Тошкентдаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида 12 сентябрь куни Ўзбекистон спорт делегациясини Японияда бўлиб ўтадиган XX ёзги Осиё ҳамда V ёзги Параосиё ўйинларига кузатиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Gazeta мухбири хабар бермоқда.
Тантанали тадбирда бош вазир Абдулла Арипов, спорт вазири Адҳам Икрамов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Миллий олимпия қўмитаси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев ва бошқалар қатнашди.

Сентябрь-октябрь ойларида Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтадиган Aichi-Nagoya 2026 ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларида Ўзбекистондан жами 549 нафар спортчи иштирок этади.
Маросим давомида бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари — Париж-2024 Олимпия ўйинлари совриндори, оғир атлетика бўйича уч карра жаҳон чемпиони Акбар Жўраев ҳамда паравелоспорт бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати мутлақ ғолиби Маржона Пардобоевага давлат байроғини топширди.
«Ортингизда жонажон халқимиз ва Ватанимиз турибди»
Бош вазир Абдулла Арипов ўз нутқида бу галги мусобақаларга ҳар қачонгидан ҳам жиддий тайёргарлик кўрилганини таъкидлади. У Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларидаги тарихий натижалар Ўзбекистон спортининг салоҳиятини бутун дунёга намоён қилганини қайд этди.
«Сизларнинг ортингизда жонажон халқимиз, Ватанимиз ва шахсан ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёев турибди. Шунинг учун Янги Ўзбекистон фарзандларининг нималарга қодир эканини яна бир бор бутун дунёга намойиш қиласизлар, деган умиддамиз», — деди ҳукумат раҳбари.

У 2023 йилда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллаганини эслатди.
Абдулла Арипов бу натижани янада яхшилаш ва янги марраларни забт этиш вақти келганини таъкидлади. У спортчилар қўлга киритган ҳар бир медаль Ватан шарафи, ҳар бир ғалаба эса халқ учун катта қувонч бўлишини айтди.
Бош вазир спортчилар ва мураббийларга Японияда ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиш учун барча зарур шароитлар яратилишини билдирди.
«Ишонамизки, сизлар Ўзбекистон байроғини ҳар қачонгидан ҳам юксакларга кўтариб, юртимизга оламшумул ғалабалар билан қайтасизлар», — деди Арипов.
Делегация таркиби
XX ёзги Осиё ўйинлари 19 сентябрдан 4 октябрга қадар Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилади. Унда Ўзбекистон делегацияси 42 та спорт тури бўйича иштирок этади. Шундан 36 таси олимпия, 6 таси ноолимпия спорт турларидир. Мусобақаларда мамлакат шарафини 396 нафар спортчи ҳимоя қилади. Уларнинг 224 нафари эркак, 172 нафари аёллардир.
Ўзбекистон делегацияси Осиё ўйинларида соҳил волейболи, волейбол, елканли спорт, сквош ва ММА бўйича илк бор иштирок этади.

Мусобақалар давомида бир қатор спорт турларида Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмалар ҳам ўйналади. Жумладан, камондан отиш, чим устида хоккей, теннис, серфинг, триатлон ва сквош бўйича Олимпиада лицензиялари учун баҳслар ўтказилади.
V ёзги Параосиё ўйинлари 18−24 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон делегацияси мусобақаларда 11 та спорт тури бўйича 153 нафар спортчи билан қатнашади. Уларнинг 79 нафари аёллар, 74 нафари эркаклардир.
Ўзбекистон параспортчилари Параосиё ўйинлари тарихида илк бор пара қиличбозлик, боксча ва паракамондан отиш спорт турларида иштирок этади. Шунингдек, параўқ отиш бўйича Лос-Анжелес-2028 Паралимпиадасига тўғридан-тўғри йўлланмалар ўйналади.
Шу тариқа, Осиё ва Параосиё ўйинларида Ўзбекистондан жами 549 нафар спортчи қатнашади.
Кўпроқ суратлар:












