Дональд Трампнинг президентлик лавозимига киришганидан бери АҚШ Давлат департаменти 250 мингдан зиёд визани бекор қилди. Бу ҳақда Fox News телеканалига идора вакили Томми Пиготт маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, виза шартларига риоя қилмаслик, АҚШ ёки америкаликларга қарши зўравонликка чақириқлар, фирибгарлик ва миллий хавфсизликка таҳдид солиш каби турли қоидабузарликлар визаларни бекор қилишга асос бўлган.

Бекор қилинган визаларнинг 2300 таси «туғуруқ туризми» билан боғлиқ бўлган. Август ойида Трамп ушбу амалиётни чекловчи иккита фармонни имзолаганди.

«Мисли кўрилмаган кўламдаги узлуксиз текширувлар туфайли биз жиноят содир этаётган, терроризмни қўллаб-қувватлаётган, америкаликларни алдаётган ёки иммиграция тизимимизни суиистеъмол қилаётган шахсларни аниқлаб, уларни мамлакатга кириш ҳуқуқидан маҳрум этмоқдамиз. АҚШ визаси ҳуқуқ эмас, балки имтиёздир ва агар сиз ушбу имтиёз шартларини бузсангиз, ундан маҳрум бўласиз», — деди Пиготт.

Бундан олдин Associated Press АҚШ Давлат департаменти ҳужжатлари ва америкалик мулозимларга таянган ҳолда, Трамп маъмурияти мамлакат тарихидаги энг йирик оммавий визаларни қайтариб олиш жараёнига тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзганди. Ушбу чора B1 ва B2 визалари билан АҚШга келиб, бошпана сўраб ариза топширган 200 мингга яқин хорижликка таъсир қилади.

Трамп Оқ уйга қайтганидан бери унинг маъмурияти виза олиш учун ариза берувчиларга қўйиладиган талабларни изчил кучайтирмоқда. Улардан ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ҳақида кўпроқ маълумот тақдим этиш талаб қилинмоқда, айрим ҳолларда катта миқдорда гаров пули тўлаш мажбурияти юкланмоқда, айрим давлатлар фуқароларига эса виза бериш бутунлай тақиқланди, деб ёзади агентлик.