• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бу жараёнда ўқитувчиларга босим қилиш нотўғри». Ўзбекистонда инклюзив таълим муҳокамаси

«Бу жараёнда ўқитувчиларга босим қилиш нотўғри». Ўзбекистонда инклюзив таълим муҳокамаси


Ўзбекистонда 132 мингдан зиёд мактаб ёшидаги ногиронлиги бўлган болалар бор. Таҳлилларга кўра, 2610 та умумтаълим мактабида 6801 нафар бола инклюзив таълимга жалб қилинган, 17 056 нафар бола уйда таълим олади. Бу рақамлар ортида қандай муаммолар бор? Инклюзив таълим фақат ногиронлиги бўлган болалар учунми? Ўқитувчилар бундай таълимга қай даражада тайёр? Ислоҳотда тезлик муҳимми ёки сифат?

Gazeta мухбири Миролим Исажонов айни шу мавзуни инклюзив таълим бўйича экспертлар билан муҳокама қилди.

Инклюзив таълим ҳақида гап кетганда, кўпчилик буни ногиронлиги бўлган болалар масаласи, деб қабул қилади. Аслида ҳам шундайми? Инклюзив таълим нима ўзи?

Шаҳноза Тохтиярова, UNICEF`нинг инклюзив таълим бўйича миллий консультанти:

UNICEF нуқтаи назаридан инклюзив таълимнинг тор ва кенг маънодаги икки тушунчаси бор. Тор маънода у ногиронлиги бўлган ёки муайян қийинчиликларга дуч келаётган ўқувчиларни таълим жараёнига қўшишни англатади. Кенг маънода эса ногиронлиги бор ёки йўқлигидан қатъи назар, турли эҳтиёж ва имкониятларга эга бўлган барча болаларни таълим жараёнига тенг жалб қилишдир.

Мен буни кўпинча оддий мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. Балки ҳар бирингизнинг бешинчи синф пайтингизда бўғинлаб ўқийдиган синфдошингиз бўлгандир. Ёки сиз алгебра масалаларини ечаётган пайтда, карра жадвалини ҳали яхши билмайдиган синфдошингиз ҳам бўлган. Лекин аксарият ҳолларда бундай болага унинг имкониятидан келиб чиқиб ёндашилмаган. Масалан, ўқиш кўникмаси ҳали етарли даражада шаклланмаган бўлса ҳам, унга бешинчи синф дастури асосида мураккаб асарлар берилган, яъни боланинг эҳтиёжига мослашиш ўрнига, ундан дастур талабларига мослашиш кутилган.

Инклюзив таълим эса ҳар бир боланинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, унинг таълим жараёнидаги самарадорлигини максимал даражада оширишни назарда тутади. Шу маънода инклюзив таълим — самарали ва сифатли таълимдир.

Дилмурод Юсупов, Ногиронлик ва инклюзив ривожланиш масалалари бўйича тадқиқотчи:

Ҳозир жамиятимизда инклюзия деганда кўпинча фақат ногиронлик тушунилади. Аслида эса бу анча кенг тушунча. «Инклюзия» сўзи француз тилидан кириб келган бўлиб, жамиятга қўшиш, бирлаштириш, деган маънони англатади.

дилмурод юсупов, инклюзив таълим, инклюзия

Дилмурод Юсупов.

Бунда инсоннинг ҳолатидан қатъи назар, унга тенг имконият ва шароит яратиш назарда тутилади. Ногиронлиги бўлган бола ҳам, кам таъминланган оила фарзанди ҳам, олис ҳудудда яшайдиган ўғил-қизлар ҳам — барчаси таълим жараёнида тенг имкониятга эга бўлиши керак. Бизда эса «инклюзив» деганда ҳатто «инклюзивлиги бор болалар» каби нотўғри иборалар ишлатилади. Аслида инклюзия болада эмас, жамиятда ва мактабда бўлиши керак.

Албатта, ногиронлиги бўлган болаларни биринчи навбатда таълим жараёнига тўлиқ қўшишимиз, уларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб мактаб муҳитини мослаштиришимиз зарур. Лекин инклюзияни фақат шу билан чеклаб қўйиш нотўғри. Бу — анча кенг тушунча.

Рўзибек Тўраев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи:

Инклюзия деганда ногиронлиги бўлган болаларни тушуниш стереотипини ўзимиз шакллантириб боряпмиз. Амалдорлар ёки давлат хизматчилари йиғилиш ва муҳокамаларда «инклюзия» деганда доим шу масалага урғу бергани учун жамиятда ҳам шундай тушунча пайдо бўлган.

Аслида инклюзивлик — тенглик. Бир томондан, «тенглик» деяпмиз, иккинчи томондан эса ногиронлиги бўлган болаларни доим алоҳида таъкидлаб, ўзимиз уларни ажратиб қўйяпмиз. Шунинг учун бу ёндашувдан аста-секин воз кечиб боришимиз керак.

Инклюзивликни кундалик ҳаётимиздаги кўплаб ҳолатларда кўришимиз мумкин. Масалан, умумтаълим мактабларида турли тилларда таълим олаётган болаларнинг битта тизимда ўқиши ҳам инклюзиянинг бир кўриниши. Қизлар ва ўғил болаларга тенг имконият яратилиши ҳам шундай. Ёки олис қишлоқдаги бола шаҳар марказидаги мактаб ўқувчиси билан бир хил сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлиши керак. Бу ҳам инклюзивлик.

дилмурод юсупов, инклюзив таълим, инклюзия

Рўзибек Тўраев.

Ҳозир биз «инклюзив таълим» деган атамани шартли равишда ишлатяпмиз. Мен ишонаманки, беш ёки ўн йилдан кейин бу оддий ҳолатга айланади. Хориж тажрибасига қарасак, масалан, Европа давлатларида «инклюзия» деганда кўпроқ мигрантлар фарзандлари, бошқа миллат ва дин вакилларининг жамиятга мослашуви тушунилади. Ногиронлиги бўлган инсонларнинг таълим олиши ва жамиятда тенг ҳуқуқли шахс сифатида иштирок этиши эса аллақачон оддий ҳолатга айланган.

Бола боғчадан бошлаб ногиронлиги бўлган тенгдоши билан бирга ўсса, уни кўриш, эшитиш ёки ҳаракатланишидаги фарқни камситиш учун сабаб деб билмайди. Уни шунчаки инсон, тенгдоши сифатида қабул қилади. Бизда эса ҳали ҳам бундай стереотиплар бор. Шунинг учун инклюзив таълимни ривожлантириш билан бирга, жамиятнинг бу борадаги қарашларини ҳам ўзгартиришимиз керак.

Ўзбекистонда инклюзив таълимни жорий этиш қайси босқичда? Бугунги ҳолатни қандай баҳолайсизлар?

Шаҳноза Тўхтиярова:

Назаримда, биз ҳали йўлнинг энг бошида турибмиз. Чунки инклюзив таълим ривожланган мамлакатларда асрлар давомида шаклланган жараён. Ҳар бир давлатнинг бу борада ўз ривожланиш йўналиши ва анъаналари бор. Масалан, АҚШдаги инклюзив таълимнинг ривожланиш тарихи Европа мамлакатлариникидан фарқ қилади.

Бизда эса бу йўналиш авваллари асосан, лойиҳалар доирасида амалга ошириларди. Мен махсус педагогика йўналишида талаба бўлган пайтимда ҳам шундай лойиҳалар бўлар, кўнгилли сифатида мактабларга бориб, болаларга ёрдам беришда иштирок этардик. Бу жараёнда ўқитувчиларимиз ҳам бизга кўмаклашарди. Аммо лойиҳа тугаши билан ишлар ҳам тўхтарди. Одатда бундай лойиҳалар уч-тўрт йил давом этиб, кейин якунланарди.

Ҳозир эса вазият бошқача. Инклюзив таълим қонунчиликда, жумладан, Конституция ва «Таълим тўғрисида»ги қонунда ўз аксини топган. Шунинг учун бу жараённи энди тизимли ислоҳот сифатида кўриш мумкин. Лекин ҳали беш йиллар атрофидагина вақт ўтганини ҳисобга олсак, биз шаклланиш босқичидамиз. Шу маънода, ҳали йўлнинг бошида турибмиз.

Дилмурод Юсупов:

Мен ҳам Шаҳнозанинг фикрига қўшиламан. Инклюзив таълимни жорий этиш — жуда узоқ давом этадиган жараён. Уни қисқа муддатда тез қадамлар билан якунлаб бўлмайди. Масалан, АҚШдаги ҳамкасбларимиздан инклюзив таълим ислоҳотига қанча вақт кетганини сўраганимизда, камида 70 йилдан ортиқ вақт сарфланганини айтишган. Европа давлатларида ҳам бу жараён ҳали тугагани йўқ, давом этмоқда ва турли муаммоларга эга болалар масаласи бор.

Бундан ташқари, инклюзив таълим доимий равишда янги масалаларни кун тартибига олиб чиқади. Масалан, ҳозир сунъий интеллект ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. У инклюзив таълимга қандай таъсир қилади, болалар учун қандай имкониятлар яратади, қандай технологиялардан фойдаланиш мумкин — буларнинг барчаси янги муҳокама қилинадиган масалалар.

Ўзбекистонда бу жараённи 2020 йилдан бошланган, деб ҳисоблаш мумкин. Чунки ўша даврда инклюзив таълим концепцияси қабул қилинди. Унда 2025 йилга қадар умумтаълим мактабларининг 51 фоизини инклюзив таълимга ўтказиш каби катта кўрсаткичлар белгиланган эди. Бу жуда нореал деб ўйлайман. Ҳозир инклюзив таълимни ривожлантиришга интилишимиз ва ҳаракатимиз жуда яхши. Лекин шошилиш ҳам турли хатоларга олиб келиши мумкин. Масалан, фақат рақамлар ортидан қувиб, ислоҳотнинг энг муҳим иштирокчиси — боланинг ўзига зарар етказиб қўйишимиз мумкин.

Шунинг учун ислоҳот жараёнида доим бир саволни ўзимизга беришимиз керак: «Биз бу ўзгаришлар билан болага зарар етказмаяпмизми?». Хорижий тажрибада ҳам асосий тамойиллардан бири — ҳеч кимга, биринчи навбатда эса болага зиён етказмаслик. Инклюзив таълимдан асосий манфаатдор томон бола бўлиши керак. Шу сабабли мен жараёнда бироз суръатни пасайтириб, сифатга кўпроқ эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайман. Бу ислоҳотни тезроқ амалга оширишдан кўра, уни болалар манфаатига зарар етказмаган ҳолда тўғри йўлга қўйиш муҳимроқ.

Бугунги кунда Ўзбекистонда мактаб ёшидаги ногиронлиги бўлган болалар қанча? Уларнинг қанчаси мактабларда ўқийди, қанчаси уйда таълим олади? Умуман, таълим билан қамраб олинмаган болалар борми ва бунинг сабаблари нимада?

Рўзибек Тўраев:

Республика бўйича мактаб ёшидаги ногиронлиги бўлган 132 мингдан ортиқ бола бор. Улар бир нечта шаклда таълим олади. Биринчиси — тоифасига қараб ташкил этилган 90 та ихтисослаштирилган мактаб. Иккинчиси — уйда таълим олиш. Учинчиси — умумтаълим мактабларида инклюзив таълим олиш. Шунингдек, жуда оғир ва мураккаб ҳолатдаги болалар учун ҳам таълим шакллари мавжуд бўлиб, бу йўналишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги «Мурувват» болалар уйларида ҳам ишлар олиб борилади.

Охирги маълумотларга кўра, 17 056 нафар бола уйда таълим олади. Шу йил апрель-май ойларида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳар бир туман кесимида уйда таълим олаётган болаларни қайта ўрганиб чиқдик. Натижада уларнинг қарийб 30 фоизи умумтаълим мактабларига чиқиб, ўқиш имконияти борлиги аниқланди. Бу ерда ота-онанинг хоҳиши ҳам муҳим. Инклюзив таълим имкониятлари ҳақида маълумот берилгач, айрим ота-оналар ҳам «болам мактабга чиқиб ўқисин, розиман», деган фикрга келмоқда.

дилмурод юсупов, инклюзив таълим, инклюзия

Аммо мактабларимиз ҳали тўлиқ тайёр эмаслигини ҳам тан олишимиз керак. Масалан, боланинг мактабга бориб-келиши, унинг ва ота-онасининг қийналмаслиги учун шароит яратиш керак. Қолаверса, ўқитувчи ҳам бундай бола билан ишлашга тайёр бўлиши лозим. Шу билан бирга, синфдаги бошқа 25−30 нафар боланинг таълим олиш ҳуқуқи ҳам таъминланиши керак. Шу сабабли биз бу масалага босқичма-босқич ёндашишимиз зарур.

Президентнинг 2022 йилдаги 241-сонли қарорнинг 13-бандида мактаб ва боғчалардаги қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш каби ишлар маҳаллий ҳокимият зиммасига юклатилган. Аммо баъзан бир муаммога дуч келамиз: мактабдаги муҳит ўрганилганда, масъул сифатида директор кўрсатилади. Аслида директорнинг бундай инфратузилмани ўз маблағи ҳисобидан ҳал қилиш имконияти йўқ. Кейин эса у ота-она ёки ўқитувчилардан пул йиғишга мажбур бўлиб қолиши мумкин. Бу, албатта, тўғри эмас. Агар директор қарорларда кимнинг ваколати қаергача эканини яхши билса, ўз ҳудудидаги масъуллардан зарур шароитни талаб қила олади. Чунки бу вазифаларнинг бир қисми маҳаллий ҳокимият зиммасига юклатилган.

Ҳозир Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда бу жараённи ҳар ой мониторинг қилиб боряпмиз. Республика бўйича 2610 та умумтаълим мактабида инклюзив таълим синфлари очилган. Шуларнинг қарийб 860 тасида болаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, нисбатан тўсиқсиз муҳит яратилган. Ўқув йили якунига кўра, ана шу 2610 та мактабда 6801 нафар бола инклюзив таълим шароитида ўқимоқда.

.

Сўнгги пайтларда айрим ўқитувчилар ногиронлиги бўлган болаларнинг умумтаълим мактабларида ўқиши бошқа ўқувчиларга сифатли таълим беришга халақит қилаётгани ҳақида фикр билдиряпти. Бу борадаги фикрларингиз қизиқ.

Шаҳноза Тўхтиярова:

Мен UNICEF`да инклюзив таълим бўйича миллий маслаҳатчи сифатида ишлашимдан ташқари, Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг психология-педагогика ва инклюзив таълим факультетида ҳам фаолият юритаман. Бизда бошланғич синф ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича дарслар ўтилади.

Менинг фикримча, ўқитувчиларни тайёрламасдан туриб инклюзив таълим жараёнига жалб қилиш — уларни тайёргарликсиз жангга киритиш билан баробар. Чунки ўқитувчиларимиз ҳали бунга тўлиқ тайёр эмас. Бунинг сабабларидан бири — педагогик ёндашувларимиз ҳанузгача маълум даражада тинч ўтириб, ўқитувчини тинглайдиган ва савол берилганда қўл кўтариб жавоб берадиган ўқувчи моделига мослашган. Аслида эса бугунги боладан 40−45 дақиқа давомида жим ўтириб, бир хил тарзда дарс тинглашни кутиш қийин. Бу фақат ногиронлиги бўлган болаларга эмас, барча ўқувчиларга тааллуқли.

дилмурод юсупов, инклюзив таълим, инклюзия

Шаҳноза Тўхтиярова.

Албатта, болани босим билан жим ўтқазиш мумкин. Лекин бу таълим сифатига таъсир қилади. Шунинг учун ўқитувчига турли вазиятларни бошқариш стратегиялари керак. Масалан, синфда бола агрессив хулқ-атвор кўрсатса, ўқитувчи қандай ҳаракат қилиши керак? Қайси протоколга амал қилади? Вазиятнинг такрорланмаслиги учун кейин нима қилиши лозим? Кўпинча ўқитувчиларда ана шу саволларга аниқ жавоб ва стратегиялар етишмайди.

Яна бир муҳим масала — инклюзив таълимни фақат жисмоний инфратузилма билан баҳоламаслик керак. Мактабда пандус, махсус жиҳозлар ёки бошқа қулайликлар бўлиши етарли эмас. Инклюзив муҳитни шакллантиришда буллингнинг олдини олиш ва уни аниқлаш, ота-оналарнинг муносабати, ўқитувчиларнинг тайёргарлиги, мактаб маъмуриятининг ёндашуви каби кўплаб омиллар бор.

Масалан, мактаб ва педагоглар жисмоний жиҳатдан тўлиқ тайёр бўлиши мумкин. Аммо мактаб жойлашган маҳалла ёки ота-оналар бунга тайёр бўлмаса, муаммо сақланиб қолади. Айрим ота-оналар ҳали ҳам фарзандини мактабга чиқаришни истамайди, уни уйда қолдиришни маъқул кўради. Демак, мактаб тайёр бўлгани билан, бола таълимга келмаса, инклюзив таълим муҳити тўлиқ шаклланмайди. Ўқитувчилар кўпроқ «Бундай вазиятда қандай муносабат билдиришим керак? Нима қилишим лозим?», деган саволларни беришади. Бундан ташқари, баҳолаш тизимида ҳам муаммолар талайгина.

Синфдаги ўқувчилар сонининг кўплиги ҳам ҳақиқий муаммо. Айниқса, катта шаҳарларда бир синфда 35, 38, ҳатто 40 нафардан ортиқ ўқувчи бўлиши кузатилади. Бундай шароитда ўқитувчининг ҳар бир болага индивидуал ёндашиши қийинлашади. Қишлоқ мактабларида эса бу муаммо нисбатан юмшоқроқ бўлиши мумкин.

Шунинг учун инклюзив таълимни жорий этишда барча ҳудуд ва мактабга бир хил ёндашув билан қарамаслигимиз керак. Ўқитувчиларни тайёрлаш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш, синфлардаги ўқувчилар сони ва мактаб муҳитини ҳисобга олиш каби масалалар устида босқичма-босқич ишлашимиз зарур. Энг муҳими, бу ўзгаришлар фақат ногиронлиги бўлган болалар учун эмас. Биз ўқитувчиларга бераётган стратегиялар ва яратаётган инклюзив муҳит барча ўқувчилар учун таълим сифатини оширишга хизмат қилиши керак. Бу бизни яна инклюзив таълимнинг кенг маъносига олиб келади.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *