• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Уч жамоа, 15 шахматчи. Самарқанддаги Олимпиадада Ўзбекистон эркаклар терма жамоалари шарафини кимлар ҳимоя қилади?


15 сентябрь куни Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. 27 сентябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақа Марказий Осиё тарихида илк бор ўтказилмоқда.

Мезбон сифатида Ўзбекистон бирваракайига учта эркаклар терма жамоасини — жами 15 нафар шахматчини баҳсларга туширади. Асосий жамоа 3-рақам остида сараланди ва яна медалларга асосий даъвогарлар қаторидан жой олди.

Унинг таркибида 2022 йилда Ченнай Олимпиадасида шов-шувли тарзда олтин медални қўлга киритган тўрт нафар шахматчи бор: Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов. Иккинчи ва учинчи жамоалар сафида эса ҳам тажрибали гроссмейстерлар, ҳам янги авлод вакиллари дона суради.

Gazeta Олимпиадада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи 15 шахматчи, уларнинг рейтинги ва асосий ютуқлари ҳақида ҳикоя қилади.

Нега Ўзбекистонда учта жамоа бор?

Одатда ҳар бир миллий федерация Олимпиадада битта жамоа билан қатнашади. Бироқ мезбонлар учун бу қоидадан истисно кўзда тутилган.

ФИДЕ қоидаларига кўра, мусобақани ташкил этувчи федерация иккинчи — B жамоасини қўйиш ҳуқуқига эга. Агар иштирокчи жамоаларнинг умумий сони тоқ бўлиб қолса, мезбонлар учинчи — C жамоасини ҳам қўшишлари мумкин. Агар учинчи таркиб биринчи турдаёқ ўйнаган бўлса, кейинчалик қайсидир жамоалар мусобақадан чиқиб кетиши ёки қўшилишидан қатъи назар, у турнир охиригача қолади.

Самарқанд Олимпиадасида Ўзбекистон барча уч таркиб билан намоён бўлади. Биринчи терма жамоа саралашда 3-рақамни олди (жамоанинг ўртача рейтинги бўйича), Uzbekistan 2 — 31-ўринда, Uzbekistan 3 эса 55-ўринда қайд этилган.

Ўзбекистон-1: Жаҳон топ ўнлигидаги икки ўйинчи ва чемпионлик жамоасининг суяги

Биринчи терма жамоанинг ўртача рейтинги — 2720. Сардор — собиқ жаҳон чемпиони, ўзбек шахмати афсонаси Рустам Қосимжонов. У аввалроқ Gazeta`га берган интервюсида тайёргарлик жараёни, доскалар тақсимоти, рақиблар ва терма жамоанинг олтин медаль олиш имкониятлари ҳақида гапириб берганди.

Шахматчи Рейтинг Даражаси Ёш
Жавоҳир Синдаров 2778 Гроссмейстер (GM) 20 ёш
Нодирбек Абдусатторов 2762 Гроссмейстер (GM) 21 ёш
Нодирбек Ёқуббоев 2685 Гроссмейстер (GM) 24 ёш
Шамсиддин Воҳидов 2654 Гроссмейстер (GM) 24 ёш
Муҳиддин Мадаминов 2611 Гроссмейстер (GM) 19 ёш

2022 йилги Олимпиадада Ўзбекистонга тарихий олтинни келтирган бешликдан Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов яна асосий таркибда баҳс олиб боради.

Ўша жамоанинг бешинчи аъзоси Жаҳонгир Воҳидов эндиликда Uzbekistan 2 таркибига киритилган, унинг асосий бешликдаги ўрнини эса 19 ёшли Муҳиддин Мадаминов эгаллади. 2022 йилда Ўзбекистон барча 11 турни жамоавий мағлубиятсиз якунлаганди.

Икки йил ўтиб, деярли шу таркибдаги терма жамоа Будапешт Олимпиадасининг бронза медалига сазовор бўлди. Ўшанда Шамсиддин Воҳидов тўртинчи доскада қўшимча равишда яккалик олтин медалини, Нодирбек Абдусатторов эса биринчи доскада кумуш медални қўлга киритганди.

Жавоҳир Синдаров — 20 ёш, рейтинги: 2778

Фото: Lennart Ootes / GCT

Олимпия олтинидан кейинги тўрт йил давомида Синдаров ёш терма жамоанинг навқирон истеъдодидан жаҳон чемпионлигига расмий даъвогар даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди. Унинг тайёргарлиги, халқаро турнирлардаги, шу жумладан, Самарқанддаги 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги иштироки ҳамда мураббийлар билан ишлаши Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.

У гроссмейстерлик унвонини 2018 йилдаёқ — 12 ёш 10 ой ва 5 кунлигида қўлга киритиб, тарихдаги энг ёш гроссмейстерлардан бирига айланганди. Шунингдек, Синдаров 2019 ва 2021 йилларда икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлган.

Асосий юксалиш 2025 йилда юз берди. Синдаров Гоада ўтказилган ФИДЕ Жаҳон кубоги финалида хитойлик Вэй Инги мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди ва турнир тарихидаги энг ёш ғолиб бўлди. Яримфиналда эса у терма жамоадаги шериги Нодирбек Ёқуббоевдан устун келганди.

Жаҳон кубогидаги ғалаба уни 2026 йилги Номзодлар турнирига олиб чиқди. У ерда Синдаров мусобақа тугашига бир тур қолгандаёқ 1-ўринни нақд қилди ва амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши жаҳон шахмат тожи учун ўйин ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди.

Сентябрь ойига келиб, Синдаров ўз рейтингини 2778 га етказди ва дунёнинг энг кучли шахматчилари орасида 4-ўринни эгаллаб турибди.

Нодирбек Абдусатторов — 21 ёш, рейтинги: 2762

Фото: Lennart OotesФото: Lennart Ootes

Абдусатторов 22 ёшини айнан Олимпиада кунларида — 18 сентябрда нишонлайди. Ёшига қарамай, у бир неча йилдан бери жаҳон элитаси сафидан мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда.

2021 йилнинг декабрида 17 ёшли Абдусатторов рапид бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Турнир давомида у, жумладан, Магнус Карлсенни мағлуб этди, биринчилик учун курашда эса Карлсен, Фабиано Каруана ва Ян Непомнящийни ортда қолдирди. Чемпион номи тай-брейкда аниқланди ва унда ҳамюртимиз Непомнящийдан устун келди.

Кейинги ёзда Абдусатторов Ченнайдаги Олимпиадада ғалаба қозонган терма жамоанинг биринчи доскасида ўйнади. У 11 та партиядан 8,5 очко жамғариб, 2803 кўрсаткичдаги перформанс қайд этди ва биринчи досканинг шахсий ҳисобида кумуш медалга эга чиқди.

2024 йилда Будапештда ўтган Олимпиадада ҳам у терма жамоа етакчиси сифатида мусобақани бронза билан якунлашга ёрдам берди ва яна шахсий кумуш медални олди.

2026 йил февралида Абдусатторов дунёнинг энг нуфузли турнирларидан бири — Вейк-ан-Зеедаги Tata Steel Masters мусобақасида бош совринни қўлга киритди. Кейинроқ у London Chess Classic супертернири ва Prague International Chess Festival`да ғолиб чиқди.

Нодирбек Ёқуббоев — 24 ёш, рейтинги: 2685

Фото: Бунёд РустамовФото: Бунёд Рустамов

Ёши 24 да бўлишига қарамай, Ёқуббоев — ҳозирги жамоанинг энг тажрибали вакилларидан бири.

У 2016, 2018 ва 2020 йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлган, 2025 йилнинг апрелида эса тўртинчи бор мамлакат биринчилигида ғолиб чиқди. Сўнгги чемпионат финалида у Ортиқ Нигматовни таслим этганди.

2022 йилги Олимпиадада Ёқуббоев иккинчи доскада дона суриб, 11 имкониятдан 8 очко тўплади (перформанс рейтинги 2759). Жамоавий олтин билан бирга у ўз доскасида шахсий бронза медалини ҳам қўлга киритди.

Шахсий турнирлардаги энг йирик натижаларидан бири 2025 йилги Жаҳон кубогида қайд этилди. Ёқуббоев яримфиналгача етиб бориб, Синдаров билан тўқнаш келди. Классик партиялар дуранг билан якунланди, тай-брейкда эса Синдаров устун келди. Учинчи ўрин учун баҳсда Ёқуббоев Андрей Есипенкога имкониятни бой бериб, якунда 206 нафар иштирокчи орасида 4-ўринни эгаллади.

Яқинда Тошкентда Ёқуббоев Эрон терма жамоаси етакчиси, дунёнинг топ 15 талигига кирувчи Амин Табатабаий билан баҳсда ғалаба қозонди. Онлайн рейтингда эса у супергроссмейстерлик мезони бўлмиш 2700 га яқинлашиб қолди.

Шамсиддин Воҳидов — 24 ёш, рейтинги: 2654

Фото: ЎзАФото: ЎзА

Воҳидов катта саҳнада илк бор ўсмирлар шахматида порлаган: 2015 йилда у 14 ёшгача бўлганлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган. Орадан уч йил ўтиб, 16 ёшли ўзбекистонлик шахматчи рапид бўйича жаҳон чемпионатида Магнус Карлсенни доғда қолдирди.

Ўзбекистон учун олтинга айланган 2022 йилги Олимпиадада Воҳидов захира ўйинчиси бўлиб, тўртта партияда 3,5 очко жамғарди.

2023 йилда у шахсий фаолиятидаги энг катта муваффақиятлардан бирига эришди: классик шахмат бўйича Осиё чемпиони бўлди. Олмаотадаги мусобақада Воҳидов 9 имкониятдан 7 очко жамғариб, энг яқин таъқибчиларини ярим очкога ортда қолдирган ҳолда яккапешқадам бўлди.

2024 йилги Олимпиада эса унинг фаолиятидаги энг ёрқин мусобақалардан бирига айланди. Воҳидов Ўзбекистонга жамоавий бронзани тақдим этиш билан бирга, тўртинчи доскада шахсий олтин медални ҳам қўлга киритди.

Муҳиддин Мадаминов — 19 ёш, рейтинги: 2611

Фото: UzChessФото: UzChess

Мадаминов — биринчи терма жамоа сафида катталар Олимпиадасида қатнашмаган ягона шахматчи. У 2024 йилда гроссмейстерлик унвонини олган бўлса, кейинги икки мавсум ичида 2600 лик довонга яқинлашиб келди.

2023 йилдаёқ 2431 рейтингга эга халқаро мастер бўлган Мадаминов Осиё чемпионатида 9 партиядан 6 очко жамғариб, 8-ўринни эгаллаган эди.

Катталар ўртасидаги фаолиятининг энг катта муваффақиятига у 2026 йил ёзида эришди. Мадаминов UzChess Cup Masters мусобақасининг энг кучли гуруҳида зафар қучди. Тўққиз турдан сўнг у Воҳидов билан 1-ўринни бўлишиб олди, сўнгра тай-брейкдаги ҳар иккала партияда ҳам ғалаба қозонди.

Турнирда Нодирбек Абдусатторов, Аржун Эригайси, Ян Непомнящий, Шаҳриёр Мамедяров ва бошқа машҳур гроссмейстерлар ҳам баҳс олиб борган эди. ФИДЕ бу ғалабани Мадаминов фаолиятидаги энг катта ютуқ деб атади.

Шунингдек, у Жаҳон кубоги ва Номзодлар турнирида Жавоҳир Синдаровнинг секунданти (гроссмейстернинг партияларга тайёрланувчи ёрдамчиси ва таҳлилчиси) сифатида ҳам ишлаган.

Шу тариқа, катталар Олимпиадаси тажрибаси нуқтаи назаридан энг ёш ва энг кам тажрибага эга бўлган жамоа аъзоси Самарқанддаги баҳсларга ўз фаолиятидаги энг юқори спорт натижаси билан кириб келмоқда.

Ўзбекистон-2: Олимпия чемпиони, Grenke Open ғолиби ва 16 ёшли гроссмейстер

Иккинчи терма жамоа 2532 ўртача рейтингга эга ва саралашда 31-ўринни эгаллаган.

Шахматчи Рейтинг Даражаси Ёш
Абдималик Абдисалимов 2548 Гроссмейстер (GM) 24 ёш
Муҳаммадзоҳид Суяров 2540 Гроссмейстер (GM) 17 ёш
Жаҳонгир Воҳидов 2527 Гроссмейстер (GM) 31 ёш
Хумоюн Бегмуратов 2514 Гроссмейстер (GM) 16 ёш
Ортиқ Нигматов 2484 Гроссмейстер (GM) 25 ёш

Жамоа сардори — Ўзбекистон штабидаги энг тажрибали мутахассислардан бири бўлган украиналик гроссмейстер Павел Эльянов. Украина терма жамоаси таркибида у икки марта — 2004 ва 2010 йилларда шахмат Олимпиадасида ғолиб бўлган. Шунингдек, Эльянов Борис Гельфанднинг, жумладан, 2012 йилда Вишванатан Анандга қарши жаҳон тожи учун кечган баҳсида секундант сифатида ишлаган.

Шу билан бирга, бу жамоани шунчаки захира таркиби деб аташ мутлақо нотўғри бўлади. Бешта шахматчининг барчаси — гроссмейстер, бири аллақачон олимпия чемпиони бўлишга улгурган, жамоанинг икки нафар энг ёш аъзоси эса эндигина 16 ва 17 ёшда.

Абдималик Абдисалимов — 24 ёш, рейтинги: 2548

Фото: UzChessФото: UzChess

Абдисалимов 2023 йилда гроссмейстер унвонига эга бўлган. Унинг дастлабки халқаро ютуқларидан бири 2019 йилда 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Ғарбий Осиё чемпионатидаги ғалаба бўлган — у 7,5 очко тўплаб, биринчи ўринни эгаллаган.

2026 йилда Абдисалимов Тошкентда ўтказилган Георгий Аъзамов мемориалида кучли учликка кирди. Мусобақа якунига уч тур қолганда у етакчиликни бўлишиб турган эди, якуний жадвалда эса 3-ўринни банд этди.

Муҳаммадзоҳид Суяров — 17 ёш, рейтинги: 2540

Фото: UzChessФото: UzChess

Суяров — ўзбек шахмати янги авлодининг энг тез ўсиб бораётган вакилларидан бири.

2025 йилнинг апрелида у Ўзбекистон чемпионатида 2-рақам остида сараланган Шамсиддин Воҳидовни чорак финалда мусобақадан чиқариб юбориб, катта шов-шув кўтарган эди. Сўнгра Суяров бронза учун кечган баҳсда Муҳиддин Мадаминовни енгиб, 3-ўринни эгаллади.

Суяровнинг 2026 йилдаги энг машҳур чиқишларидан бири Aeroflot Open турнирига тўғри келди. Мусобақани 2449 рейтинг ва 62-бошланғич рақам билан бошлаган 17 ёшли халқаро мастер 9 турда 6,5 очко жамғариб, 2737 кўрсаткичдаги рейтинг перформансини намойиш этди ва 7-ўринни банд қилди. У кетма-кет уч турда россиялик кучли гроссмейстерлар Даниил Дубов, Александр Рязанцев ва Александр Гришукни мағлуб этди, сўнгги турда эса 2723 рейтингга эга Ян Непомнящий билан дуранг ўйнади. Турнир якунларига кўра, Суяров ўз рейтингига 33,9 балл қўшиб қўйди.

Баҳорда шахматчи Германиядаги Grenke Chess Open турнирида ғолибликни қўлга киритди. У тўққиз тур давомида мағлубиятсиз ҳаракат қилди — еттита ғалаба ва икки дуранг билан 8 очко жамғарди. 3500 дан ортиқ иштирокчи қатнашган ушбу йирик фестивалнинг асосий классик баҳсидаги ғалабаси учун Суяровга 20 минг евро мукофот пули берилди.

Жаҳонгир Воҳидов — 31 ёш, рейтинги: 2527

жавоҳир синдаров, мухиддин мадаминов, нодирбек абдусатторов, нодирбек ёқуббоев, шамсиддин воҳидов, шахмат, шахмат олимпиадаси, шахмат олимпиадаси 2026

Ўзбекистоннинг барча уч терма жамоасидаги энг ёши катта шахматчи бир вақтнинг ўзида 2022 йилги тарихий олтиннинг бош қаҳрамонларидан биридир.

Ченнайдаги Олимпиадада Воҳидов тўртинчи доскада ўйнаб, саккиз партияда 6,5 очко жамғарди. Унинг рейтинг перформанси 2813 ни ташкил этди — бу ўзбекистонлик шахматчилар орасидаги энг юқори кўрсаткич эди. Сўнгги турда айнан Воҳидовнинг Макс Вармердам устидан қозонган ғалабаси Ўзбекистонга Нидерландияни енгиш ва олтинни расмийлаштириш имконини берди. Воҳидов, шунингдек, тўртинчи досканинг шахсий олтин медали соҳибига айланди.

2023 йилда Воҳидов Дин Лижэннинг мураббийлар штабидан ўрин олгани ва хитойлик гроссмейстернинг Ян Непомнящийга қарши жаҳон тожи учун кечган ғалабали баҳсида унинг секундантларидан бири бўлгани маълум бўлди.

Олимпиада олдидан Воҳидов, шунингдек, август охирида якунига етган 32-Абу-Даби халқаро шахмат фестивали доирасидаги Masters турнирида зафар қучди. Мусобақани 14-бошланғич рақам билан бошлаган гроссмейстер 9 партиядан 7 очко жамғарди ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамади — бешта ғалаба ва тўртта дуранг.

Хумоюн Бегмуратов — 16 ёш, рейтинги: 2514

жавоҳир синдаров, мухиддин мадаминов, нодирбек абдусатторов, нодирбек ёқуббоев, шамсиддин воҳидов, шахмат, шахмат олимпиадаси, шахмат олимпиадаси 2026

Бегмуратов 2010 йил 2 июлда туғилган ва иккинчи терма жамоанинг энг ёш иштирокчиси ҳисобланади. Олимпиаданинг бошланғич рўйхатида у аллақачон гроссмейстер сифатида кўрсатилган, бу меъёрни у апрель ойида бажарган эди.

2026 йилдаги асосий натижа — UzChess Cup мусобақасининг Futures гуруҳидаги ғалаба. Бу турнирда Алан Пичот, Сетураман, Ринат Жумабоев, Сергей Тивяков ва Игорь Лисий каби тажрибали гроссмейстерлар қатнашган бўлса-да, биринчи ўрин Ўзбекистоннинг 16 ёшли вакилига насиб этди.

Ортиқ Нигматов — 25 ёш, рейтинги: 2484

Фото: UzChessФото: UzChess

Нигматов зарур 2500 рейтинг кўрсаткичини забт этгач, 2025 йилда гроссмейстерлик унвонига эга бўлди. Бунга қадар у жамоавий мусобақаларда катта тажриба тўплашга улгурган эди.

2022 йилда Нигматов жамоавий Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан жой олди. Жамоа финалга қадар етиб бориб, Хитойга имкониятни бой берди ва кумуш медални қўлга киритди. Финал учрашувларининг бирида Нигматов тўртинчи доскада дона сурди.

2025 йилда у Ўзбекистон чемпионати финалигача етиб борди. Биринчи партиядаги дурангдан сўнг Нигматов иккинчи баҳсда Ёқуббоевга ютқазиб, кумуш медални қўлга киритди.

Ўзбекистон-3: Халқаро мастерлар жамоаси

Учинчи терма жамоанинг ўртача рейтинги — 2424, саралаш рақами — 55. Қозоғистонлик гроссмейстер Муртас Кажгалеев жамоа капитани сифатида қайд этилган.

Шахматчи Рейтинг Даражаси Ёш
Саидакбар Саидалиев 2475 Халқаро тоифадаги мастер (IM) 25 ёш
Алмас Раҳматуллаев 2418 Халқаро тоифадаги мастер (IM) 20 ёш
Бахром Бахриллаев 2412 Халқаро тоифадаги мастер (IM) 18 ёш
Муҳаммадали Абдураҳмонов 2390 Халқаро тоифадаги мастер (IM) 24 ёш
Асроржон Омонов 2347 Халқаро тоифадаги мастер (IM) 17 ёш

Дастлабки икки таркибдан фарқли ўлароқ, бу ерда гроссмейстер даражасидаги бирорта ҳам ўйинчи йўқ: барча беш шахматчи халқаро мастер унвонига эга. Бироқ уларнинг деярли ҳар бирида халқаро ёки ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда қўлга киритилган ютуқлар мавжуд.

Саидакбар Сайдалиев — 25 ёш, рейтинги: 2475

Фото: Ўзбекистон шахмат федерациясиФото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Сайдалиев — учинчи терма жамоанинг рейтинг бўйича етакчиси. 2024 йилда у биринчи UzChess Cup турнирининг Futures гуруҳида 3-ўринни эгаллаганди. Халқаро мастер ўртача рейтинги 2520 бўлган турнирда 9 имкониятдан 5,5 очко тўплаб, фақат Виталий Сивук ва Бардия Данешварга имкониятни бой берган.

Унинг фаолиятида 2700 даражасидаги шахматчилар устидан қозонилган ғалабалар ҳам бор: ChessBase базаси маълумотларига кўра, Сайдалиев классик партияда мағлуб этган энг юқори рейтингли рақиб америкалик гроссмейстер Жеффери Сюн бўлиб, ўша пайтда унинг рейтинги 2709 ни ташкил қилган.

Алмас Раҳматуллаев — 20 ёш, рейтинги: 2418

жавоҳир синдаров, мухиддин мадаминов, нодирбек абдусатторов, нодирбек ёқуббоев, шамсиддин воҳидов, шахмат, шахмат олимпиадаси, шахмат олимпиадаси 2026

Раҳматуллаев мамлакат ичидаги ўсмирлар мусобақаларида айниқса муваффақиятли иштирок этган.

2023 йилда у 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида бирйўла бир нечта йўналишда ғолиб бўлди: классик шахмат, рапид ва блицда тенгсиз деб топилди.

Унинг халқаро натижалари қаторидан 2023 йилги Ғарбий Осиё чемпионатида классика ва рапид бўйича ғалабалар, шунингдек, 2025 йилда Қозоғистонда ўтказилган Карипбаев мемориалидаги 1-ўрин жой олган.

Август ойида у Туркиядаги Kapadokya Open турнирида 2-ўринни эгаллади — 9 та партияда бирорта мағлубиятсиз 6,5 очко тўплаб, ғолибдан атиги ярим очкога ортда қолди.

Алмас Раҳматуллаев нафақат классик турнирлар, балки кучли онлайн-блиц устаси сифатида ҳам танилган. У мунтазам равишда City Chess лойиҳаси учун шахмат партиялари шарҳларини стрим қилади, 2025 йилда эса Самарқанддаги Grand Swiss турнирида Василий Иванчукнинг штабига секундант сифатида киритилган эди.

Бахром Бахриллаев — 18 ёш, рейтинги: 2412

Фото: Ўзбекистон шахмат федерациясиФото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Бахриллаев ўз ёш тоифасида икки карра жаҳон чемпиони бўлишга улгурган — тўғри, классик шахматда эмас.

2024 йилда Тошкентда мактаб ўқувчилари ўртасида рапид ва блиц бўйича ўтказилган ФИДЕ Жаҳон чемпионатида у ҳар иккала йўналишда ҳам U17 тоифасида зафар қучган. Аввалига у рапид бўйича жаҳон чемпиони бўлди, сўнгра блицда ҳам худди шу натижани такрорлади.

ФИДЕ бундай «олтин дубль»ни қайд эта олган турнирнинг уч нафар иштирокчиси қаторида уни алоҳида эътироф этганди.

Бир йил олдин у 16 ёшгача бўлганлар ўртасида ҳам Ўзбекистон чемпиони бўлган эди.

Муҳаммадали Абдураҳмонов — 24 ёш, рейтинги: 2390

жавоҳир синдаров, мухиддин мадаминов, нодирбек абдусатторов, нодирбек ёқуббоев, шамсиддин воҳидов, шахмат, шахмат олимпиадаси, шахмат олимпиадаси 2026

Абдураҳмонов халқаро мастер унвонига эга ва узоқ йиллардан бери халқаро майдонларда дона суриб келади.

2019 йилги ўсмирлар ўртасидаги Ғарбий Осиё чемпионатида у 18 ёшгача бўлганлар ўртасида классик шахмат бўйича 6 очко билан бронза медалини қўлга киритган. Ўша мусобақанинг ўзида Абдураҳмонов рапид бўйича U-18 турнирида 5,5 очко тўплаб, чемпион бўлган.

2026 йилда у йирик халқаро очиқ турнирларда мунтазам иштирок этишни давом эттирди, жумладан, Grenke Chess Open турнирида 6,5 очко жамғарди.

Асроржон Омонов — 17 ёш, рейтинги: 2347

Фото: Ўзбекистон шахмат федерациясиФото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Ўзбекистонлик 15 нафар шахматчи орасида энг паст рейтингга эга экани Омоновда йирик ютуқлар йўқлигини англатмайди.

Ўтган йил охирида у рапид бўйича 17 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритганди.

Жорий йилнинг баҳорида 17 ёшли халқаро мастер Tashkent GM гроссмейстерлик айланма турнирида ғалаба қозонди. Омонов 9 та партиядан 6 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичлар бўйича Ортиқ Нигматовни ортда қолдирди. Иштирокчилар орасида Виталий Бернадский, Михаил Никитенко ва Сянжуй Кун каби таниқли гроссмейстерлар ҳам бор эди.

Омонов учун, худди учинчи терма жамоадаги бир нечта сафдошлари каби, Самарқанд Олимпиадаси жаҳон элитаси билан бевосита ёнма-ён ҳолда катталар ўртасидаги энг йирик жамоавий турнирда дебют қилиш имконияти бўлади.

Тўрт йил муқаддам Ўзбекистон Ченнайдаги Олимпиадага 14-рақамли жамоа сифатида бориб, шов-шувли тарзда олтин медални қўлга киритган эди. Бу гал Олимпиада ўз уйимизда бўлиб ўтмоқда, биринчи терма жамоа эса мусобақани рейтинг бўйича 3-рақамда бошламоқда. ФИДЕ ҳам мезбонларни медаллар учун асосий даъвогарлар қаторига киритган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *