• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда аҳолини шовқиндан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди. Батафсил


Ўзбекистон президенти «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил октябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2026 йил июнда маъқулланган ушбу ҳужжат расмий эълон қилинганидан сўнг уч ой ўтиб кучга киради.

Қонун билан шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқинлар жумласига қуйидагилар киритилди:

  • турар жой бинолари ҳудудида инсонларнинг маиший, уй-хўжалик фаолияти натижасида юзага келадиган шовқин;
  • қурилиш майдонларидаги меҳнат фаолияти туфайли ҳамда қурилиш техникаси ва транспорт воситаларидан юзага келадиган шовқин;
  • турли тоифадаги транспортларнинг ишлаши ва ҳаракатланиши натижасида юзага келадиган шовқин ва бошқалар.

Тунги тинчлик режими ва қурилиш чеклови

Қонун аҳолини маиший, қурилиш, саноат ва транспорт шовқинларидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди. Ҳужжат билан тунги ва дам олиш вақтидаги тинчлик режимлари аниқ чегараланди.

Эндиликда иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача, дам олиш ва байрам кунлари эса соат 22:00 дан 09:00 гача бўлган вақт оралиғида белгиланган нормадан ортиқ шовқин чиқариш ва фуқароларнинг осойишталигини бузиш тақиқланади. Турар жой бинолари ва уларга туташ ҳудудларда қурилиш, таъмирлаш ҳамда реконструкция ишларини ўтказишда шовқин манбаларидан фойдаланишга фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача рухсат берилади. Дам олиш ва байрам кунларида турар жойларда шовқин чиқарадиган қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боришга йўл қўйилмайди.

Масъул давлат органлари ва уларнинг ваколатлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси соҳадаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Қўмита турар жойлар, жамоат бинолари, дам олиш зоналари ҳамда иш жойлари учун шовқиннинг йўл қўйиладиган даражалари бўйича санитария қоидаларини тасдиқлайди ва ҳудудларнинг шовқин хариталарини шакллантиради.

Ички ишлар вазирлиги маиший шовқинга қарши курашиш, фуқаролар осойишталиги бузилгани ҳақидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда транспорт воситаларининг шовқин кўрсаткичларини назорат қилишга масъул бўлади. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ўз йўналишлари бўйича шовқин нормаларига риоя этилишини таъминлайди.

Компенсация талаб қилиш мумкин бўлади

Шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар суд тартибида ундириб олиниши мумкин. Бунда компенсация тўланиши шовқин манбаини зарарли таъсирнинг олдини олиш чораларини кўриш мажбуриятидан озод этмайди.

Шовқин даражаси рухсат этилган меъёрдан ортиқ бўлган шароитларда ишлайдиган ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ оширилган меҳнат ҳақи тўланиши керак.

Компенсация тўловлари миқдорини Вазирлар Маҳкамаси белгилаши керак. Бунинг учун ҳукуматга қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой муддат берилади.

Жисмоний ва юридик шахслар тегишли ҳудудда шовқиннинг зарарли таъсири даражаси ва кўрилаётган ҳимоя чоралари тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эга.

Улар, шунингдек, аҳолини шовқиндан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этишлари, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритишлари, айбдор шахслардан етказилган зарарни қоплашни талаб қилишлари ҳамда давлат органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан юқори органга ёки судга шикоят қилишлари мумкин.

Бир вақтнинг ўзида жисмоний ва юридик шахслар шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши ҳамда назорат қилувчи органлар ва мансабдор шахсларнинг қонуний қарорлари ва кўрсатмаларини бажариши шарт.

Сершовқин объект фаолияти вақтинча тўхтатилиши мумкин

Ўзгаришлардан бири тақиқланган вақтда белгиланган шовқин даражасидан мунтазам равишда ошириб келаётган объектларга тегишли.

Агар бундай объектнинг фаолияти аҳоли ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғдирса, ваколатли давлат органи ва Ички ишлар вазирлиги унинг фаолиятини 10 иш кунигача бўлган муддатга тўхтатиб қўйиши мумкин. Агар фаолиятни 10 иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиш зарур бўлса, қарор ушбу органларнинг аризасига кўра суд томонидан қабул қилинади.

Ушбу соҳадаги ваколатли орган сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси белгиланган.

У, жумладан, шовқиндан ҳимоя қилиш бўйича санитария қоидалари ва нормаларини тасдиқлайди, тадқиқотлар ўтказади, зарарли шовқин таъсирини кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган объектлар рўйхатини шакллантиради ва юритади, шунингдек, санитария талабларига риоя этилишини назорат қилади.

ИИВ фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олиши бузилишининг олдини олиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни кўради, бундай бузилишлар бўйича мурожаатларни ва маиший шовқин билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Бундан ташқари, автомобилларни даврий техник кўрикдан ўтказишда ташқи ва ички шовқин кўрсаткичларининг белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилиши керак. ИИВ, шунингдек, шовқин даражаси меъёрлардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини эксплуатация қилиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, ўз навбатида, қурилиш майдончаларида нормаларга риоя этилишини назорат қилиши ва аниқланган қоидабузарликлар бўйича материалларни ваколатли органга юбориши керак.

Қонунда, шунингдек, кўп квартирали уйлар, жамоат бинолари ва иншоотларини қуришда ҳамда ён-атрофдаги ҳудудларни ободонлаштиришда шовқинни камайтирадиган технологияларни жорий этиш назарда тутилган.

Шовқиннинг зарарли таъсири бутун мамлакат ҳудудида ваколатли орган томонидан бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари билан биргаликда баҳоланади.

Бундай баҳолаш асосида ҳудудлар ва аҳоли пунктлари учун шовқин таъсирини акс эттирувчи хариталар тузилиши керак.

Шаҳарсозликни режалаштиришда бундай хариталар конкрет ҳудуддаги шовқин хусусиятларини ҳисобга олиши лозим. Бино ва иншоотларни ушбу хариталарни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштириш ва қуриш назарда тутилмоқда.

Қонун татбиқ этилмайдиган ҳолатлар

Қонун талаблари табиий шовқинларга, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қўриқлаш, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш каби кечиктириб бўлмайдиган ишлар натижасида юзага келадиган шовқинга нисбатан татбиқ этилмайди. Шунингдек, миллий байрамлар, оммавий спорт ва маданий тадбирлар ҳамда диний маросимлар вақтидаги шовқинлар ҳам бундан мустасно.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун дастлаб 2024 йил ёзида Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишдан ўтмай, қайта ишлашга қайтарилганди. 2025 йил 23 сентябрда эса қонун лойиҳаси яна депутатлар муҳокамасиги киритилди ва жавобгарлик шовқин инсон саломатлигига жиддий зарар етказган тақдирда қўлланиши мумкинлиги ҳақидаги модда сабаб қайта ишлаш учун қайтарилди.

2025 йилнинг 7 октябрь куни эса депутатлар учинчи уринишда қонунни қабул қилиб, Сенатга юборганди.

Қонуннинг Сенатдаги муҳокамасида эса Санэпидқўм раҳбари биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков турар жой ҳудудлари учун шовқин меъёри кундузи 45 дБ, кечаси эса 35 дБ эканини айтганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *