Айдар-Арнасой кўллар тизими назорати бўлими бош мутахассиси, Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ходими Мирзо Ботиров Сирдарё дарёсида ўтказилган рейд вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 9 сентябрь куни соат 23:00 атрофида инспектор электр қармоқ ёрдамида ноқонуний балиқ овлаётган шахсларни тўхтатишга уринган. Қонунбузарлар қаршилик кўрсатиши оқибатида у сувга тушиб кетган. Инспекторнинг жасади 10 сентябрь куни топилган.

Қўмита ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш мақсадида суриштирув олиб борилаётганини маълум қилди.

Шунингдек, ҳалок бўлган ходимнинг оиласига моддий ва бошқа зарур ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Мирзо Ботиров жасорати ва хизмат бурчига садоқати учун вафотидан сўнг «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланади.