Наманган шаҳрида жамоат транспортини янгилаш доирасида Хитойда ишлаб чиқарилган 12 та Yutong русумли автобус олиб келинди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Навбатдаги 12 та автобусни «Фирдавс транс сервис» МЧЖ олиб келган. Янги транспорт воситалари ишга туширилиши билан 25 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Янги автобуслар тақдимотида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва масъуллар иштирок этган. Тадбир давомида автобусларнинг техник имкониятлари, йўловчилар учун яратилган қулайликлари ҳамда улардан шаҳар йўналишларида фойдаланиш масалалари муҳокама қилинган.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, шу билан шаҳарда 2023 йил 16 февралдаги президент қарори доирасида олиб келинган замонавий автобуслар сони 130 тага етган. Тадбиркорлар томонидан аввалроқ Наманган шаҳри учун хориждан 108 та замонавий автобус олиб келиниб, улар 10 та йўналишда брутто шартнома асосида қатновларга чиқарилган.

Бундан аввал июль ойида Наманган шаҳрига Хитойдан 12 та Ankai русумидаги автобус келтирилган эди. Шунингдек, сентябрда Наманганга Хитойда ишлаб чиқарилган 10 та Zhongtong электробуси олиб келинди. Улар «Отчопар — Чорсу» йўналишида брутто шартнома асосида йўлга чиқарилади.