Ўзбекистонга 3-5 октябр кунлари совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Натижада республика бўйлаб об-ҳаво кескин ўзгариши мумкин. Бу ҳақда «Ўзгидромет» тезкор гидрометеорологик ахборотида маълум қилди.
3 октябр куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 4-5 октябр кунлари эса республиканинг қолган ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади.
3-4 октябр кунлари шимолий ва чўл ҳудудларда, 4-5 октябр кунлари республиканинг қолган ҳудудларида ёмғир ёғади. Айрим жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши, баланд тоғли ҳудудларда эса ёмғир қорга айланиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб, кундуз кунлари 15-20 даражага, кечалари 5-10 даражагача тушади. Шимолий ҳудудларда кундузги ҳарорат 12-17 даража, кечаси эса 2-7 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
3-4 октябр кунлари республика бўйича айрим жойларда шамол тезлиги секундига 13-18 метргача кучаяди. Баъзи ҳудудларда шамолнинг тезлиги чанг-тўзон билан бирга секундига 20-22 метргача етиши мумкин.
5-6 октябр кунлари республиканинг айрим ҳудудларига туман тушиши мумкин.