• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ҳар бири кўнглининг тубида медаль ҳақида ўйлайди». Нафиса Мўминова — шахмат Олимпиадасидаги миллий жамоа ҳақида


46-шахмат Олимпиадаси 15 сентябрдан Самарқанд шаҳрида старт олади. Мезбон сифатида Ўзбекистон бирйўла бир нечта жамоани — эркаклар ва аёллар ўртасида учтадан терма жамоани баҳсларга киритади.

Биринчи аёллар терма жамоасига мамлакатнинг энг таниқли шахматчиларидан бири, кўп йиллар давомида Ўзбекистон шарафини халқаро мусобақаларда ҳимоя қилган Нафиса Мўминова сардорлик қилмоқда. Ҳозирда у терма жамоада ўйинчи сифатида эмас, капитан сифатида ишламоқда.

Олимпиада бошланишига бир неча кун қолганида Gazeta обзорчиси Георгий Шванов Нафиса Мўминова билан жамоанинг тайёргарлиги, таркиб танлови, ёш шахматчи қизлар, аёллар шахматининг ривожи ва жамоавий баҳсларнинг бош тамойили ҳақида суҳбатлашди.


— Сиз ҳозир жамоа билан бирга йиғиндасиз. У қаерда ўтмоқда ва кимлар қатнашяпти?

— Йиғин Қашқадарё вилоятининг Мираки дам олиш масканида бўлиб ўтмоқда. Бу ерда биринчи аёллар терма жамоаси: Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиева, Умида Омонова ва Гулдона Каримова, шунингдек, мураббийлар штаби шуғулланмоқда. Ушбу йиғин — Олимпиада олдидан сўнгги тайёргарлик босқичидир.

Иккинчи жамоанинг йиғини Тошкентдаги Holiday Inn меҳмонхонасида бўлиб ўтмоқда ва 13 сентябргача давом этади. Учинчи терма жамоа эса Олимпиада олдидан матч-турнирда иштирок этади.

— Нима учун жамоалар алоҳида тайёргарлик кўряпти? Бу дебютларга тайёргарлик билан боғлиқми?

— Ҳар бир жамоанинг ўз дастури бор. Одам жуда кўпайиб кетса, чалғитувчи омиллар ҳам ошади. Шу боис ҳар бир терма жамоа алоҳида тайёрланиши керак деган қарорга келдик: биринчи, иккинчи ва учинчи жамоаларнинг ўз мақсад ва вазифалари бор. Ҳар бир бешлик ягона бир бутун сифатида ҳаракат қилади ва йиғинларда қизларнинг бор эътиборини бир-бирларига қаратиши муҳим.

Учинчи жамоага келсак, уларда ўйин амалиёти камроқ бўлгани сабабли улар учун матч-турнир ташкил этишга қарор қилдик.

— Йиғинлар Олимпиадага бир неча кун қолганда тугайди. Кучларни тиклаб олиш учун бу вақт етарлими?

— Ҳа. Йиғин якунига яқин юкламаларни аста-секин камайтирамиз ва қизларга дам берамиз. Машғулотларни бутунлай тўхтатиб ҳам бўлмайди — жисмоний ва руҳий спорт формасини сақлаб қолиш, Олимпиадага кўтаринки кайфият ва тўла куч-қувват билан кириб бориш муҳим. Бунинг учун биз билан жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлар ҳам ишламоқда.

— Жисмоний тайёргарлик ҳам йиғин дастурига киритилганми?

— Бусиз илож йўқ. Эрталаблари стретчинг, кечқурун эса кардиомашғулотлар ўтказамиз.

— Олимпиадада биринчи марта капитан бўляпсизми?

— Ҳа. Аммо менда капитанлик тажрибаси бор: ўтган йили аёллар ўртасидаги жамоавий Жаҳон чемпионатида илк бор ушбу ролда дебют қилгандим.

Нафиса Мўминова Умида Омоновани унинг ғалабасидан кейин бағрига босмоқда. Фото: ФИДЕ

— Янги ролда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

— Бу — катта масъулият. Мен қизлар билан имкон қадар кўпроқ ишлашга, уларга ҳам шахматга оид, ҳам бошқа масалаларда кўмаклашишга ҳаракат қиляпман. Жам бўлган, аҳил жамоамиз бор, барчаси яхши бўлади деб ўйлайман.

— Капитан сифатида асосий вазифаларингиз нималардан иборат?

— Машғулотлар жараёнини назорат қиламан: тайёргарлик қандай кетаётганини, шахматчилар ва мураббийлар нималар устида ишлаётганини, қайси хатоларни тузатиш кераклигини кузатиб бораман. Қайси мураббий муайян спортчига кўпроқ мос келиши ва қайси дебют устида ишлаш кераклигини инобатга олган ҳолда ишни мураббийлар ўртасида тақсимлайман.

Бундан ташқари, қизларнинг турнирлардаги иштирокини мувофиқлаштираман, ташкилотчилар билан алоқада бўламан. Терма жамоа билан боғлиқ ҳар қандай масалада қизлар менга мурожаат қилади.

Олимпиаданинг ўзида эса капитан ҳар бир тур таркиби, алмаштиришлар ва бошқа стратегик қарорлар учун жавобгар бўлади. Биз мураббийлар билан маслаҳатлашамиз, ҳар ким ўз фикрини айтади, бироқ якуний қарорни мен қабул қиламан. Спорт психологияси бўйича мутахассис сифатида қизларга руҳий босимни енгиб ўтишда ҳам ёрдам бераман.

— Ҳар бир шахматчига мос мураббий танлаётганингизни айтдингиз. Терма жамоанинг мураббийлар штаби каттами?

— Ҳа, анча катта.

— Мураббийлардан баъзиларининг исмини айта оласизми?

— Айрим исмлар аллақачон маълум, аммо ҳозирча штаб таркибини тўлиқ ошкор қилмасликни маъқул кўрардим.

— Ўтган Олимпиадада терма жамоа билан Алексей Дреев ишлаганди (у билан интервью Gazeta`да чиққан). У билан ҳамкорлик давом этяптими?

— Ҳа, давом этмоқда, аммо ҳозирча у айнан ким билан ва қандай форматда ишлаётганини айта олмайман.

— Аёллар турнирида кимларни асосий фаворит деб ҳисоблайсиз?

— Ҳиндистон, Хитой, Грузия ва рейтингда юқори турган бошқа терма жамоаларни. Аммо аёллар ўртасидаги Олимпиадани олдиндан тахмин қилиб бўлмайди. Бу — жамоавий мусобақа, кўп нарса шароитга ва жамоа ичидаги муҳитга боғлиқ. Юқори рейтинг ғалаба кафолати дегани эмас.

— Терма жамоа олдига қандай мақсад қўймоқдасиз? Масалан, кучли ўнликка кириш муваффақият саналадими?

— Мақсадимиз — имкон қадар энг яхши натижани кўрсатиш. Албатта, ҳар биримиз кўнглимизнинг тубида медаль ҳақида ўйлаймиз.

— Қозоғистон ҳам фаворитлар қаторига киради. Терма жамоаларимиз ўртасида минтақавий рақобат борми?

— Йўқ. Бизда кимдандир ўзиб кетиш мақсади йўқ. Бутун турнирда ғалаба қозониш керак.

— Бу сафар Олимпиада ўз уйимизда бўлиб ўтади. Бу устунликми ёки қўшимча босим?

— Менимча, бу ёрдам беради. Иқлим ва овқатланиш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Биринчи терма жамоанинг икки вакили — Афруза Ҳамдамова ва Гулдона Каримова асли самарқандлик, улар чиндан ҳам ўз уйларида ўйнайди. Бор эътиборни шахматга қаратиш ва энг чиройли ўйинни кўрсатиш мумкин бўлади.

— Биринчи терма жамоа таркиби қандай шакллантирилди?

— Биз жорий рейтингни ҳамда сўнгги олти ойлик ўртача рейтингни инобатга олдик.

Дастлаб таркиб 1 май ҳолатига кўра — жорий ва олти ойлик ўртача рейтинг асосида белгиланган эди. Ўшанда бу кўрсаткичлар бўйича биринчи жамоага Мадинабону Халилова кирганди.

Бироқ кейинроқ умидли юлдузимиз Нилуфархон Имомқўзиева аёллар ўртасидаги Осиё чемпионатида ажойиб иштирок этди: тўққизинчи ўринни эгаллади, рейтингига кўплаб очколар қўшиб, 2300 лик довондан ошди. У Ўзбекистонда рейтинг бўйича учинчи рақамли шахматчига айланди.

У эндигина 15 ёшда, аммо биз уни жамоага олишимиз шарт деган хулосага келдик, чунки у сўнгги пайтларда жуда ишончли ўйин намойиш этмоқда. Август ойида у расман таркибга киритилди.

Нилуфархон Имомқўзиева. Фото: Ўзбекистон шахмат федерациясиНилуфархон Имомқўзиева. Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

— Нилуфархон ва Гулдона учун бу илк Олимпиада бўладими?

— Ҳа, Олимпиадада иккаласи ҳам дебют қилади. Шу билан бирга, уларда жамоавий баҳслар тажрибаси аллақачон шаклланган. Гулдона аёллар ўртасидаги жамоавий Жаҳон чемпионатида иштирок этган.

Нилуфархон ўтган йили Лондонда рапид ва блиц бўйича ўтказилган жамоавий Жаҳон чемпионатида қатнашиб, ажойиб натижа кўрсатган — олтинчи доскада 12 очкодан 8 очко жамғарган эди. Ўша турнирда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров каби кучли шахматчиларимиз ҳам иштирок этганди.

Бундан ташқари, Нилуфархон 15 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпиони ҳисобланади. Унда тажриба бор ва, менимча, Олимпиада уни чўчита олмайди.

— Биринчи жамоа иккинчи ва учинчи жамоалар, шунингдек, эркаклар термаси билан қандай ҳамкорлик қилмоқда? Умумий мураббийлар ёки биргаликдаги йиғинлар борми?

— Баъзи мураббийлар ҳам эркаклар, ҳам аёллар билан ишлайди. Бироқ машғулотлар пайтида мураббийнинг диққати бўлинмаслиги ва қизларимиз ундан максимал даражада фойдаланиши мен учун муҳим эди. Шу сабабли эркаклар ва аёллар терма жамоалари алоҳида тайёрланмоқда ва шахмат борасида улар деярли тўқнаш келмайди.

Яқинда Гонконгда улар бир жамоа бўлиб қатнашди, лекин машғулот жараёнлари бошқа-бошқа.

— Олимпиадаларда қатнашиш бўйича бой тажрибангиз бор. Ўзингизни қайси ролда яхшироқ ҳис қилардингиз — доскадами ёки капитан сифатида?

— Доим ўйнагинг келади.

— Профессионал шахматга қайтиш ниятингиз борми?

— Ҳозирча йўқ. Бугун менинг бошқа устувор мақсадларим бор. Мен терма жамоалар билан шуғулланяпман, бундан ташқари, ўзимнинг Sky Chess мактабим бор, унга ҳам вақт ажратиш керак. Олимпиадага тайёргарлик туфайли иш тартиби жуда тиғиз: амалда тўртинчи ойдирки жамоа билан бирга яшаяпман, барча қизлар билан эса деярли икки йилдан буён ишлаб келмоқдаман.

— Сиз биринчи жамоа капитанисиз. Иккинчи ва учинчи жамоалар учун ким масъул?

— Иккинчи жамоа капитани — Алексей Барсов, учинчиники — Марат Жумаев. Улар жамоалар билан мураббий сифатида ҳам ишлайди. Иккинчи терма жамоада бошқа мутахассислар ҳам бор, учинчи жамоа билан эса, асосан, Маратнинг ўзи шуғулланмоқда.

— Барча уч жамоада ҳам кучли ва тажрибали мураббийлар борлиги жуда қувонарли.

— Ҳа, илгари бундай шароитлар бўлмаган. Ҳозир қизларда тўлақонли тайёргарлик кўриш учун барча имкониятлар ва қўллаб-қувватлов мавжуд. Бундан жуда хурсандман.

— Ўзбекистонда хотин-қизлар шахматининг ҳозирги юксалишини нима билан боғлайсиз?

— Шахмат федерациясида раҳбарият алмашди, у ерга [Ўзбекистон бош вазири] Абдулла Ниғматович Арипов қайтди — шундан сўнг кўп нарса ўзгарди. Мен доска қаршисида ўйнаган йилларда ҳам у федерацияни бошқарган эди. Ўша пайтда фақат у раҳбар бўлганидагина мен федерация томонидан қўллаб-қувватлов кўрганман.

Унинг қайтиши билан давлат аёллар шахматига анча кўпроқ эътибор қарата бошлади ва натижалар деярли дарҳол ўз сўзини айтди. Мен жамоа билан ишлашни бошлаганимда, Ўзбекистон ФИДЕ рейтингида 43-ўринда эди. Ҳозир биз 21-ўриндамиз, 2026 йил январида эса 15-ўрингача кўтарилган эдик.

— Аёллар терма жамоасига берилаётган эътибор аниқ нималарда намоён бўлмоқда?

— Қизлар стипендия олмоқда, уларнинг турнирлардаги иштироки, мураббийлар ва жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис хизматлари тўлаб бериляпти. Уларга фақат шахматга диққатни қаратиш қолди, холос.

Бундан ташқари, ташкилий ташвишларнинг барчаси уларнинг елкасидан олинди: турнирларга рўйхатдан ўтиш, чипталар харид қилиш, йўналишларни режалаштириш, ташкилотчилар билан музокаралар олиб бориш ва меҳмонхона топиш каби ишлар билан махсус ҳамроҳлик гуруҳи шуғулланмоқда.

Афруза Ҳамдамова. Фото: Полина Бовина / ФИДЕАфруза Ҳамдамова. Фото: Полина Бовина / ФИДЕ

— Ва сўнгги савол: Олимпиадада ўйинчи учун энг муҳими нима? Бу формат шахсий турнирлардан нимаси билан фарқ қилади?

— Жамоа учун ўйнаганда масъулият анча юқори бўлади. Олимпиадаларда мен биринчи доскаларда ўйнаганман ва етакчи сифатида буни доим жуда теран ҳис қилганман. Бу ерда асосийси — ютқазмаслик ва ўз тахтангни мустаҳкам ушлаб туришдир.

Шахсий турнирда кўпроқ таваккал қилиш, кескин дебютлар ва тажрибавий ғояларни синаб кўриш мумкин. Олимпиадада эса, энг аввало, ишончли ва хавфсиз ўйнаш лозим.


Ўзбекистоннинг биринчи аёллар терма жамоаси сафида Афруза Ҳамдамова (ФИДЕ рейтинги — 2443), Гулруҳбегим Тоҳиржонова (2357), Умида Омонова (2297), Нилуфархон Имомқўзиева (2281) ва Гулдона Каримова (2242) дона суради.

Иккинчи жамоа таркибидан Нилуфар Ёқуббоева (2246), Маржона Маликова (2149), Асал Салимова (2088), Мадинабону Халилова (2087) ва Мумтозбегим Мансурова (1928) жой олган.

Учинчи жамоа таркибида эса Зилола Актамова (2078), Мафтуна Бобомуродова (2030), Барчиной Шокиржонова (1996), Шоҳина Аҳмедова (1978) ҳамда Озода Шаҳзодова (1964) баҳс олиб боради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *