• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Вазмин оптимизм билан». Рустам Қосимжонов — Ўзбекистоннинг шахмат Олимпиадасидаги имкониятлари ва фаворитлар ҳақида


Ўзбекистоннинг шахмат Олимпиадасида қандай ғалаба қозониш бўйича тажрибаси бор. Эндиги вазифа янада мураккаброқ — жамоа фаворитлар қаторида экани ва унга анча кўпроқ эътибор қаратилаётган бир пайтда, ўз уйида бу муваффақиятни такрорлаш.

Турнирнинг очилиш маросими 15 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтади, илк партиялар эса эртаси куни бошланади. Старт олдидан Ўзбекистоннинг учта эркаклар ва учта аёллар терма жамоаси сўнгги машғулот учрашувларини ўтказиб, жамоавий йиғинларга ҳозирлик кўрмоқда.

Ўзбекистоннинг биринчи эркаклар терма жамоасидан беш нафар гроссмейстер ўрин олди. Ариза топширилган пайтда энг юқори рейтинг Жавоҳир Синдаровга (2778) тегишли эди. Кейинги ўринларда Нодирбек Абдусатторов (2762), Нодирбек Ёқуббоев (2685), Шамсиддин Воҳидов (2654) ва Муҳиддин Мадаминов (2611) қайд этилган. Ўртача рейтинг (2720) бўйича жамоа АҚШ (2753) ва Ҳиндистондан (2735) кейин рўйхатда учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Gazeta обзорчиси Георгий Шванов жамоа мураббийи Рустам Қосимжонов билан жамоадан нималар кутиш мумкинлиги ва Ўзбекистонни кимлар тўхтата олиши хусусида гаплашди.

— Эркаклар терма жамоасининг тайёргарлиги қандай кечгани ҳақида гапириб бера оласизми?

— Бизда ҳам, худди қизларда бўлгани каби, сўнгги йиғинлар режалаштирилмоқда. Бироқ улар бирмунча қисқароқ бўлади. Йигитларимиз, тўғрисини айтганда, айни пайтда Тошкентдаги сўнгги машғулот ўйинларини якунига етказмоқда. Муҳиддин Мадаминов ҳозир озарбайжонлик Ойдин Сулаймонли билан, Нодирбек Ёқуббоев эса эронлик Амин Табатабаи билан ўйнаяпти.

Ушбу суҳбат эълон қилингунга қадар классик вақт назорати бўйича ўтган иккала баҳс ҳам якунланди. Нодирбек Ёқуббоев Амин Табатабаини 3:1 ҳисобида мағлуб этди, Муҳиддин Мадаминов эса Ойдин Сулаймонлига 1,5:4,5 ҳисобида имкониятни бой берди (таҳририят изоҳи).

Режага кўра, душанба куни (7 сентябрь) биз ҳам Тошкент яқинидаги тоғларга бир неча кунга йўл оляпмиз. Бу, машғулотлардан кўра кўпроқ жамоавий руҳни шакллантириш учундир.

— Бу учрашувлар махсус машғулот сифатида режалаштирилганмиди?

— Ўйинчиларнинг илтимосига биноан ва спорт маромига кириб олиш мақсадида ташкил этилди. Айни вақтда Ёқуббоев (ФИДЕ рейтинги — 2685) учрашув давомида анча юқори савияли шахматчи бўлган эронлик Табатабаини (2737) мағлуб этмоқда.

Менимча, бизда вазмин оптимизм учун асослар етарли. Дастлабки икки доскамизда кимлар ўйнаши кенг жамоатчиликка маълум, бироқ учинчи доска ҳам яхши спорт формасида етиб келмоқда. Имкониятларимиз, аслида, фақат яхшиланиши керак.

— Спарринг-шериклар қандай танланди? Ҳарҳолда, Табатабаи ёш шахматчи (у 25 ёшда), маълум натижалари бор, лекин у қадар таниқли эмас.

— Унинг рейтинги бугунги кунда Ёқуббоевникидан анчагина юқори. Яъни биз кучсизроқ рақибларни танламадик, аксинча — камида рейтинг бўйича йигитларимиздан бироз тажрибалироқ, эҳтимол, бироз кучлироқ рақибларни танладик.

Йигитларимиз синовлардан қўрқмайди ва биз улар ўйинга киришиб олиши учун енгилроқ рақиб топишга уринмаяпмиз. Улар ҳақиқий ишчан шароитда ўйин амалиётини оширмоқда.

— Шу нуқтаи назардан, Жавоҳир Синдаров айни пайтда Tech Mahindra Global Chess League мусобақасида иштирок этаётгани ҳақида нима дейсиз?

— Бу — рапид ва блиц. Бу борада ҳам икки хил қараш мавжуд. Айрим инсонлар бундай мусобақаларда ўйинни қиздириб олишни ёқтиради ва умидимиз шуки, у Олимпиадага оптимал формада етиб келади.

Маълумот учун: Жавоҳир Синдаровнинг халқаро турнирларга, жумладан, 2026 йилги Самарқанддаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлиги, иштироки ҳамда мураббийлар билан ишлаш жараёни Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.

— Демак, бу умумий тонус учун фойдали бўлиши мумкин экан-да?

— Ҳа, бу жуда фойдали бўлиши мумкин. Баъзан муҳим старт олдидан бошқа, унчалик муҳим бўлмаган қандайдир мусобақада ўйнаб олиш керак бўлади. Гоҳида қандайдир салбий энергия парчалари, танадаги зўриқишлар ўша мусобақада қолиб кетади.

Жавоҳир Синдаров ва Магнус Карлсен Global Chess League`да.

— Терма жамоа таркиби жуда мантиқий кўринмоқда ва доскалар тақсимоти ҳам рейтингга мос келади. Одамлар орасида турлича фикр пайдо бўлиши мумкин бўлган ягона жиҳат — биринчи ва иккинчи доскалар. Айтинг-чи, Жавоҳир Синдаров қаерда, Нодирбек Абдусатторов қаерда ўйнаши борасида якуний қарор қандай қабул қилинди ва уларнинг ўзлари буни қандай қабул қилди?

— Якуний қарор — ҳозирча бизнинг спорт сиримиз. Интернетда тарқалган таркиблар — ҳали доскалар бўйича тақсимланмаган. Қарор бор, лекин у эълон қилинмаяпти.

Маълумот учун: жамоавий шахматда «биринчи», «иккинчи», «учинчи» ва ҳоказо доскалар — жамоа ичидаги ўйинчиларнинг ўрнидир. Олимпиадада ҳар бир учрашув учун жамоа тўрт нафар шахматчини майдонга туширади: биринчи доскадаги ўйинчи рақибнинг биринчи доскаси билан, иккинчиси — иккинчиси билан ва ҳоказо баҳслашади.

Биринчи доска одатда жамоанинг энг кучли ёки энг нуфузли ўйинчисига ажратилади. Одатда энг оғир рақобат айнан унга тўғри келади: бошқа терма жамоалар етакчилари, супергроссмейстерлар, жаҳон тожига даъвогарлар. Шу сабабли биринчи доска психологик аҳамиятга ҳам эга — унинг иштирокчиси кўп жиҳатдан жамоа етакчиси сифатида қабул қилинади.

Иккинчи доска ҳам жуда кучли рақибларга қарши ўйнайди, бироқ баъзан бу тақсимотдан стратегик мақсадларда фойдаланилади. Агар жамоа жисмоний/руҳий форма, психология ёки кутилаётган рақиблар нуқтаи назаридан бошқа тартиб маъқулроқ деб ҳисобласа, биринчи доскага рейтинг бўйича энг юқори бўлган шахматчини қўймаслиги ҳам мумкин.

Шу билан бирга, исталган доскадаги очконинг қиймати бир хил: биринчи доскадаги ғалаба тўртинчи доскадаги ғалабадан қимматлироқ эмас. Жамоавий баҳсда барча тўрт партия натижалари жамланади. Масалан, 2,5:1,5 — жамоа ғалабаси ҳисобланади.

— Иккала ўйинчи ҳам бу қарорга розими? Ҳеч қандай саволлар туғилмадими?

— Бизда бу — бутун жамоанинг қарори. Йигитларнинг бир-бирига муносабати жуда самимий ва яхши. Бу борада ҳаммаси жойида.

Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров Гонконгдаги рапид ва блиц бўйича жамоавий Жаҳон чемпионатида. Фото: Michal Walusza / ФИДЕНодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров Гонконгдаги рапид ва блиц бўйича жамоавий Жаҳон чемпионатида. Фото: Michal Walusza / ФИДЕ

— Бошқа жамоалар таркиби ҳақида гапирадиган бўлсак. АҚШ, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар каби доимий фаворитлар борлиги тушунарли… Сизнингча, сюрприз тақдим эта оладиган жамоалар борми?

— Аввалги Олимпиадада, масалан, бизнинг терма жамоамиз Вьетнамга ютқазиб қўйган эди. Ваҳоланки, у жамоа ҳеч бир фаворитлар рўйхатига киритилмаган бўларди.

Хавфли жамоалар жуда кўп: Польша, Германия, Сербия, Англия, Франция. Осиё жамоалари ичида одатдагидек Эрон хавфли. Туркиянинг таркиби жуда ёш ва жуда хавфли. Анъанага кўра, Озарбайжон — кучли жамоа. Олимпиадаларда одатда Арманистон ҳам жиддий рақиб ҳисобланади.

Буларнинг барчаси кучли учлик-тўртликка кирмайдиган жамоалар. Аммо уларнинг бари ниҳоятда хавфли.

Бундан ташқари, асосий «оғир вазнлилар» бор. Бу тўртлик — Хитой, АҚШ, Ҳиндистон ва Ўзбекистон. Аслида, турли одамлар уларни турлича тартибда баҳолашади. Олимпиада ҳеч ким учун осон бўлмайди.

— Бизда илк бор нақ учта жамоани майдонга тушириш имконияти пайдо бўлди. Иккинчи ва учинчи терма жамоалар ҳақида ҳам икки оғиз гапира оласизми?

— Иккинчи ва учинчи терма жамоалар менинг вазифаларим доирасига кирмайди. Мен фақат шуни биламанки, йигитларимиз жуда яхши, жуда ёш ва келажаги жуда порлоқ. Масалан, иккинчи ва ҳатто учинчи жамоа билан бўладиган ўйин ҳам биз учун осон кечмайди.

Мен уларни тилга олмадим, чунки улар ўз юртимиз вакиллари, аммо аслида энг оғир кечиши мумкин бўлган баҳслар орасида бошқа термаларимиз билан ўйинлар ҳам бор. Бу ҳамиша мураккаб. Руҳий жиҳатдан — биз учун ҳам, улар учун ҳам. Бу — бутун бошли алоҳида бир тарих. Умид қиламанки, биз бундай тўқнашувга дуч келмаймиз.

— Сиз ушбу Олимпиадада капитан бўлдингиз. Аввалгисида бизда Владимир Крамник, ундан олдингисида эса Иван Соколов эди. Ўша мураббийлар билан ҳамкорлик қандайдир даражада давом этяптими? Йигитларда улардан қандай таассурот қолган?

— Йигитларимизнинг мураббийлари кўп. Мен тафсилотларга тўхталиб ўтиришни истамасдим, чунки бу ҳам рақибларимиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган маълумот. Шу боис исмларни айтишни хоҳламайман.

Менимча, энг маъқули, энг ёқимлиси — турнирда ғолиб чиқиш ва шундан кейингина барча тафсилотларни очиқлаш. «Мана, биз ютиб чиқдик, энди бунга ҳисса қўшган инсонларнинг исмларини етти дақиқа давомида ўқиб берсак ҳам бўлади», дейиш керак.

Бизнинг ҳолатимизда бу ишга юзлаб, минглаб одамлар жалб этилган. Шахмат федерацияси ва давлат томонидан ҳақиқатан ҳам кўлами бўйича феноменал даражадаги ишлар қилинмоқда.

— У ҳолда турнир якунида барча нозик жиҳатларни яна бир бор гаплашиб олиш учун айнан мана шундай сабаб бўлади, деб умид қиламиз.

— Мен ҳам бунга жуда умид қиламан. Гарчи бир-икки ойдан кейин Жавоҳир Синдаров жаҳон тожи учун баҳс олиб бориши керак бўлса-да, мен учун Олимпиада барибир бош воқеа бўлиб қолаверади. Ҳеч бўлмаганда, бу терма жамоа бўлгани ва воқеалар Ўзбекистонда кечаётгани учун ҳам шундай. Ҳозир бор фикримиз Олимпиада билан банд ва биз ёрдам бериши мумкин бўлган ҳар бир майда детални синчковлик билан ўйлаб чиқишга ҳаракат қиляпмиз.

Ҳатто рафиқам ҳам бизни қўллаб-қувватлаш учун учиб келмоқда. Унинг ўзи ҳам собиқ спортчи, мени ва терма жамоани қўллаб-қувватлаш мақсадида бир нечта шахмат Олимпиадаларида бўлган. У йигитларни ҳам, шахматни ҳам жуда яхши тушунади, профессионал спортни ҳам билади. Яъни биз барча энг яхши кучларни ишга солмоқдамиз.

— Бироз ўзингиз ҳақингизда гаплашсак. Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) вице президентлиги сайловига ўз номзодингизни қўяётганингиз ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Имкон бўлса, бу ҳақда ҳам бироз айтиб берсангиз?

Рустам Қосимжонов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида.Рустам Қосимжонов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида.

— Ҳозирча бирор нарса дейишга эрта. Тушунишимча, Ўзбекистон шахмат федерацияси мени бу лавозимда фойдали бўлади, деб ҳисобламоқда.

«ФИДЕ вице президенти» деган сўз аслидан кўра анча жарангдор эшитилади. Билишимча, у ерда саккизта вице президент бор ва бу ташкилотдаги иккинчи одам дегани эмас. Бу — кўпроқ фахрий лавозим, директорлар кенгаши, кузатув кенгашига ўхшаш бир нарса.

Буларнинг барчаси мен учун биринчи марта ва мутлақо янги тажриба, ўз томонимдан эса бор эътиборимни айнан Олимпиаданинг ўзига, терма жамоамизнинг иштирокига қаратаман.

Мен Самарқандга йигитларимизга ёрдам бериш учун келмоқдаман. Сайловда нима юз беришини эса овоз берувчи делегатлар ҳал қилади. Шахмат оламида анча таниқли номга, яхши обрўга эга эканимни ва турнир Ўзбекистонда ўтаётганини ҳисобга олсак, менинг имкониятларим анча яхши деб ўйлайман. Аммо асло юз фоиз эмас.

У ерда номзодини қўяётган, жуда таниқли, Макропулос каби ФИДЕнинг энг юқори поғоналарида ишлаган одамлар жуда кўп. Хитойлик собиқ жаҳон чемпиони бўлган аёл номзодини қўймоқда, шахмат оламидаги бошқа таниқли инсонлар ўз номзодларини илгари сурмоқда. Шу сабабли, ҳа, сиёсатдан жуда ва жуда йироқ бўлсам-да, бу осон бўлмаслигини биламан. Лекин бу Самарқандда туриб ўйлайдиган масалам эмас.

— Вице президентлик лавозими бирор президентликка номзоднинг жамоасида бўлиш билан боғлиқми?

— Бу — мутлақо алоҳида масала. Мен ҳеч кимнинг дастурида йўқман, айни пайтда ўз номзодини қўйишга уринаётган бирорта шахс билан ҳам боғлиқ жойим йўқ.

Агар мени сайлашса, қандайдир дастурнинг бир қисми ёки кимнингдир, таъбир жоиз бўлса, президентлик командасининг бир бўлаги сифатида сайламайди. Агар ўтсам, фақат шахмат оламида мени ҳурмат қилишгани ва қадрлашгани учун ўтаман, қайсидир шахсларнинг саралангани туфайли эмас.

— Команда учун ўйнашнинг ўзига хослиги нимада? Бундай форматнинг бирор жиҳати борми?

— Ўзига хосликлари бор. Менимча, баъзи шахматчиларга команда учун ўйнаш енгилроқ туйилади. Елкадошлик туйғуси, масъулият ҳисси айримларга ёрдам беради. Умид қиламанки, Ўзбекистон шароитида бу хусусият фақат ижобий томонлама таъсир кўрсатади.

Ва жамоамиз ҳозир, шубҳасиз, Олимпиадада ғалаба қозонган тўрт йил аввалги ҳолатидан кучлироқ. Шунинг учун мен вазмин оптимизм ичидаман.

Рустам Қосимжонов Ўзбекистондаги йиғинда жамоа билан бирга. Фото: Ўзбекистон шахмат федерациясиРустам Қосимжонов Ўзбекистондаги йиғинда жамоа билан бирга. Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

— Сиз ўйинчи сифатида мамлакат шарафини ҳимоя қилаётганда ўзингизни қанчалик ишончли ҳис қилардингиз? Бу сизга қўшимча масъулият юклармиди ёки, аксинча, руҳлантирармиди?

— Мен жуда кўп Олимпиадаларда ўйнаганман ва уларнинг аксариятида — биринчи доскада бўлганман. Барча доскалар тенг ва ҳамма очколар бир хил ҳисобланса-да, жамоа етакчисининг муайян роли борлигини ҳар доим ҳис қилганман ва ҳозир ҳам шу фикрдаман.

Олимпиадада ўйинчилар жамоа етакчисига эргашади, деб ўйлардим доим. Агар етакчи яхши ўйнаса, кўп ҳолларда бутун жамоа ҳам яхши ўйнайди. Бу ҳолатнинг қандайдир психологик таъсири бор.

Шунинг учун — ҳа, мен доимо бу масъулиятни ҳис қилганман. Аммо бу менга босим ўтказмагандек туйиларди. Узоқ йиллар давомида яққол биринчи рақамли, яққол энг кучли ва энг тажрибали шахматчи бўлиб келганим боис терма жамоани ортимдан эргаштириш менинг муқаддас бурчим деб билардим.

Ҳозир бизда кучли шахматчилар, ташаббусни ўз қўлига ола биладиганлар жуда кўп. Тўғри, бир-иккита доскада тажрибаси бироз камроқ йигитларимиз ҳам бор. Аммо улар етакчи доскаларимизга қараб интилади ва ўз ўйинини керакли даражага чиқариб олади.

Ана ўшанда бизда биринчи ўринга даъвогарлик қиладиган ўша асл жамоа шаклланади.


Қайд этиш жоизки, 26 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтадиган ФИДЕ президентлиги сайловида уч нафар номзод рўйхатга олинган. Немис тадбиркори ва Freestyle Chess ҳаммуассиси Ян Ҳенрик Бюттнер сайловга британиялик халқаро тоифадаги устоз, ташкилотчи ва журналист Малкольм Пейн билан бирга бормоқда.

WR Chess асосчиси Вадим Розенштейн сингапурлик тадбиркор Гордон Танг билан тандемда ўз номзодини илгари сурди. Унинг сайловолди жамоасига Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳам кирган.

Учинчи номзод — 2023 йилдан буён Қозоғистон шахмат федерациясини бошқариб келаётган қозоғистонлик тадбиркор ва Freedom Holding асосчиси Тимур Турловдир. Унинг президент ўринбосарлиги учун номзоди кўп карра жаҳон чемпиони ва амалдаги ФИДЕ президенти ўринбосари Вишванатан Ананддир.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *