2001 йил 11 сентябрь воқеалари хронологияси
11 сентябрь тонгида «Ал-Қоида»нинг 19 нафар террорчиси АҚШ бўйлаб ички рейсларни амалга ошираётган тўртта Boeing йўловчи самолётини гаровга олди. Барча рейслар қитъалараро бўлгани сабабли лайнерларга жуда кўп миқдорда ёнилғи қуйилганди. Иккита Boeing 767 — American Airlines 11 ва United Airlines 175 рейслари Бостондан Лос Анжелесга; яна иккита Boeing 757 — American Airlines 77 ва United Airlines 93 рейслари эса мос равишда Вашингтондан Лос Анжелесга ҳамда Ньюаркдан Сан Францискога учаётганди.
Маҳаллий вақт билан соат 08:46 да American Airlines 11 самолёти Бутунжаҳон савдо марказининг Шимолий минорасига бориб урилди. Соат 09:03 да United Airlines 175 Жанубий минорага зарба берди. 09:37 да American Airlines 77 Вашингтон яқинидаги Пентагон биносига (АҚШ Мудофаа вазирлиги қароргоҳи) урилди. 10:03 да эса United Airlines 93 Пенсильваниядаги далага қулади.
United Airlines 93 рейсининг аниқ нишони расман белгиланмаган, аммо 9/11 воқеаларини ўрганиш бўйича махсус комиссия террорчилар катта эҳтимол билан Вашингтондаги Капитолий ёки Оқ уйга ҳужум қилишни режалаштирган деган хулосага келган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари яқинлари билан телефон орқали гаплашиб, эгизак минораларга қилинган ҳужумлардан хабар топган ҳамда жангариларга қаршилик кўрсатган. Натижада самолёт Вашингтонгача етиб бора олмаган.
Жанубий минора зарбадан 56 дақиқа ўтиб, соат 09:59 да, Шимолий минора эса 102 дақиқа ўтиб, 10:28 да қулаб тушган.

Ҳужумлар оқибатида 2977 киши (19 нафар террорчидан ташқари) ҳалок бўлган. Улардан 2600 дан ортиғи Бутунжаҳон савдо марказида, 125 нафари Пентагонда, 256 нафари эса тўртта самолёт бортида қурбон бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 441 нафар фавқулодда хизматлар ходими бор эди — бу АҚШ тарихидаги қутқарувчиларнинг энг катта бир марталик йўқотишига айланган.
Қарийб 400 минг киши 9/11 фожиаси билан боғлиқ токсик чиқиндилар ва бошқа хавфли омиллар таъсирига дучор бўлган. Федерал World Trade Center Health Program дастурининг 2026 йил 30 июнь ҳолатидаги маълумотларига кўра, дастурнинг 145 275 нафар иштирокчисидан (қутқарувчилар, оқибатларни бартараф этувчилар ва омон қолганлар) 67,3 фоизида 9/11 билан бевосита боғлиқ камида битта тасдиқланган касаллик мавжуд бўлган.

Ҳужум ташкилотчилари
Терактлар «Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти томонидан амалга оширилган. 9/11 бўйича комиссия хулосасига кўра, 1998 йил охири — 1999 йил бошларида ташкилот етакчиси Усама бин Лодин Холид Шайх Муҳаммад (ХШМ) таклиф қилган йўловчи самолётларидан фойдаланган ҳолда ҳужум уюштириш режасини маъқуллаган. ХШМ ушбу операциянинг бош ташкилотчиси ва мувофиқлаштирувчисига айланган.
Бин Лодин ва унинг ўринбосари Муҳаммад Атеф бўлажак босқинчиларни танлаб олишда ҳамда операцияни тайёрлашда шахсан иштирок этган. Ҳужумга эгаллаб олинган самолётлар сонига кўра тўрт гуруҳга бўлинган жами 19 нафар жангари жалб этилган. Уларнинг барчаси ҳужумдан икки ой олдин АҚШ ҳудудига кириб келган бўлган.
9/11 воқеаларидан сўнг Бин Лодин Афғонистон ва Покистонда яшириниб юрган. У 2011 йил 2 май куни Покистоннинг Абботобод шаҳридаги бошпанасига АҚШ махсус кучлари уюштирган рейд чоғида ўлдирилган. Муҳаммад Атеф 2001 йил ноябрида Афғонистонда АҚШ авиазарбаси натижасида ҳалок бўлган. Холид Шайх Муҳаммад эса 2003 йил мартида Покистонда қўлга олинган. У узоқ вақт давомида Марказий разведка бошқармасининг махфий қамоқхоналарида сақланган. 2006 йилдан буён у АҚШнинг Гуантанамо базасидаги ҳарбий қамоқхонасида қолмоқда. 2026 йил сентябрь ҳолатига кўра, у ҳали ҳам ҳибсда сақланмоқда ва унга нисбатан суд ҳукми ўқилмаган. У ва яна уч нафар айбланувчи устидан суд жараёни 2028 йилнинг июнига белгиланган.
9/11`нинг АҚШ ичидаги ва ташқарисидаги оқибатлари
«Терроризмга қарши уруш»: Терактлардан сўнг президент Жорж Буш маъмурияти халқаро терроризмга қарши глобал кампания эълон қилган. 2001 йил октябрь ойида АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонда «Ал-Қоида» ҳамда жангариларга бошпана берган «Толибон» ҳаракатига қарши ҳарбий операция бошлаган. Афғонистондаги уруш қарийб 20 йил давом этиб, 2021 йилда Америка қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши билан якунланган.
2003 йилда АҚШ Ироққа бостириб кирган. 9/11 бўйича комиссия Ироқнинг АҚШга қарши ҳужумларда «Ал-Қоида» билан ҳамкорлик қилганига оид ишончли далилларга эга эмаслигини очиқ билдирган. Буш маъмурияти эса Ироққа қарши уруш қарорини Саддам Ҳусайн режимида оммавий қирғин қуроллари мавжудлиги тахмини ва унинг «Ал-Қоида» билан алоқалари хавфи билан асослаган.

9/11 воқеаларидан бир ярим ой ўтгач, АҚШ Конгресси федерал идораларнинг терроризмни тергов қилиш, кузатув ва ахборот олиш соҳасидаги ваколатларини кенгайтирувчи USA PATRIOT Act қонунини қабул қилган.
2002 йилда Конгресс мамлакатни террорчилик таҳдидларидан ҳимоя қилиш ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун 22 та агентликни бирлаштирган АҚШ Ички хавфсизлик департаментини (DHS) ташкил этиш тўғрисидаги Homeland Security Act қонунини қабул қилган.

Ipsos сўровига кўра, 2001 йил 11 сентябрь терактлари аксарият вояга етган америкаликлар хотирасидаги энг муҳим тарихий воқеа бўлиб қолмоқда ва бу кўрсаткич бўйича COVID-19 пандемияси ҳамда Барак Обама ва Дональд Трампнинг президент этиб сайланиши каби воқеалардан сезиларли даражада олдинда туради.

Бутунжаҳон савдо маркази миноралари ўрнида 11 сентябрь Миллий мемориали ва музейи очилган. Мемориал собиқ Шимолий ва Жанубий минораларнинг аниқ пойдевори ўлчамларини такрорловчи иккита улкан сув ҳавзасидан иборат. Ҳавзалар четидаги бронза тўсиқларга теракт қурбонларининг барчасининг исм-шарифлари ўйиб ёзилган.

