• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўзмиллийбанк» АЖ Ўзбекистон эмитентлари орасида биринчи бўлиб Хитой капитал бозорига 250 млн долларлик облигациялар чиқармоқчи


2026 йил 9–10 сентябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудудига ташрифи доирасида «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ («Ўзмиллийбанк» АЖ) ва «China International Capital Corporation» (CICC) Осиё капитал бозорида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар.

«Бир макон, бир йўл» ташаббусининг 11-саммити доирасида томонлар Гонконг фонд биржасида Хитой юани ва Ўзбек сўмида умумий қиймати 250 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган халқаро облигацияларни чиқариш ҳамда уларни Гонконг фонд биржасида листингдан ўтказишни назарда тутувчи битимни имзоладилар.

Эришилган келишув «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Осиё капитал бозорига илк бор чиқишини англатади ҳамда банкнинг халқаро қарз олиш географиясини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Мазкур келишувнинг амалга ошиши банкнинг молиялаштириш манбалари ва валюта таркибини диверсификация қилиш, халқаро инвесторлар доирасини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистондаги устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Осиё капитал бозори ресурсларини жалб қилиш имконини беради.

Режалаштирилаётган мазкур эмиссия «Ўзмиллийбанк» АЖнинг халқаро капитал бозорларидаги изчил фаолиятининг навбатдаги босқичи ҳисобланади. 2020 йилдан буён банк Лондон ва Вена фонд биржаларда умумий қиймати 1,13 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи учта облигация эмиссиясини амалга оширган.

Мазкур келишув 2026 йилга мўжалланган давлат инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида имзоланган бўлиб. Ушбу дастурга мувофиқ, «Ўзмиллийбанк» АЖ зиммасига Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун етакчи халқаро молия институтларидан жами 1,5 млрд АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларни жалб этиш вазифаси юклатилган.

Имзоланган келишув Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги молиявий-иқтисодий ҳамкорликни изчил кенгайтириш борасидаги амалий натижалардан бири бўлиб, мазкур ҳамкорлик сўнгги йилларда икки давлат етакшиларининг узоқни кўзлаган сиёсати ва стратегик қарашлари туфайли янги босқичга кўтарилди.

Икки томонлама муносабатларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард АҚШ долларига яқинлашди. Яқин йилларда мазкур кўрсаткични 30 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсад қилиб олинди. Амалдаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, Ўзбекистонда 6 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Хитойнинг етакчи молия институтлари билан ҳамкорлик кенгайиб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун капитал жалб қилишнинг янги механизмлари жорий этилмоқда. «Ўзмиллийбанк» АЖнинг CICC билан эришган келишуви мазкур йўналишдаги амалий қадамлардан бири бўлиб, Ўзбекистоннинг Осиё капитал бозорларидаги иштирокини кенгайтириш, молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ҳамда мамлакат иқтисодиётига узоқ муддатли ресурсларни жалб этишга хизмат қилади.

Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикаси Ташқи Иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги энг йирик тизимли аҳамиятга эга банк ҳисобланади. 2025 йил якунига кўра, банк активлари 12 миллиард АҚШ долларидан, кредит портфели 9 миллиард АҚШ долларидан, жами капитали эса 1,6 миллиард АҚШ долларидан ошган.

China International Capital Corporation (CICC) 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, Хитойнинг етакчи инвестиция банкларидан бири ҳисобланади. Компания инвестиция банкинг, капитал бозорлари ва активларни бошқариш соҳаларида хизматлар кўрсатади ҳамда Гонконг, Сингапур, Лондон ва Нью-Йорк каби халқаро молия марказларида ўз фаолиятини амалга оширади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *