Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси томонидан фоизсиз кредит ваъда қилиб, юзлаб фуқароларнинг йирик миқдордаги маблағларини ўзлаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, гуруҳ аъзолари интернетда фоизсиз ёки имтиёзли шартларда кредит олиб беришни ваъда қилиб сохта эълонлар жойлаштирган.

Қизиқиш билдирган фуқаролар олдиндан ижарага олинган ҳашаматли офисларга таклиф қилинган.

«Сизнинг номингизга 100 млн сўм кредит олиб берамиз. Унинг 50 млн сўми сизга берилади, қолган 50 млн сўми эса компанияда қолади. Кредитнинг ойлик тўловларини эса ўзимиз тўлаб борамиз, сизга ҳеч қандай муаммо бўлмайди», — дея фуқароларга ваъда берилган.

Оқибатда гуруҳ аъзолари 400 дан ортиқ фуқаронинг телефони орқали улар номига кредит расмийлаштириб, ажратилган пулларнинг тенг ярмини — умумий ҳисобда 17 млрд сўмдан ортиқ маблағни олиб қўйишган. Вақт ўтгач, фуқароларга банк томонидан қарздорликни ёпиш бўйича талабномалар кела бошлаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзоси гумонланувчи тариқасида қамоққа олинган.

ИИББ фуқароларни интернетдаги «фоизсиз кредит», «жуда кам фоизли кредит», «ҳужжатсиз кредит» каби шубҳали ва сохта кредит таклифларига ишонмасликка ҳамда огоҳ бўлишга чақирди.