• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президентга Тошкентнинг Олмазор туманидаги минорали автотураргоҳ кўрсатилди


Президент Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Кичқириқ маҳалласига ташриф буюрди. Бу ерда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари якунланган.

«Обод маҳалла» дастури доирасида амалга оширилган ишлар учун маҳаллий бюджетдан 71,4 млрд сўм ажратилган.

Маҳалла 30 йилдан ортиқ вақт аввал ташкил этилган. Бу ерда 23 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, улардаги 1416 та хонадонда 5400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Асосий объектлардан бири Кичқириқ канали бўйлаб ташкил этилган 2,4 км узунликдаги сайр ҳудуди бўлди. Президент Администрацияси маълумотига кўра, бу ерда 12,4 км пиёдалар йўлаклари барпо этилган, яшил ҳудудлар кенгайтирилган, айвон, 14 та шийпон, фавворалар ва сув чархпалаги қурилган.

Маҳаллада қарийб 6500 туп манзарали ва мевали дарахт экилган, уйларнинг фасадлари янгиланган, ўриндиқлар ва ёритиш чироқлари ўрнатилган. Шунингдек, 12 та воркаут майдончаси, учта футбол майдони ва кутубхоналар ташкил этилган.

Ҳозирда маҳалла ҳудудида 47 нафар тадбиркор фаолият юритмоқда. Янги лойиҳалар доирасида 61 та иш ўрни яратилган.

Ташриф давомида президент аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар билан ҳам танишди.

Маҳаллада, шунингдек, мамлакатдаги дастлабки минорали автотураргоҳлардан бири ўрнатилди. Саккиз қаватли иншоот лифт тамойили асосида ишлайди: марказий кўтаргич автомобилни қабул қилиб, уни автоматик равишда бўш жойга жойлаштиради. Автотураргоҳ 16 та машинага мўлжалланган.

Бундан ташқари, бу ерда жамоат ва маданий тадбирларни ўтказиш учун амфитеатр барпо этилган.

Президент 1976 йилда очилган 441-сонли болалар боғчасига ҳам ташриф буюрди. Муассасанинг бўш ҳудудида 450 ўринли иккита янги бино қурилди. Натижада боғчанинг умумий сиғими 835 нафар болага етди.

Боғчада болалар иммунитетини мустаҳкамлаш ва нафас йўллари касалликларининг олдини олиш мақсадида махсус туз хонаси ташкил этилган. Шунингдек, инглиз тили, ментал арифметика, расм чизиш, мусиқа, бадиий гимнастика, шахмат ва таэквондо бўйича машғулотлар йўлга қўйилган.

Шавкат Мирзиёевга ўйинлар ва рақамли воситалар орқали давлат тилини ўрганишга мўлжалланган «Ўзбек тилини ўйнаб ўрганамиз» интерактив платформаси ҳам тақдим этилди.

Бундан ташқари, президент йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тўгарак фаолияти билан танишди. У болаларга кичик ёшданоқ йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларини ўргатиш мақсадида бундай машғулотларни бошқа боғчаларда ҳам йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *