Психологияда «неглект» деган тушунча бор — бу беписандликнинг бир кўриниши бўлиб, ресурс, имконият ёки кучга эга бўлган шахс ўзига боғлиқ бўлган бошқа бир инсоннинг асосий эҳтиёжларини мунтазам равишда менсимаслигини ифодалайди. Психологик тушунчани давлат ва жамият муносабатларига тўғридан-тўғри татбиқ этиш нотўғри бўларди, зотан улар бир-бири билан ўзаро боғлиқ (яъни бунда боғлиқлик бир томонлама эмас). Бироқ аҳоли фаровонлигини кўп жиҳатдан ҳокимият органлари ўз вазифаларини қай даражада англаб, бажариши белгилаб беради.
Тахминан бир ой аввал Gazeta Тошкентдаги Оққўрғон кўчаси сайр қилиш учун мўлжалланган кўча сифатидаги аҳамиятини деярли йўқотгани ҳақида ёзган эди. Кўчанинг бир қисмида тротуардаги кўчириб олинган асфальт ўрни шағал, тош ва чанг билан қопланган, бошқа қисмларида эса пиёдалар йўлакларини бутунлай автомобиллар эгаллаб олган.
Ўшанда Тошкент шаҳри ҳокимлиги Gazetaʼга тротуардаги ишлар электр кабелини ётқизиш билан боғлиқлиги ва ушбу қисм яқин ҳафталар ичида таъмирланиши лозимлигини маълум қилганди. 2026−2027 йилларда кўчани реконструкция қилиш ва пиёдалар учун шароитлар яратиш учун бюджет кўзда тутилган. Лойиҳани танишиб чиқиш учун маҳаллий аҳолига тақдим этишга ваъда берилганди.
Бироқ амалда пиёдалар учун вазият ёмонлашишда давом этмоқда. Қуйида бу ҳақда батафсил сўз юритамиз.
Ёмон муҳит ёмон хулқ-атворни келтириб чиқаради
Оққўрғон кўчасидаги 21А-уй олдидаги пиёдалар йўлагидан асфальт қопламаси олиб ташланганидан бери қарийб тўрт ой вақт ўтди. «Халқ назорати» хизмати орқали йўлакни «2026−2027 йилларда маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш дастури доирасида» — 2027 йилнинг иккинчи чораги охиригача тиклаш режалаштирилгани маълум бўлди.
Бутун ёз давомида шаҳар аҳли бу ердан чанг ва шағал кечиб ёки йўл четидан айланиб ўтди. Gazeta репортажидан сўнг бузилган қисмга эни бир ярим метрлик асфальт қириндиси тўкилди — бу йўлак умумий кенглигининг учдан биридан ҳам ошмайди. Қатламнинг юзаси ғовак ва нотекис, ёнида эса ҳамон чанг ва шағал уюлиб ётибди.
Сурат август ойида олинган.
Бундай «пиёдалар муҳити» одамларда шунга яраша хулқ-атворни келтириб чиқаради. Автомобиль эгалари керакли дўконга бузилган йўлакдан пиёда юрмаслик учун машинада келмоқда. Сўнг автомобилни ҳокимиятнинг режасига кўра пиёдаларга хизмат қилиши керак бўлган вақтинчалик қопламада қолдириб кетяпти. Оқибатда шаҳар аҳли ўзи шундоқ ҳам муросали бўлган бу йўлакдан маҳрум бўлди. Қурилиш чиқиндиларига эса аста-секин маиший чиқиндилар ҳам қўшилмоқда.
Сурат август ойида олинган.
10 сентябрь куни, материал нашрга тайёрланаётган бир пайтда, тўшалган йўлакчага эни тахминан бир метр бўлган ёғоч қолип ўрнатилди — бу ҳатто қопламанинг ўзидан ҳам торроқ.
Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот котиби Маъмур Пармоновнинг Gazetaʼга маълум қилишича, бу вақтинчалик пиёдалар йўлаги. «Асосий ишлар лойиҳа тасдиқланганидан сўнг бошланади», — дея аниқлик киритди у.


Сурат 10 сентябрь куни олинган.
Суратда бўлажак вақтинчалик йўлакчанинг (афтидан, бетон бўлади) ўлчамини ва унинг пиёда эгаллайдиган жойга нисбатини баҳолаш мумкин. Кенглиги бир метр бўлган йўлакчада бир-бирига рўбарў келаётган одамларнинг ўтиб кетиши қийин бўлади, болалар аравачалари ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Бундан ташқари, велосипедчилар ва скутерчилар ҳам текис юзада ҳаракатланишни афзал кўради — шу тариқа, бу ҳудудда пиёдалар учун хавф янада ортади.
Режа қоғозда чизилган эди…
Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги Оққўрғон кўчаси юзасидан икки марта расмий баёнот берган.
16 августдаги баёнотда кўча «сояли ва салқин кўчалар» яратиш лойиҳасига киритилгани маълум қилинган. Туман маъмурияти талқинига кўра, қурилиш-таъмирлаш ишлари лойиҳага мувофиқ бошланган, бироқ кейинчалик у аҳолининг эътирозлари ва мавжуд яшил ҳудудларни сақлаб қолиш заруратини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилган. Уларнинг маълумотларига кўра, янгиланган вариант тасдиқланиш босқичида бўлган.
Кейинги ҳафталарда «Тошкент пиёдалари» Telegram канали Оққўрғоннинг янги суратларини бир неча бор эълон қилди. Уларда шағал тўшалган йўлакдаги автомобиллар ва ҳудуднинг аста-секин ёмонлашиб бораётган ҳолати акс этган эди.
7 сентябрь куни туман ҳокимлиги яна бир расмий хабар эълон қилди. У 16 августдаги баёнотни деярли тўлиқ такрорлайди. Бироқ, бу сафар аҳолига ҳақиқатдан анча йироқ бўлган «сояли кўча лойиҳаси»нинг визуализацияси намойиш этилди.


Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги тақдим этган Оққўрғон кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси.
Расмларда икки четида бир хил замонавий уйлар қад ростлаган, ёш дарахтлар экилган тор яшил ҳимоя полоса ва велойўлакли мукаммал текис шоҳкўча тасвирланган.
Ҳақиқатда эса Оққўрғон кўчаси, табиийки, бошқача кўринишга эга. У турли даврларда қурилган ҳар хил қаватли уйлардан иборат, баъзи биноларнинг олд қисми йўлнинг қатнов қисмига яқинроқ, баъзилариники эса узоқроқда жойлашган, пиёдалар йўлагининг кенглиги ҳам ҳар хил, бундан ташқари, кўчада сезиларли баландликдаги фарқлар ва ҳовлиларга кириш йўллари бор. Ҳимоя яшил ҳудудида эса катта, кўп йиллик дарахтлар ўсади.

Юқоридаги суратда келтирилган маълумотларга кўра, Оққўрғон кўчасида умумий майдони 5572 квадрат метр бўлган 2850 метр пиёдалар йўлакларини қуриш, 4250 квадрат метр яшил ҳудуд яратиш, суғориш тизимини ўтказиш, 190 та ёритиш чироғи ва 60 та ўриндиқ ўрнатиш режалаштирилган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 4,31 млрд сўмни ташкил этади.
Велойўлак яна пиёдалар йўлагида чизилган, ваҳоланки, аввалроқ шаҳар маъмурияти бунинг нотўғри эканини тан олганди. Ўзбекистон Қурилиш вазирлигининг тавсияларида велосипед ҳаракатини ташкил этиш пиёдаларга халақит бермаслиги кераклиги айтилган. Пиёдалар ва велосипедчилар учун бирлаштирилган йўлакка фақат тиғиз шароитлардагина рухсат этилади, бу эса Оққўрғон кўчасига умуман тўғри келмайди — бу ердаги йўлнинг қатнов қисми роппа-роса 8 полосадан иборат.
Эълон қилинган материалларда кўчанинг кўндаланг кесими ҳам акс этмаган, мавжуд дарахтлар, биноларга кириш йўллари, бекатлар ва автотураргоҳларнинг жойлашуви инобатга олинмаган. Пиёдалар йўлаги автомобиллардан жисмонан қандай ҳимояланиши ҳам ноаниқ.
Визуализация Оққўрғон кўчасининг реал топографиясига боғланмагани ва шу сабабли уни ҳақиқий лойиҳа сифатида муҳокама қилиб бўлмаслиги кундек равшан.
Янги лойиҳа тасдиқланиб, пул ажратилмасдан туриб, реконструкцияни мавжуд йўлакни бузишдан бошлаш ўйламай қилинган иш бўлгани кўриниб турибди. Келишилмаган лойиҳа учун пиёдаларни йўлаксиз қолдириб ёки бир метрлик тор сўқмоқ билан «жазолаб» бўлмайди. Шаҳар ва туман ҳокимликлари фуқаролар манфаатларини менсимасликни бас қилиб, ҳеч қандай олдиндан шартларсиз, одамлар ҳар куни фойдаланадиган бузиб ташланган йўлакни зудлик билан ва тўлиқ ҳажмда тиклаши зарур.
Пиёдалар йўлаги ва «зебра» — машиналар учун
Gazeta август ойида ёзган яна бир жиддий муаммо — йўлакдаги, хусусан, «Ёшлик» стадиони ёнидаги автотураргоҳ ҳам эътибордан четда қолган.
Айтиб ўтганимиздек, бу «автотураргоҳ»га пиёдалар ўтиш йўлагининг устидан кирилади. Шу сабабли светофорнинг рухсат берувчи ишорасини кутаётган пиёдалар йўлакка чиқиб олиш учун «зебра» устидан тўғри уларнинг устига келаётган машинага йўл беришга мажбур бўлмоқда.


Сурат ва видеолар сентябрь ойи бошида олинган.
Бу кадрларда тез-тез учраб турадиган ҳолатни кўриш мумкин: пиёдалар ўтиш йўлагининг ўзида тўхтаб турган автомобиль тирбандликни юзага келтирган. Натижада тротуарда кириш ва чиқиш учун машиналар навбати ҳосил бўлган. Видеода кўриниб турганидек, одамлар айни дамда пиёдалар ҳудудида бўла туриб, машиналар орасидан сиқилиб ўтишга мажбур бўлмоқда.
Бу йўл ҳаракати қоидаларини бузишидан ташқари, одамлар учун ҳам хавфли — ҳайдовчи исталган пайтда ёнида чекинишга бошқа жойи қолмаган одамнинг яқинида ҳаракатни бошлаши, бурилиши ёки орқага юриши мумкин. Бу, айниқса, болалар учун жуда хавфли, стадион яқинида эса улар кам эмас.
Тошкент шаҳри Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази Gazetaʼнинг биринчи материалига ҳозирча муносабат билдирмади. Бу муаммо кўп миллиардли лойиҳани талаб этмайди. Автомобилларнинг пиёдалар ҳудудига киришини ёпиш керак (лекин буни оқилона амалга ошириш лозим).
Оққўрғон кўчаси — сўнгги бир йилда пиёдалар манфаатлари эътиборсиз қолдирилаётгани яққол сезилаётган кўплаб кўчалардан биттаси, холос. Бошқа мисолларни эса «Тошкент пиёдалари» ва «Ко дну» каналлари мунтазам равишда эълон қилиб боради: автотураргоҳлар тротуарларни, бекатлар ва яшил зоналарни эгаллаб оляпти, одамлар эса машиналар орасида ҳаракатланишга ёки йўлнинг қатнов қисмига чиқишга мажбур бўлмоқда.
Бу — шаҳар хавфсизлигига оид тизимли муаммо. Уй ёнида бехавотир пиёда юриш имкониятининг йўқлиги ҳаёт сифатини пасайтириб, шаҳар аҳлининг жисмоний фаоллигини камайтиради ва келажакда давлатнинг соғлиқни сақлашга сарфлайдиган харажатларини оширади. Савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳам зиён кўради — уларга нафақат мижозлар учун автотураргоҳлар, балки пиёдалар оқими ҳам керак. Натижада шаҳарнинг ҳам ўз аҳолиси, ҳам сайёҳлар учун жозибадорлиги пасайиб кетади.





