11 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Ғузор тумани бўлими бошлиғи Баҳром Тошпўлатов ҳушсиз ҳолатда вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинди. Бу ҳақда Экология қўмитаси хабар қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, у Ғузор тумани «Қовчин» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд тадбирида ҳуқуқбузарлар ҳужумига учраган.
Тошпўлатовни шу ҳудуддаги фуқаролардан бири ҳушсиз ҳолатда топиб, шифохонага олиб келган. Ҳозирда унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, 6 сентябрдан 7 сентябрга ўтар кечаси «Қовчин» МФЙнинг Араб қишлоғи ҳудудида экополитсия инспекторлари томонидан экологик назорат рейди ўтказилган.
Рейд давомида Қашқадарё дарёсининг муҳофаза этиладиган ҳудудида ноқонуний қум-шағал қазиб олинаётгани аниқланган. Экополиция ходимлари қонунбузарликни тўхтатиб, техникани жарима майдонига олиб кетаётган вақтида ҳуқуқбузарлар уларга фаол қаршилик кўрсатган.
Жумладан, давлат рақамисиз қора рангли KIA К5, шунингдек, Lacetti ва Cobalt автомобилларида келган шахслар йўлни тўсиб, инспекторлардан бирига тан жароҳати етказган. Бундан ташқари, жарима майдонига олиб кетилаётган техника воситаси олиб қочилган.
Мазкур икки ҳолат юзасидан Ғузор туман прокуратураси ва ИИБнинг тезкор-тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув бошланган.
