3 сентябрь куни Тошкентнинг Глинка кўчасидаги ерости газ қувуридан газ сизиб чиқиши оқибатида юз берган портлашдан кейин пойтахт ҳокимининг топшириғига биноан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам текширувлар ўтказди.

Унинг таркибига Veolia Energy Tashkent (иссиқлик таъминоти), «Тошкент шаҳар сув таъминоти» ва «Ҳудудгаз Пойтахт» (газ таъминоти) компаниялари мутахассислари кирди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимиятиФото: Тошкент шаҳри ҳокимияти

Текширувлар давомида ўрта босимли газ қувурларида 4 та, паст босимли газ қувурларида эса 6 та газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланди. Барча носозликлар тезкорлик билан бартараф этилди, дейилади хабарда.

Глинка кўчасида таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланиб, транспорт ҳаракати қайта тикланди. Шу билан бирга, «Ҳудудгазтаъминот» ва бошқа ташкилотларнинг кўчма лабораториялари эҳтимолий газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида мазкур кўчага туташ ҳудудлардаги муҳандислик тармоқларини комплекс текширувдан ўтказмоқда.

«Мазкур ишлар келгусида юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда шаҳар инфратузилмасининг барқарор ва ишончли ишлашига қаратилган», — дея қайд этди ҳокимлик.

Эслатиб ўтамиз, ёзда Глинка кўчасида эскирган муҳандислик тармоқларини янгилаш ва қувурларни алмаштириш ишлари олиб борилганди. Яккасарой тумани ҳокимлиги янги қувурларнинг мустаҳкамлиги ва ишга яроқлилиги текширилганини маълум қилганди.