Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига борди, дея хабар бермоқда пезидент матбуот хизмати.
Корея Ҳарбий-ҳаво кучларининг Сеулдаги авиабазасида олий мартабали меҳмонларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортди, артиллерия тўпларидан салют берилди. Ўзбекистон президентини бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль ҳамда бошқа расмийлар кутиб олди.
Сўнгра Шавкат Мирзиёевни Кореяда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар кутиб олди. Президент улар билан суҳбатлашиб, фаолияти, ўқиши ва келажак режалари билан қизиқди.
Мулоқот чоғида мамлакатда кечаётган янгиланишлар, ватандошларнинг орзу-интилишлари ҳамда ташриф доирасида бўлажак тадбирларнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.
Президент уларга иш ва ўқишида муваффақиятлар тилаб, Кореяда эгалланаётган замонавий билим, кўникма ва тажриба келгусида мамлакат равнақи ва халқ фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, уч кунлик ташриф доирасида Корея президенти Ли Чжэ Мён билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар, Миллий ассамблея спикери Чо Чжон Шик, бош вазир Хан Сон Сук, Кореянинг йирик компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари ҳамда ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, давлат раҳбари Ўзбекистон — Корея бизнес форумининг очилишида нутқ сўзлайди. 16 сентябрь куни президент биринчи «Марказий Осиё — Корея» саммитида иштирок этади.
Ташрифнинг сиёсий ва иқтисодий кун тартибидаги тадбирлар билан бир вақтда Корея пойтахти ва бошқа шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади.