Олий Мажлис Сенатида 2 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни кўриб чиқилди.
Қонун тўғрисидаги маъруза учун сенатор Абдулхаким Эшмуродов сўзга чиқди.
Статистика
Унинг маълум қилишича, Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми, яъни 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш бўйича 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда эса 123 та жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) бўйича эса 2022 йилда 144 та, 2023 йилда 163 та, 2024 йилда 170 та ва 2025 йилда 116 та жиноят иши қайд этилган. Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича мурожаатлар сони 2023 йилдаги 56 тадан 2025 йилда 141 тага етган.
«Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида ва Тошкент вилоятида содир бўлган шов-шувли ва мудҳиш воқеалар болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилишда жазонинг муқаррарлиги ва қатъийлигини таъминлаш зарурлигини яна бир бор исботлади. Боланинг ўзини ҳимоя қила олмаслиги ва ожизлиги давлат ва жамиятнинг уни муҳофаза қилиш мажбуриятини янада оширади», — деди сенатор.
Ушбу қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия ва Меҳнат кодексларига ҳамда бир қатор соҳавий қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, қуйидаги тизимли муаммоларга принципиал ечимлар таклиф этилмоқда.
25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш
Қонун билан 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирганлик учун узоқ муддатли 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.
Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатларининг ўтиб кетганлиги қўлланилмайди.
Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш бутунлай тақиқланмоқда.
Бепул юридик ёрдам ва терговни ёзиб олиш
Жинсий зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга процессуал ҳаракатларга жалб этилган илк дақиқалардан эътиборан давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилмоқда.
Зўравонликдан жабр кўрган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноят қурбони бўлган бола ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштиришни махсус тартиб бўйича ўтказиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида ўтказиш белгиланмоқда.
Агар зўравонлик оила аъзолари ёки яқин қариндошлар томонидан содир этилган бўлса, процессуал жараёнларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштироки мажбурий қилиб қўйилмоқда.
Таълим муассасалари ходимлари зўравонлик учун ишдан бўшатилиши мумкин
Меҳнат кодексига киритилаётган қўшимчага кўра, таълим ва тарбия муассасаларида болани тарбиялаш ва унга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган таълим ташкилоти ходимининг болага нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилганлиги муносабати билан унинг меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга асос бўлади. Бундай шахсларнинг келгусида болалар билан ишлашига чеклов қўйилади.
Шу билан бирга, ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, уларнинг асосий эҳтиёжларини қасддан қаноатлантирмаслиги, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиши, шунингдек, болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар қайта зўравонликка учрашдан қўрқиб мурожаат қилишга иккиланмаслиги учун, уларнинг сўровига асосан яшаш манзилига ёзма ёки электрон жавоб хати юбормаслик тартиби жорий этилмоқда.
«Бу оилавий низоларнинг янада авж олиши ва қайта зўравонлик содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади», — деди сенатор.
Ота-оналар масъулияти ва бошқа тузатишлар
Болани парвариш қилиш бўйича мажбуриятларни лозим даражада бажармаслик, болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Инсонпарварлик тамойиллари асосида вояга етмаганларга нисбатан «махсус ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш» тарзидаги мажбурлов чораси тугатилиб, унинг ўрнига муқобил мажбурлов чоралари (таълим, тарбия, ижтимоий хизмат ташкилотига жойлаштириш, огоҳлантириш билан назорат остига бериш) жорий этилмоқда.
Вояга етмаган шахсга қасддан оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олиниши таклиф қилинмоқда.
Худди шундай ёндашувни 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган уятсиз-ҳаёсиз ҳаракатларга нисбатан ҳам қўллаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, вояга етмаганларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун жазони кучайтириш режалаштирилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.
Қонунчиликни қатъийлаштириш муҳокамаси Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат болалар боғчасининг 5 ёшли тарбияланувчисига нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ шов-шувли иш фонида бўлиб ўтмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, боғча ходими Қ.М. қамоққа олинган.
Қизнинг онасининг айтишича, зўравонлик бир неча бор содир бўлган бўлиши мумкин, воқеадан кейин бола қўрқоқроқ бўлиб қолган ва боғча ёнидан ўтишга чўчийди.
27 сентябрь куни президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева нафақат айбдорлар, балки содир бўлган воқеага йўл қўйган, бепарволик қилган ва болани ҳимоя қилмаганлар ҳам жазоланиши кераклигини айтди. Шунингдек, у бундай жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш бўйича таклифлар тайёрланаётганини маълум қилди.
Дунё тажрибасида болаларни ҳимоя қилиш сиёсати барча муассасалар ва уларнинг ходимлари учун мажбурий бўлган қаътий стандартлар, протоколлар ва регламентларга асосланади. Gazeta’нинг фикрича, Намангандаги боғчада қизчага нисбатан қилинган жинсий зўравонлик Ўзбекистон таълим ва тарбия тизимида бундай механизмлар мавжуд эмаслигини кўрсатди.