Олий Мажлис Сенати болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунни маъқуллади.
Қонунга кўра, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ёки унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик билан ғайритабиий усулда қондириш учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган айрим ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва жазони ижро этиш муддатининг ўтиб кетганлиги қўлланилмайди.
Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятларда шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳам чекланади.
Қонун билан жинсий зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.
Вояга етмаган жабрланувчини сўроқ қилиш жараёни видеога ёзиб олинади. Бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштириш эса махсус тартибда ўтказилади.
Зўравонлик оила аъзоси ёки яқин қариндош томонидан содир этилган ҳолларда процессда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирок этиши мажбурий бўлади.
Бундан ташқари, болага нисбатан зўравонлик учун жавобгарликка тортилган таълим ташкилоти ходими билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш ҳамда унинг келгусида болалар билан ишлашини чеклаш назарда тутилмоқда.