Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий уй-музейи 14 сентябрдан 2027 йил 30 майига қадар ташриф буюрувчилар учун вақтинча ёпилади, дея хабар бермоқда Маданий мерос агентлиги.

Қайд этилишича, бу пайтда кенг кўламли таъмирлаш-тиклаш ишлари ва экспонатларни хатловдан ўтказиш режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида, хусусан, иситиш ва совитиш тизимлари тўлиқ модернизация қилинади, замонавий музей талабларига мос экспозиция шакллантирилади ҳамда музей инфратузилмаси такомиллаштирилади.

Уй-музей 1997 йил декабрда Ўзбекистон халқ артисти, таниқли ҳофиз, бастакор ва ўзбек халқ мусиқаси тузувчиси Юнус Ражабий таваллудининг 100 йиллиги нишонланадиган йилда очилган. Унда мусиқачи ҳаётининг сўнгги йилларини ўтказган хотира хонаси ҳамда унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи тўртта кўргазма зали мавжуд.