АҚШ президенти Доналд Трамп ижро ҳокимияти тизимида «Сунъий интеллект» (AI — Artificial Intelligence) атамасини «Супер интеллект» (SI — Super Intelligence) атамасига алмаштиришни назарда тутувчи фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.
Фармонга кўра, АҚШ ижро ҳокимиятидаги барча департамент ва агентликлар расмий ёзишмалар, жамоатчиликка мўлжалланган материаллар, веб-сайтлар, ҳисоботлар, сиёсий ҳужжатлар ва бошқа ностатиcтик ҳужжатларда «Сунъий интеллект» ўрнига «Супер интеллект» атамасидан фойдаланиши керак.
Шунингдек, аввал чиқарилган регламентлар, президент ҳужжатлари, шартномалар, грантлар ва бошқа тарихий ҳужжатларни ўзгартириш талаб этилмайди.
Оқ уй янги атама замонавий технологияларнинг имкониятларини яхшироқ ифодалашини таъкидламоқда. Фармон муаллифларига кўра, бугунги илғор тизимлар нафақат инсон ақлининг айрим жиҳатларини тақлид қилади ёки автоматлаштиради, балки инсон ижодкорлиги ва имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
АҚШ маъмурияти, шунингдек, мамлакат сунъий интеллект соҳасининг ривожланишида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келаётганини қайд этган. Оқ уй маълумотига кўра, бу йўналишдаги тадқиқотлар АҚШда 70 йилдан ортиқ вақт аввал бошланган.
Янги терминология фақат ижро ҳокимиятига тегишли бўлади. Конгресс, судлар, штат ҳукуматлари ёки хусусий компаниялар учун «Супер интеллект» атамасидан фойдаланиш мажбурияти белгиланмаган.