• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

11 сентябрдаги терактдан мўжизавий тарзда омон қолган Брайан Кларк ва Стэнли Праймнат ҳикояси


2001 йилнинг 11 сентябрида Нью Йоркдаги эгизак минораларга самолётлар келиб урилганида, икки мингга яқин одам юқори қаватларда — зарба ҳудудида қамалиб қолганди. Тутун ва олов уларнинг на юқорига ва на пастга ҳаракатланишига имкон бермаган. Улардан баъзилари олов ичида қолган, баъзилари оловдан қочиб, ўзларини деразадан пастга ташлаб ҳалок бўлган. Кейинчалик эълон қилинган маълумотларга кўра, улардан атиги 18 нафари қутулиб чиқишга муваффақ бўлган. Брайан Кларк ва Стэнли Праймнат — жаҳон тарихидаги энг катта терактдан мўжизавий тарзда омон қолганлардан.

11 сентябрь санаси муносабати билан Gazeta уларнинг Meduza нашрида эълон қилинган, афсонага айланган ҳикоясини эътиборингизга ҳавола қилади.

Бундан роппа-роса 25 йил аввал — 2001 йилнинг 11 сентябрида жаҳон тарихидаги энг йирик теракт содир бўлган эди. «Ал-Қоида» жангарилари АҚШда тўртта йўловчи самолётини қўлга олди. Улардан иккитаси Нью Йоркдаги Бутунжаҳон савдо маркази минораларига, учинчиси Пентагон биносига бориб урилди, тўртинчиси эса Вашингтонга етиб бормай, далага қулаб тушди (тахминларга кўра, унинг нишони Капитолий бўлиши керак эди). Ўшанда терактлар оқибатида 2977 киши ҳалок бўлди, улардан 2606 нафари эгизак минораларга қилинган ҳужум қурбонларидир. БСМда ҳалок бўлганларнинг аксарияти ва улардан юқорида жойлашган идоралар ходимлари эди. Шимолий минорада уларнинг бирортаси ҳам омон қолмади, Жанубий минорада эса атиги 18 киши жон сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Жанубий минорада самолёт зарба берган қаватлар ва ундан юқоридаги қаватларда бўлганлардан 619 киши ҳалок бўлди. Аввалига ушбу минорада 78-қаватдан юқорида бўлганлардан атиги тўрт киши омон қолган деб ҳисобланган эди. Кейинроқ расмийлар бундай одамлар сони 18 нафар бўлганини аниқлади. Шимолий минорада эса зарба берилган қаватлар ва ундан юқоридаги қаватларда 1355 киши қолиб кетган эди. Улардан ҳеч ким тирик қолмади.

Брайан Кларк ва Стэнли Праймнатнинг омон қолиши теракт билан боғлиқ энг машҳур воқеалардан бирига айланди. Стэнли Жанубий миноранинг самолёт келиб урилган қаватларидан бирида ишларди. Ундан юқори қаватлардан бирида ишлайдиган Брайан уни топиб, вайроналар остидан тортиб олди, сўнг улар биргаликда бутун қолган ягона зина орқали пастга тушиб, бино қулашидан бир неча дақиқа олдин ташқарига чиқишга улгурди. Ўша куни Кларк ва Праймнат бундан кейин ўзларини туғишган ака-ука деб ҳисоблашга қарор қилди. Улар ҳозиргача дўстлик алоқаларини сақлаб келмоқда. Уларнинг ҳаётий ҳикояси ўнлаб мақолалар, телекўрсатувлар ва ҳужжатли фильмларда тасвирланган. Шунга қарамай, орадан чорак аср ўтиб ҳам бу ҳикоя кишини ҳайратга солади.

Брайан Кларк ва Стэнли Праймнат Бутунжаҳон савдо марказидаги илк террорчилик ҳужумини 1993 йилда бошдан кечирган. Ўшанда БСМ Шимолий минорасининг ерости гаражида портловчи моддалар ортилган юк машинаси портлатилган эди. Бунинг оқибатида олти киши ҳалок бўлган, мингдан ортиқ одам жароҳатланган. Ўша пайтда Кларк ҳам, Праймнат ҳам эгизак минораларда ишларди, лекин бир-бирини танимас эди. Улар 2001 йил 11 сентябрда танишган.

Асли канадалик бўлган Брайан Кларк Euro Brokers брокерлик фирмасининг вице президенти бўлиб, фирманинг офиси Жанубий миноранинг 84-қаватида жойлашган эди. 11 сентябрь куни эрталаб у одатдагидек ўз кабинетида ўтирганди. Соат 8:46 да Кларк қулоқларни қоматга келтирадиган даҳшатли гумбурлашни эшитди. Деразага ўгирилиб, алангани кўрди. Бу Шимолий минорага келиб урилган биринчи самолёт эди, бироқ Кларк ўша пайтда бундан бехабар эди.

1993 йилги террорчилик ҳужумидан сўнг у БСМнинг кўнгилли ўт ўчирувчилар гуруҳига қўшилган ва ҳамкасбларини офисдан эвакуация қилишга масъул бўлган. Дераза ортидаги ёнғинни кўриб, у юқорида нимадир портлади ва ҳамма зудлик билан чиқиб кетиши керак деб ўйлади. Лекин Euro Brokers идорасидаги одатда молиявий маълумотларни кўрсатиб турадиган телевизорлар бир зумда БСМга самолёт келиб урилгани ҳақидаги шошилинч янгиликларга ўтди.

Euro Brokers ходимлари бошқа, яъни Шимолий минора зарар кўрганини тушунди. Бино маъмурияти Жанубий минорада хавф йўқлигини эълон қилди. Кларк ва унинг йигирмага яқин ҳамкасби идорада қолди. Улар энди чиқиб кетишга ҳожат йўқлигини англаган, бироқ қўрқув ва хавотирда эди: идора деразаларидан Шимолий минорада ёнғин чиққани ва юқори қаватлардан одамлар ўзини ташлаётгани кўриниб турарди.

Шимолий миноранинг самолёт зарбаси берилган ҳудудида ва ундан юқорида бўлган одамлар қутулиб қололмади. Айримлар олов ичида қолиш ёки жуда баланд қаватдан сакраш ўртасида танловга дуч келиб, деразалардан ўзларини ташлади.

Фото: Jeff Christensen / Scanpix / LETA.

Стэнли Праймнатнинг офиси Брайан Кларкнинг офисидан уч қават пастда, Жанубий миноранинг 81-қаватида жойлашган эди. Праймнат — гайаналик муҳожир — ўша пайтда Fuji Bank`да кредит масалалари бўйича мутахассис бўлиб ишларди. У автожавоббергичдаги хабарларни текшираётганида, дераза ортида вайроналар пастга қулаб тушаётганини кўрди.

У Fuji Банк`даги ҳамкасблари билан вестибюлга тушганида, уларни қўриқчи тўхтатди. Праймнатнинг хотирлашича, улар ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтган: «Қаёққа кетяпсизлар?» — «Биз Шимолий минорада ёнғин бўлаётганини кўрдик». — «Бу — шунчаки бахтсиз ҳодиса. Жанубий минора хавфсиз. Офисингизга қайтинг». Бу маслаҳат Праймнатнинг аксарият ҳамкасбларини ўлимга маҳкум этганди.

Праймнат яна юқорига кўтарилганида, иш столи устидаги телефон жиринглаётганини эшитди. Қўнғироқ қилаётган Чикагодаги ҳамкасби эди. У Праймнатнинг аҳволи яхши эканига ишонч ҳосил қилмоқчи эди. У ҳаммаси жойидалигини билдириб, деразага ўгирилди. United Airlines ёзувли улкан самолёт тўппа-тўғри унинг устига учиб келаётган эди. Ўта диндор одам бўлган Праймнат гўшакни тушириб юборди ва хитоб қилди: «Эй Худо, ҳаммасини ўзингга топширдим — менинг қўлимдан энди ҳеч нарса келмайди». У иш столи остига йиқилиб, ғужанак бўлиб олди.

Соат эрталабки 9:03, иккинчи самолёт Жанубий минорага келиб урилган эди. Праймнат 77-қаватдан 85-қаватгача бўлган тўққиз қаватни ўз ичига олган зарба ҳудудининг марказида қолган эди. Унинг бўлими эшиги тирқишида ёнаётган қанот парчаси тиқилиб қолганди.

United Airlines йўловчи самолёти Жанубий минорага бориб урилган лаҳза. Фото: Seth Mcallister / AFP / Scanpix / LETA.United Airlines йўловчи самолёти Жанубий минорага бориб урилган лаҳза. Фото: Seth Mcallister / AFP / Scanpix / LETA.

Ёнаётган эгизак миноралар. Чапда — Жанубий, ўнгда — Шимолий минора. Фото: Thomas Nilsson / Getty Images.Ёнаётган эгизак миноралар. Чапда — Жанубий, ўнгда — Шимолий минора. Фото: Thomas Nilsson / Getty Images.

Ҳужум пайтида Кларк ҳам ўз офисида эди. У яқинлашаётган самолётни кўрмади, бироқ гумбурлаган ва қарсиллаган овозни эшитди, атрофидаги ҳамма нарса қулаб туша бошлади, у ерни оқиш чанг қоплади. Кларк миноранинг чайқалганини ҳис қилди. У минора ҳозир қулаб тушади деган хавотирда даҳшатга тушди, лекин бундай бўлмади. Ўзи билан олиб юрган фонарини ёқиб, чиқиш йўлларини излай бошлади. У мутлақо тасодифан А зинапоясига бурилди, бу эса унинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу Жанубий минорадаги учта зинапоядан бири бўлиб, самолёт зарба берган жойдан энг узоқда жойлашган ва ўтиш мумкин бўлган ягона йўлак эди.

Кларк пастга туша бошлади, унга яна бир неча киши қўшилди. 81-қаватнинг зинапоясида уларнинг кичик гуруҳи пастдан кўтарилаётган аёл ва эркакни учратди. «Тўхтанг, тўхтанг, сизлар ортга қайтишингиз керак. Паст аланга ва тутун ичида. Юқорига кўтарилишимиз лозим», — деди аёл. Нима қилиш кераклиги ҳақида тортишув бошланди.

Шу пайт Кларк кимнингдир қичқириғи ва тақиллаган овозини эшитди. Бу Праймнат эди. Самолёт минорага урилганда, у деярли жароҳат олмаган, бироқ вайроналар остида қолиб кетганди. Узоқдан Кларкнинг фонари нурини кўриб, уни ёрдамга чақира бошлади. Кларк ва унинг яна бир ҳамкасби Праймнат томонга йўл олди. Гуруҳнинг қолган барча аъзолари зинапоядаги аёлнинг маслаҳатига кўра, уларни олиб кетиши керак бўлган вертолётларни кутиш учун яна юқорига кўтарилди. Кейинчалик уларнинг бирортаси ҳам тирик қолмади.

Кларкнинг ҳамкасби тутундан бўғилиб, қайтиб кетишга мажбур бўлди. Кларк ёлғиз қолди. У Праймнатни ёқасидан ушлаб, баландлиги икки метрдан ошадиган гипсокартон девор парчаси устидан ошириб ўтказди. Иккаласи ҳам полга йиқилди.

Кларк бу воқеани шундай хотирлайди:

Биз йиқилдик ва у мени қаттиқ ўпиб олди. Мен: «Нима бўляпти, тинчликми?» дедим. Сўнг унга қўлимни узатиб: «Мен Брайан Кларкман», дедим. У эса: «Мен — Стэнли Праймнат. Энди биз бир умрга ака-укамиз», деб жавоб берди. Мен: «Айни муддао, менинг ака-ука ёки опа-сингилларим йўқ эди», дедим.

Кларкнинг айтишича, у Праймнатнинг кафтидаги жароҳатни кўриб, вайроналарни тозалаётганда яраланган ўз қўли билан унинг қўлидан тутган. Бу ҳолат у учун энди уларнинг риштаси қон билан боғлангани, ҳақиқий туғишганга айлангани рамзи бўлиб қолган. «Бўлақол, оғайни. Уйга кетамиз», — деди Кларк.

Улар А зинапояси бўйлаб биргаликда пастга туша бошлади. Зинапояларни синиқ парчалар босиб кетган, баъзи жойларда тутун ва аланга кўриниб турарди, лекин йўлни тўсиб қўядиган даражада катта ёнғин йўқ эди. 68-қаватда улар Кларкнинг Euro Brokers`даги яна бир ҳамкасбига дуч келди. У кимгадир ёрдам бериш учун юқорига кўтарилаётганди. Улар ҳамкасбини ўзлари билан пастга тушишга ундамоқчи бўлди, лекин у рози бўлмади ва кейинроқ ҳалок бўлди.

44-қаватда (у ерда чироқ ёниқ, лекин алоқа йўқ эди) уларга кўк формали куртка кийган БСМ қўриқчиси дуч келди. У телефонга етиб боришлари биланоқ шифокор чақиришларини сўради. Қўриқчининг ёнида оғир жароҳатланган бир киши ётарди. «Биз: „Қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз“, дедик. Ва уни [қўриқчини] ўша ерда қолдирдик. У ҳеч ким билмайдиган, эътибордан четда қолган қаҳрамон», — дея афсус билан эслайди кейинчалик Кларк.

Эгизак миноралар вайроналари устидаги ўт ўчирувчи. БСМга қилинган ҳужум оқибатида Нью Йорк ўт ўчириш хизматининг 300 дан ортиқ ходими ҳалок бўлган. Фото: Peter Morgan / Reuters / Scanpix / LETAЭгизак миноралар вайроналари устидаги ўт ўчирувчи. БСМга қилинган ҳужум оқибатида Нью Йорк ўт ўчириш хизматининг 300 дан ортиқ ходими ҳалок бўлган. Фото: Peter Morgan / Reuters / Scanpix / LETA

Яна пастроққа тушгач, улар 911 рақамига қўнғироқ қилди, сўнг шошилмасдан Жанубий минора вестибюли орқали кўчага чиқди. Бино қулаши мумкинлиги улардан ҳеч бирининг хаёлига ҳам келмаганди. Улар ҳатто синиқ парчалардан жароҳатланмаслик учун зинадан атайлаб эҳтиёткорлик билан тушаётганди. БСМ ёнидаги кўчада ўт ўчирувчилар юрарди ва улар ҳам ваҳимага тушмаган, афтидан, ўз ишларини одатдагидек бажаришга тайёрланаётганди.

Кларк ва Праймнат бир неча мавзе юриб, черковга етиб борди. Черков ёнида уларга икки руҳоний дуч келди. Уларни кўргач, Праймнат тўсатдан йиғлаб юборди. «Бу одам ҳаётимни сақлаб қолди», — деди у Кларкка ишора қилиб. Кларк ҳам тўлқинланиб жавоб берди: «Назаримда, сен ҳам менинг ҳаётимни сақлаб қолдинг. Сен туфайли юқорига чиқиш ёки пастга тушиш хусусида баҳслашишдан тўхтадим. Мен шу ердаман, соғ-омонман ва қоронғиликда эшитган овозинг шарофати билан бу ердан чиқиб олдим».

Улар черковга киришга қарор қилди, лекин аввал ёнаётган БСМ минораларига қараш учун ортга ўгирилди. «Биласизми, менимча, улар қулаб тушиши мумкин», — деди Праймнат. «Асло! Ахир булар пўлат конструкциялар-ку…» — деб жавоб берди Кларк. У гапини тугатмасданоқ, Жанубий минора кўз ўнгларида қулай бошлади. Бу воқеа самолёт зарбасидан 56 дақиқа ўтиб, Праймнат ва Кларк бинони тарк этганидан тахминан беш дақиқа кейин, соат 9:59 да содир бўлди.

Иккаласини ҳам қурилиш чанги тўлқини қоплади. Атроф худди илк қор ёққандек оппоқ бўлиб кетди.

Жанубий минора қуламоқда. Фото: Gulnara Samoilova / AP / Scanpix / LETA.Жанубий минора қуламоқда. Фото: Gulnara Samoilova / AP / Scanpix / LETA.

Фото: Greg Semendinger / ABC News / NYPD / AFP / Scanpix / LETA.Фото: Greg Semendinger / ABC News / NYPD / AFP / Scanpix / LETA.

Омон қолганлар уйларига етиб олиш учун Манҳэттен бўйлаб пиёда йўлга тушганди ва кутилмаганда оломон орасида бир-бирларини йўқотиб қўйди. Яхшиямки, Праймнат Кларкнинг қўлига ўз ташриф қоғозини тутқазишга улгурган эди.

Кларк Нью Жерсига қатнайдиган паромга ўтирди ва Манҳэттеннинг жанубий чегараларини айланиб ўтаётиб кўрдики, эгизак миноралар энди йўқ эди. Шимолий минора соат 10:28 да, Жанубий минора қулаганидан 29 дақиқа ўтиб қулаганди. «Албатта, ўшанда биз [паромдагилар] на олиб қочилган самолётлар, на Пентагон, на Пенсилванияда қулаган самолётдан хабардор эдик… Нима бўлаётганини умуман тушунмасдик. Лекин ўнг тарафимизда БСМ турарди ва мен 27 йил ишлаган бинонинг энди йўқлигини кўриб турардим. Ҳамма жим эди», — деб эслайди Кларк.

Ўша куни уйга кетаётганида у USA Today мухбирини учратиб қолди. Журналист Нью Жерси штатининг Глен-Рок станциясида поезд кутиб турганида, уст-боши чангга беланган Кларкни пайқаб қолганди. У Кларкдан БСМданмисиз, деб сўради. Эртаси куни USA Today газетасида «84-қаватдан ваҳимали тушиш» сарлавҳали мақола чоп этилди. Бу Кларк ва Праймнатнинг қутқарилиши ҳақидаги биринчи, бироқ охиргиси бўлмаган ҳикоя эди.

Кларк бошдан кечирган стресснинг руҳий оқибатларини деярли сезмади, аммо Праймнатда бу оқибатлар вақтинчалик хотира йўқолиши шаклида намоён бўлди. У хотини ва фарзандларини танимай қолди. «Бу нотаниш аёл икки нафар бола билан уйимизда нима қиляпти, нега ўз уйига кетмаяпти, деб ўйлардим. У билан бир хонада бўлганим учун уйқуга ётишга кўнмасдим… Бундай ҳолатда қанча вақт бўлганимни билмайман. Фақат шуни биламанки, бир куни ўрнимдан турдим, унга қарадим, танидим ва гўё ўзимга келдим», — деб эслаганди Праймнат.

БСМдаги терактдан мўъжизавий тарзда омон қолгани Праймнатнинг эътиқодини мустаҳкамлади ва орадан беш йил ўтгач, у руҳоний бўлди. Унинг ишонишича, ўша куни ва ундан кейин ҳам Худо уни ҳимоя қилган: терактдан кейин ўтган 25 йил ичида у лейкемия, COVID-19`нинг оғир шакли ва тўрт марталик амалиётини бошдан кечирди.

Кларк эса Американинг хориждаги можароларини ва, умуман, ҳар қандай қотилликни қоралайдиган пацифистга айланди. Ҳатто 11 сентябрь хуружлари ортида турган «Ал-Қоида» етакчиси бин Лодиннинг ўлдирилиши сабаб Америка шаҳарлари кўчаларида ўтган шодиёналар ҳам уни ғазаблантирди.

«Одамларнинг пикапларда юриб, „АҚШ!“ дея ҳайқириши ва бировнинг ўлимидан шодланаётганини кўриш жирканч эди. Уни тутинг, сўроқ қилинг, қамоққа тиқинг — марҳамат. Бироқ жонига қасд қилиб, буни байрамга айлантириш-чи? Йўқ. Биз бундай бўлмаслигимиз керак».

Праймнат ва Кларкнинг дўстлиги чорак аср давом этди. Улар ўз тарихини журналистлар, мактаб ўқувчилари ва черков жамоаларига биргаликда сўзлаб берди; фарзандларининг тўйларию набираларининг туғилишини бирга нишонлади; бирга қарди (ҳозир Кларк 79, Праймнат эса 69 ёшда). Улар камроқ кўришса-да, ҳар бир-икки ойда камида бир марта қўнғироқлашиб туради.

«Эртага ҳаётдан кўз юмсаму, кимдир қабрим бошида видолашув нутқини сўзлаши керак бўлса, буни Брайан қилишини истардим… Ўша куни, 11 сентябрда мен ўз халоскор фариштамни топдим ва бунинг учун миннатдорман. Агар [мен учун] ўз ҳаётини хавф остига қўйган бу инсон бўлмаганида, мен ҳалок бўлган бўлардим. Мен ундан ҳамма нарса учун қарздорман. Агар унга тана аъзоларимдан бири керак бўлса, берган бўлардим», — дейди Праймнат.

Рус тилидан Муқаддамхон Саидрасулова таржима қилди.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *