Олий Мажлис Сенатининг 10 сентябрдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди.
Қайд этилишича, ҳужжат қонунчиликдаги такрорланишлар ва номувофиқликларни бартараф этиш, ҳуқуқий нормаларни бирлаштириш ҳамда амалиётдаги бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган.
Оммавий тартибсизликларга чек қўйиш ва вазифалар оптималлашуви
Президентнинг 2021 йил 29 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган «Жамоат хавфсизлиги концепцияси»га мувофиқ, Миллий гвардия органларининг асосий вазифалари 12 тадан 11 тага тизимлаштирилмоқда.
Қонун жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатларга чек қўйиш бўйича тадбирларни мустақил равишда ёки ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда амалга оширишга оид янги вазифа билан тўлдирилмоқда.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли пунктларидаги жамоат жойларида патруллик қилиш ҳамда давлат ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш билан боғлиқ вазифалар «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштирилиб, устуворлиги бўйича қайта тартибланмоқда.
Фуқаролар билан мулоқот ва ўзини таништириш тартиби
Амалдаги қонунчиликда Миллий гвардия ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида фуқаролар билан мулоқотга киришганда ўзини таништириш тартиби белгиланмаган эди. Янги ҳужжат билан қонуннинг 6-моддасига (Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш принципи) қуйидаги қатъий талаблар киритилмоқда:
- Фуқарога мурожаат этганда: ҳарбий хизматчи ўз лавозими, унвони, фамилияси, исми ва отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилиш сабаби ва мақсадини маълум қилиши шарт.
- Ҳуқуқ ва эркинликлар чекланганда: фуқарога нисбатан чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чораларнинг сабаб ва асосларини, шунингдек, фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши шарт.
- Фуқаро мурожаат этган тақдирда: ҳарбий хизматчи ўз лавозими, унвони, тўлиқ шарифини айтиши, мурожаатни диққат билан эшитиши, ўз ваколати доирасида тегишли чоралар кўриши ёки масалани ҳал этиш қайси орган ваколатига киришини тушунтириши шарт.
Махсус воситалар ва хос бўлмаган функцияларнинг чиқариб ташланиши
Қонун билан жамоат хавфсизлигини таъминлашда махсус воситаларнинг замонавий турларидан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, Миллий гвардия органлари зиммасидан уларнинг асосий фаолият йўналишига тўғри келмайдиган қуйидаги соҳалар ва ваколатлар чиқариб ташланмоқда:
- ахборот ва давлат сирларини ҳимоя қилиш;
- ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва махсус алоқани ташкил этиш;
- ахборот тизимлари ва ҳимоя воситаларини сертификатлаш;
- ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш ҳамда бу соҳада назорат ва текширувларни амалга ошириш.
