Президент Садир Жапаров Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи доирасида Қирғизистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдошини учириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти администрацияси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, парвоз Калифорния штатидаги Ванденберг ҳарбий ҳаво базасидан SpaceX компаниясининг Falcon 9 ташувчи ракетаси ёрдамида амалга оширилди.
Сунъий йўлдош битта ташувчи ракета орқали учирилган космик аппаратлар гуруҳи таркибида орбитага чиқарилди. Унинг парвози Қирғизистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари самараси бўлди, дейилади хабарда. Сунъий йўлдошни бошқариш Бишкек шаҳрида жойлашган бошқарув марказидан туриб амалга оширилади.
Қайд этилишича, сунъий йўлдошнинг учирилиши Қирғизистон учун космик маълумотлардан турли соҳаларда фойдаланиш бўйича янги имкониятларни тақдим этади.
Олинадиган маълумотлар қишлоқ хўжалиги ерлари, музликлар, сув ҳавзалари, ўрмонлар ва яйловлар мониторингини олиб бориш, шунингдек, табиий экотизимлардаги ўзгаришларни кузатиш имконини беради.
«Сунъий йўлдош маълумотларидан ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари, рухсат этилмаган чиқиндихоналар ва бошқа ифлосланиш манбаларини аниқлаш, шунингдек, логистика йўналишларини оптималлаштиришда фойдаланилади. Табиий хавф-хатарларни мониторинг қилиш ва уларни барвақт аниқлашда сунъий йўлдош технологиялари алоҳида аҳамият касб этади», — дея қайд этди Қирғизистон ПА.
Олинадиган маълумотлар қурғоқчилик, сув тошқини, кўчки, сел ва ўрмон ёнғинлари белгиларини тезкорлик билан аниқлаш имконини бериб, ўз вақтида чора кўриш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган зарарни камайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Келгусида сунъий йўлдош маълумотлари давлат рақамли тизимлари билан интеграция қилинади ҳамда фазовий хариталар ва таҳлилий моделларни яратишда қўлланади.
Бу давлат қарорларини қабул қилиш, инвестициявий режалаштириш ва давлат дастурлари ижросини назорат қилишда холис маълумотларга таянишга шароит яратади.
Сунъий йўлдош маълумотларидан суперкомпьютер технологиялари имкониятлари билан уйғунликда фойдаланиш Қирғизистоннинг иқтисодий ва табиий ресурсларини янада аниқ ҳамда самарали бошқариш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади, дейилади хабарда.
