• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Рақобат қўмитаси кечиккан маҳаллий авиарейслар йўловчиларига компенсация тўланишини ўрганмоқда


Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маҳаллий авиарейслар ташувчининг айби билан кечиккан ҳолатларда йўловчиларга компенсация тўланиши ва истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳаво транспорти хизматлари бўйича истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар сони сезиларли даражада ошган. 2026 йилнинг биринчи ярмида бундай мурожаатлар сони 300 тадан ортиқни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 баробарга кўпайган.

Мурожаатларда асосан авиарейсларнинг бир неча соатга кечикиши, йўловчиларга ўз вақтида аниқ ахборот берилмаслиги, хизматлар сифатининг пастлиги ҳамда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиниши каби ҳолатлар қайд этилган.

Қўмита таҳлилларига кўра, айрим ҳолатларда ташувчининг айби билан кечиккан рейслар бўйича йўловчиларга компенсация тўланмаган ёки уларга муқобил ечим таклиф этилмаган. Қўмита бундай ҳолатлар фуқароларнинг вақти, маблағи ва олдиндан тузган режаларига жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Ҳозирда Рақобат қўмитаси маҳаллий авиарейслар ташувчининг айби билан кечикканда йўловчиларга компенсация тўланиши ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши ҳолатларини очиқ манбалар асосида ўрганмоқда.

Қўмита авиакомпаниялардан ўз рақамли платформаларидаги ахборотларни тўлиқ тақдим этиш ва уларни амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштиришни сўради.

Шунингдек, фуқароларга ҳаво транспорти хизматлари бўйича ўз таклиф ва эътирозлари юзасидан Рақобат қўмитасига мурожаат қилиш тавсия этилди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Рақобат қўмитаси хусусий авиакомпаниялар — Centrum Air ва Qanot Sharq фаолияти юзасидан Фуқаро авиацияси агентлигига (Ўзавиация) сўров юборган эди. Бунга рейсларнинг кечикиши, ортиқча билет сотилиши ва йўловчилар ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги мурожаатлар сабаб бўлган.

Ўшанда қўмита авиақатновлар бўйича истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар сони ортиб бораётганини маълум қилган эди. Хусусан, 2025 йилда бундай мурожаатлар 127 тани ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида улар сони 145 тага етган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *