Навоий кон-металлургия комбинатининг «Пистали» конида автомобиль шинаси портлаши оқибатида икки нафар ходим ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда НКМК.
Ҳодиса 10 сентябрь куни соат 15:00 атрофида «Қизилқум» кон бошқармаси Автомобиль транспорти бошқармасининг «Пистали» 1-транспорт цехининг фойдаланишда бўлган автомобиль шиналарини сақлаш майдонида юз берган.
Қувур ташувчи автомашинанинг тиркамасида шиномонтаж ишларини бажариш вақтида шина портлаб кетган. Оқибатда корхонанинг 2 нафар ишчиси вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, назорат қилувчи давлат ташкилотлари томонидан махсус текшириш тайинланиб, бахтсиз ҳодисанинг содир бўлиш ҳолатлари ва келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
Комбинат раҳбарияти ва масъул хизматлари томонидан бу каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилаётгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида ушбу комбинатнинг «Мурунтов» конида БелАЗ русумли карьер самосвали хизмат пикапини босиб кетганди. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган.
