриль ороллари Россия билан бир хил рангда бўялганидан норози бўлмоқда, деб ёзади The Guardian.

4 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси анъанавий Меркатор проекциясидаги дунё харитаси ўрнига тенг майдонли Equal Earth проекциясидан фойдаланишга чақирувчи резолюцияни қабул қилганди. Ушбу проекция бурчакларни ҳам, майдонларни ҳам мутлақ аниқ сақлаб қолмайди, аммо мамлакатлар ва қитъалар майдонларининг ўзаро нисбатини аниқроқ акс эттиради.

Резолюция тарафдорларининг фикрича, Меркатор проекциясидаги бундай бузилиш ўн йиллар давомида Африка ва глобал Жанубнинг бошқа минтақалари аҳамиятини визуал жиҳатдан кичрайтириб кўрсатган ҳамда таълим, маданият ва сиёсатда улар ҳақидаги тасаввурга салбий таъсир қилган. Россия ва Гренландия эса, аксинча, юқори кенгликларда жойлашгани сабабли Меркатор харитасида ўзларининг асл ҳажмидан анча катта кўринади.

Резолюцияни 164 та давлат, жумладан, Ўзбекистон қўллаб-қувватлади, олтита давлат бетараф қолди. Фақат АҚШ қарши овоз берди. Япония дастлаб резолюцияни ёқлаб овоз берган эди, бироқ пайшанба куни Япония ҳукумати вакили Минору Кихара янги харитада «Япония ҳукуматининг позициясига зид бўлган тасвир мавжудлиги»ни маълум қилди.

«Биз харита жойлашган сайт операторига дипломатик каналлар орқали норозилик билдирдик ва ушбу тасвирни тўғрилашни талаб қилдик», — деди Кихара.

Куриль оролларининг жанубий қисми 1945 йилда Иккинчи жаҳон уруши якунлари бўйича СССР назоратига ўтган. Япония Итуруп, Кунашир, Шикотан ҳамда Хабомаи ороллар гуруҳини ўзиники деб ҳисоблайди ва уларни «Шимолий ҳудудлар» деб атайди. Ушбу баҳс сабабли Москва ва Токио ҳалигача Иккинчи жаҳон уруши якунлари бўйича тинчлик шартномасини имзоламаган.

2026 йил августида Владимир Путин баҳсли оролларга илк бор ташриф буюрганди, шундан сўнг Япония Россия элчисини чақиртириб, унга «қатъий норозилик» билдирган.