• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда сотувчида айнан шундай маҳсулот бўлса, нуқсонли товарни дарҳол алмаштириб бериш тартиби белгиланмоқда



Ўзбекистонда истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилиши, тузилиши ёки таркибида нуқсон аниқлаган тақдирда, агар сотувчида (ишлаб чиқарувчида) айнан шундай маркали маҳсулот мавжуд бўлса, уни дарҳол алмаштириб бериш мажбурияти юкланмоқда. Сенат тегишли норма белгиланган «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи товарда ишлаб чиқариш, тузилиш, таркиб ёки бошқа нуқсонларни аниқласа, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали, моделли ёки артикулли товарга 7 кун ичида алмаштириши керак. Агар товар сифатини қўшимча текшириш талаб этилса, бу муддат 20 кунгача узайтирилади.

Янги тартибга кўра, агар сотувчида айни шундай сифатли товар мавжуд бўлса, нуқсонли маҳсулот дарҳол алмаштирилади.

Сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи нуқсонли товар сифатини қўшимча текшириши зарур бўлган ҳолатлар ҳам алоҳида белгиланади. Истеъмолчи ёки унинг вакили товар сифатини текшириш жараёнида иштирок этиш, текширув вақти ва жойи ҳақида олдиндан хабардор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, истеъмолчи товар сифатини ўз маблағи ҳисобидан мустақил равишда қўшимча текшириш имкониятига эга бўлади. Бундай текширув харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) ёки истеъмолчи қоплаши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам қонун билан белгиланади.

Қўшимча текширув Вазирлар Маҳкамаси белгилаган талаблар асосида ўтказилади.

Мазкур ўзгаришларга эҳтиёж истеъмолчилар мурожаатларида ҳам кўриниши қайд этилди. 2025 йилда Рақобат қўмитасига истеъмолчилардан 53 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 12 136 таси савдо соҳасига тааллуқли бўлиб, қарийб 6 мингта мурожаат нуқсонли маҳсулотлар билан боғлиқ бўлган.

Айрим ҳолатларда сотувчилар нуқсонли товарни алмаштиришни рад этган ёки пештахтада айни шундай товар мавжуд бўлишига қарамай, алмаштириш муддатини асоссиз равишда 7 кунга чўзган.

Қонун қабул қилиниши билан истеъмолчининг ҳуқуқлари мустаҳкамланиши, сотувчиларнинг товар сифатини қўшимча текшириш баҳонаси билан алмаштириш муддатини асоссиз чўзишининг олди олиниши кутилмоқда. Шунингдек, тадбиркорларнинг маҳсулот сифати учун жавобгарлиги кучайтирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *