Ўзбекистонда жорий ҳафта об-ҳавосини ҳудудларда узоқ муддат давом этувчи паст босимли иссиқ об-ҳаво шароити ҳал қилади. Бу каби синоптик шароит остида республика бўйлаб тоғлар ва шимолдан ташқари +13…+18 даражали тунги салқинлик, +30…+35 даражали кундузги иссиқлик ҳукмронлик қилади.
Дам олиш кунларига бориб, иссиқлик янада кучаяди. Ҳафтанинг иш кунлари, тоғли ҳудудларни ҳисобга олмаса, бошқа ҳудудларда ёғингарчиликсиз қуруқ об-ҳаво кутилади.
Манба: Meteoinfo.ru
Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларида ҳафтанинг 14−18 сентябрь кунлари Ўзбекистоннинг жуда ҳам катта қисмида айни иссиқ ҳаво оқими таъсири сабабли шу 5 кунлик ўртача ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан 2−4 даража юқори бўлиши келтирилган.
Манба: Meteoinfo.ru
Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, 14−17 сентябрь кунлари республиканинг тоғли ҳудудларидан ташқари бошқа жойларда ёғингарчилик бўлмаслиги ойдинлашган. 18−20 сентябрь кунлари эса иссиқлик янада кучайиб, тоғларда ҳам ёғингарчилик бўлмаслиги тахмин қилинган. Шунинг учун жорий ҳафтага қуруқ ҳафта деб таъриф берса бўлади. Қуйидаги прогноз харитасида ҳафта давомида жойларда кузатилиши мумкин бўлган умумий ёғингарчилик миқдор кутилмалари тақдим этилган.
Манба: ECMWF
Ҳафтанинг иш кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ҳамда тоғли ҳудудларда тунги ва тонгги муддатларда +10…15 даража, бошқа вилоятларда +13…+18 даража илиқ ҳарорат бўлиши прогноз қилинмоқда.
Кундузги муддатларда тоғларда +22…+27 даража, жануб вилоятларида +30…+35 даража, бошқа вилоятларда +28…+33 даража иссиқ бўлиши аниқлашмоқда. Дам олиш кунларига бориб республика бўйлаб ҳаво ҳарорати тунги ва кундузги муддатлар учун ҳафтанинг иш кунларига нисбатан 2−3 даража юқори кўтарилади.
Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ушбу ҳафта республиканинг катта қисмида ўртача ҳаво ҳарорати шу даврга хос меъёрдан 1−3 даража, баъзи ҳудудларда 3−6 даража юқори, яъни иссиқ бўлиши, ёғингарчилик миқдори эса меъёрдан анча кам яъни, қуруқ ҳафта каби ўтиши англашилмоқда.
Манба: ECMWF

Шундай қилиб, ҳафтанинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳароратнинг сезиларли кўтарилиши, тунги ва кундузги ҳарорат фарқларидаги тафовутнинг катталашиши аҳоли саломатлигига қўшимча юклама тушириши мумкин.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Жорий ҳафтада Ўзбекистонда +34…+36 даража кундузги иссиқлик ва +13…+18 даража тунги салқинлик организмга қўшимча физиологик юклама бериши мумкин. Суткалик ҳароратдаги катта фарқ, айниқса, метеосезгир инсонлар, кекса ёшдагилар ҳамда юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликлари бор инсонларда бош оғриғи, ҳолсизлик, уйқу бузилиши ва қон босими ўзгаришини кучайтириши мумкин. Тадқиқотлар суткалик ҳарорат ўзгарувчанлиги юрак-қон томир ва нафас тизими касалликлари хавфи билан боғлиқлигини кўрсатади.
Намлик юқори бўлса, тернинг буғланиши секинлашиб, организмнинг совиш қобилияти пасаяди ва иссиқлик оғирроқ сезилади. Шунинг учун бундай кунларда етарли суюқлик ичиш, юқори иссиқлик кузатиладиган кундузги муддатларда жисмоний зўриқишни чеклаш ва хонада ҳаво алмашинувини таъминлаш муҳим. Айрим ҳудудларда нисбий намликнинг юқорилиги иссиқликнинг организм учун оғирроқ сезилишига олиб келиши мумкин.
Биоиқлимий шароитлар. Ҳафтанинг жума ҳамда дам олиш кунлари кундузги айрим муддатларда кўплаб ҳудуд аҳолиси жуда иссиқ об-ҳаво шароитини ҳис этади. Қуйидаги биоиқлимий ҳиссиётни тақдим этувчи замонавий прогноз маълумотларида (UTCI) ҳам 18 сентябрь куни соат 14:00 да Тошкент ва Сурхондарё вилоятининг катта қисми, Сирдарё вилояти аҳолиси биоиқлимий ҳиссиёт нуқтаи назардан жуда иссиқ ҳиссиёт таъсири остида қолиши мумкинлиги кўрсатилган.
Манба: ECMWF
Шунга қарамай, жорий кузги иссиқлик тўлқини сабабли республика аҳолиси сутканинг катта қисмида қулай биоиқлимий шароитлардан баҳраманд бўлади. Ҳафтанинг иш кунлари тоғлар ва шимол томонларда тонгги муддатларда нисбатан салқин шароит кузатилади. Бу пайтда ушбу ҳудуд аҳолиси иссиқроқ кийимлар кийиб олишлари тавсия этилади.
Космик таъсирлар. Қуёш фаоллиги бўйича мавжуд прогнозларда бу ҳафта бошида «қизил» хавф даражасидаги геомагнит бўрон эҳтимоли юқори эканини баҳолаяпти. Хусусан, душанба ва сешанба кунлари «қизил» хавф даражасидаги магнит бўрони хавфи мавжуд. Иш ҳафтасининг бошқа кунлари учун асосан «сариқ» даражадаги магнит бўрони прогноз қилинмоқда.
Манба: spaceweather
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Ўзгидромет ҳафта давомида кучли шамоллар бўлишига эътибор қаратмаган. Ҳавонинг табиий кучли ифлосланиши билан боғлиқ синоптик вазият ҳам ҳозир анча барқарор ҳолатда. Чанг заррачаларининг кескин ортиши учун ҳозирча кучли метеорологик омиллар кўринмаяпти.
Ҳавода ифлосланиш ортса ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 14−20 сентябрь кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво бир маромда деярли барқарор ҳолатда қолади. Ҳафта бошларидаги эҳтимол «қизил» хавф даражасидаги магнит бўронлари ҳамда ҳафтанинг дам олиш кунлари ҳароратнинг сезиларли исиши об-ҳаво ўзгаришлари ва космик таъсирларга мойил аҳоли қатлами саломатлигига таъсир этиши мумкин.

