• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Республикачилар оралиқ сайловларда ютса, вояга етган ҳар бир америкаликка 5000 доллардан берамиз — Трамп


АҚШ президенти Дональд Трамп ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда Республикачилар партияси Конгресснинг ҳар иккала палатасида ҳам ғалаба қозонса, ҳар бир катта ёшли америкаликка 5000 доллардан тўлаб беришни таклиф қилишини билдирди. Бу ҳақда BBC News хабар бермоқда.

«Агар республикачилар ғалаба қозонса, сиз биз билан бирга ғалаба қозонасиз ва беш минг доллар оласиз», — деди Трамп Далласда бўлиб ўтган Республикачилар партияси қурултойининг очилиш маросимида нутқ сўзлаб. У бу тўловларни «дивидендлар» деб атади.

У бу режа қандай ишлаши ёки қандай молиялаштирилиши ҳақида батафсил маълумот бермади — фақатгина пуллар АҚШ ичида сарфланиши кераклигини таъкидлади, холос. «Сизлар бу пулни сарфлаш учун Канадага боришингизни истамаймиз, — деди у. — Хитойга, Германияга боришингизни ҳам хоҳламаймиз. Бу пулни Америка Қўшма Штатлари ҳудудида ишлатишингиз шарт».

Вице-президент Жей Ди Вэнс бу режани Трампнинг божхона тарифлари орқали АҚШ ҳукуматига жалб қилган даромадлари билан боғлади.

Ушбу режа баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Демократлар уни «қуруқ ваъда» деб атади, бошқалар эса бундай ваъданинг қонунийлигини шубҳа остига олди.

Сайлов йилида овоз беришга чорлов контекстида АҚШ президентининг америкаликларга бундай тўлов таклиф қилиши, эҳтимол, тарихда биринчи бор кузатилмоқда, деб ёзади BBC.

АҚШда қарийб 270 миллион нафар катта ёшли аҳоли истиқомат қилади, бу эса ҳар бирига 5000 доллардан тўлаш АҚШ ҳукуматига тахминан 1,3 триллион долларга тушишини англатади. Бундай тўловлар федерал бюджетнинг деярли 1,8 триллион долларлик йиллик тақчиллигини янада ошириши мумкин, деб таъкидлайди Associated Press.

BBC`нинг қайд этишича, Трампнинг бундай тўловларни ваъда қилиши биринчи марта эмас — у аввал ҳам божхона тушумлари ҳисобидан 2000 долларлик чеклар беришни таклиф қилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *