• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон электротехника экспортини 2030 йилгача 5 млрд долларга етказмоқчи


Шавкат Мирзиёев электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш юзасидан тайёрланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Тақдимотда электротехника тармоғида ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилдаги 4,7 трлн сўмдан 43,1 трлн сўмга етгани таъкидланди. Экспорт ҳажми 1 млрд доллардан ошди, Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари ҳозирда 65 та давлатга етказиб берилмоқда.

Тармоқда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши ҳам ортмоқда. Мисдан тайёрланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш кўпайган, паст қийматли маҳсулотлар улуши эса камайган.

Маиший техникага ички талабнинг 80 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қопланмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маиший техника маҳсулотларининг 30 фоизи экспорт қилинмоқда.

Шунингдек, қуёш панеллари, юқори кучланишли кабеллар, электромобилларни қувватлаш станциялари, вакуум ўчиргичлар, юқори кучланишли ажратгичлар ва иссиқлик насослари каби юзлаб янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилган.

Жорий йилнинг дастлабки етти ойида тармоқда 30 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 706 млн долларлик экспорт таъминланган. 148 млн долларлик 16 та лойиҳа ишга туширилиб, 1,2 мингта иш ўрни яратилган.

Йил якунигача 51 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 1,6 млрд долларга етказиш ҳамда 420 млн долларлик 67 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси белгиланган.

Тақдимотда 2030 йилгача электротехника ва унга ёндош саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 млрд долларга, экспортни 5 млрд долларга етказиш, тармоққа 3 млрд доллар инвестиция жалб қилиш ва мисга қўшилган қийматни 35 фоизга олиб чиқиш режалари кўриб чиқилди.

Бунинг учун Ўзбекистонда зарур хомашё базаси ва бозор мавжудлиги қайд этилди. Ҳозир йилига 150 минг тоннадан ортиқ мис катоди ишлаб чиқарилмоқда. Янги қувватлар ишга туширилиши натижасида бу кўрсаткични 300 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, 15 ГВт қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу электротехника маҳсулотлари учун йилига 500 млн долларлик буюртма бозорини шакллантиради.

Шу билан бирга, тармоқда айланма маблағ учун кредит олишда гаров таъминоти етишмаслиги, мис хомашёсини биржа орқали харид қилиш учун қулай молиявий инструментлар зарурлиги ва йирик халқаро брендларни жалб қилиш учун кафолатланган механизмларни кенгайтириш каби масалалар мавжуд.

Шу муносабат билан тармоқ корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари таклиф қилинди.

Жумладан, мис хомашёсини харид қилишда тўловнинг 25 фоизини корхоналар, қолган 75 фоизини «Ўзсаноатэкспорт» АЖ амалга оширади. Корхоналар ушбу маблағни 90 кун ичида йиллик 6 фоизгача бўлган ставкада қайтаради. Бу мақсадлар учун 50 млн доллар ресурс йўналтирилади.

Эндиликда кредитлар бўйича экспорт шартномалари ва суғурта полислари каби бошқа таъминот турларини ҳам қабул қилиш имконияти яратилади. Инвестиция лойиҳаларига миллий ва хорижий валютада ажратилган кредитларнинг бир қисми уч йил давомида қоплаб берилади.

Камида 50 млн доллар сармоя киритадиган йирик халқаро бренд компанияларига солиқ имтиёзлари берилиб, уларга инфратузилмага эга тайёр бинолар таклиф этилади.

Электротехника саноати корхоналари учун солиқ ва божхона имтиёзларини 2030 йилгача узайтириш, шунингдек, тармоқ билан боғлиқ маҳаллий саноат корхоналарини ҳам қўллаб-қувватлаш назарда тутилмоқда.

Экспортни кенгайтириш мақсадида хорижий бозорларда савдо омборлари ташкил этиш, маҳсулотларни сертификатлаш ва ташқи бозорларга чиқиш жараёнларини енгиллаштириш чоралари кўрилади.

Афғонистон, Мўғулистон, Қозоғистон ва Ироқ бозорларига комплекс технологик ечимлар экспортини кенгайтириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Тармоқда инновация ва илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш учун Тўртинчи саноат инқилоби илмий-тадқиқот ва инновация марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Марказ янги маҳсулотларни рақамли моделлаштириш, синовдан ўтказиш, маҳаллийлаштириш, прототиплар тайёрлаш ва корхоналарга инжиниринг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.

Президент мутасаддиларга электротехника саноатида қўшилган қийматни ошириш, юқори технологик маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда маҳаллий корхоналарни глобал қиймат занжирларига олиб кириш бўйича топшириқлар берди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *