• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Тенгликни кафолатловчи қонунлар бўлса ҳам, кундалик амалиёт аёлларга қарши дискриминацияни давом эттирмоқда» — «БМТ-Аёллар» эксперти



Қонунларда мустаҳкамланган гендер тенглиги ҳаётда ҳам тенглик бўлишини кафолатламайди. Ушбу муаммони «БМТ-Аёллар» тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бўлинмасининг EU4Gender Equality дастури раҳбари Ольга Осауленко Тошкентда ўтказилган Самарқанд инсон ҳуқуқлари форумидаги чиқишида кўтарди.

«Бизда тенгликни кафолатловчи қонун бўлиши мумкин, бироқ муассасалар ва кундалик амалиёт дискриминацияни такрорлашда давом этмоқда», — дея қайд этди у. Масалан, қиз бола таълим олиш ҳуқуқига эга бўлиши, лекин фан ва раҳбарлик лавозимлари эркаклар соҳаси деган тушунча билан улғайиши мумкин. Зўравонликдан жабр кўрган аёл ҳимояланиш ҳуқуқига эга бўлиши, бироқ зўравонликни оиланинг ички иши деб ҳисоблайдиган давлат органлари вакилларига дуч келиши мумкин.

Таҳририятдан: Юқоридаги мисоллар позитив эркинлик тушунчаси билан боғлиқ. Позитив эркинлик — инсоннинг ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, ўз ҳаётини мустақил бошқариш ва мақсадларига эришиш учун реал имконият ҳамда ресурсларга (таълим, соғлиқ, моддий шароит, ҳуқуқий кафолатлар) эга бўлишидир.

Негатив эркинлик ташқи тўсиқ ва тақиқларнинг йўқлиги бўлса, позитив эркинлик — истакни амалга ошириш учун ҳақиқий қобилият ва имкониятнинг мавжудлигидир. Негатив эркинлик — йўлда девор ё тўсиқнинг йўқлиги бўлса, позитив эркинлик — ўша йўлдан юриб кетиш учун оёқнинг соғ ва кучли экани.

Ольга Осауленконинг сўзларига кўра, стереотиплар мактаб дарсларининг мазмуни, иш жойларидаги қоидалар, оммавий ахборот воситалари ҳамда суд органларининг қарорлари орқали қайта-қайта намоён бўлаверади. Шу боис ахборот кампанияларининг ўзи етарли эмас: ҳатто одамлар гендер тенгсизлигини тан олган тақдирда ҳам, агар бошқача танлов жамиятда қораланса ёки зарур хизматлардан фойдаланиш имконияти бўлмаса, одатий кутилмаларга амал қилишда давом этишлари мумкин.

Нималарни ўзгартириш таклиф этилмоқда?

Ольга Осауленко Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитанинг «Гендер стереотипларини ва уларни қўллаб-қувватловчи тенгсиз ҳокимият муносабатларини бартараф этиш» номли 41-сонли умумий тавсияси лойиҳасини тақдим этди.

Ҳужжат Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг (CEDAW) жинслардан бирининг камситилиши ёки устунлиги ҳақидаги тасаввурларга асосланган стереотиплар ва хурофотларни бартараф этишга оид 5-моддаси қоидаларини янада ривожлантиради.

Унинг таъкидлашича, лойиҳа стереотипларни ҳокимият ва ресурсларнинг тақсимланиши, эркаклар имтиёзлари ҳамда аёллар устидан назорат билан боғлайди. Шунингдек, у стереотиплар давлат, иқтисодиёт, жамият ва оила қоидаларига чуқур сингиб кетганини кўрсатиб беради.

«Муассасалар стереотипларни шунчаки акс эттирибгина қолмайди. Улар стереотипларга расмий тус бериши, уларни меъёрга айлантириши ва қайта-қайта такрорлаши мумкин», — дея таъкидлади Ольга Осауленко.

У лойиҳада назарда тутилган ишларнинг тўртта асосий йўналишини ажратиб кўрсатди:

Биринчи йўналиш — қонунлар, бюджетлар ва давлат хизматларида гендер стереотипларини тизимли равишда аниқлаш. Текширувлар дарсликлар, суд қарорларининг далиллари, ички ишлар органлари баённомалари, тиббий ва ижтимоий хизматлар ҳамда рақамли тизимларни қамраб олиши лозим.

Иккинчи йўналиш — давлат муассасаларининг жавобгарлигини белгилаш. Уларда аниқ стандартлар, мутахассисларни мунтазам ўқитиш, шикоят бериш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича қулай механизмлар бўлиши керак. Агар гендер стереотиплари, масалан, хизмат кўрсатишни рад этишга олиб келса, вазиятни тузатиш чоралари кўрилиши зарур.

Учинчи йўналиш — етарли даражада бюджет маблағларини ажратиш ва натижаларни баҳолаш: маълумотларни тўплаш, миқдорий ва сифат кўрсаткичларидан фойдаланиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш режаларини тузиш. «Марказий ўринда аёлларнинг ҳаётий тажрибаси ҳақидаги ҳақиқий маълумотлар туриши керак», — деди эксперт.

Тўртинчи йўналиш — мониторинг жараёнига фуқаролик жамияти ва аёллар ташкилотларини жалб қилиш, ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган аёллар учун хавфсиз шароитлар яратиш. Тавсия лойиҳасига кўра, давлатлар бизнес, медиа, таълим ва диний ташкилотлар ҳамда рақамли платформаларни ўз ичига олган таъсир кучига эга нодавлат иштирокчилар устидан назоратни амалга ошириши керак.

Ўзгаришларни қандай баҳолаш керак?

Ольга Осауленко томонидан тақдим этилган яна бир янги ишланма — «БМТ-Аёллар»нинг «Идеологиялар, институтлар ва ҳокимият» концепцияси бўлди. У қуйидагиларни бирлаштиради:

  • муассасалар тарғиб қиладиган тасаввурларни ўзгартириш;
  • ҳуқуқлар, хизматлар, парвариш, даромадлар ва ҳақиқий танлов имкониятларини кенгайтириш орқали аёллар ҳаётининг моддий шароитларини ўзгартириш;
  • гендер стереотипларига қарши тура оладиган кучларни мустаҳкамлаш: хотин-қизлар, қизлар, феминистик ташкилотлар ва уларнинг иттифоқчиларини бирлашишлари, муассасаларга таъсир ўтказишлари ва уларнинг ҳисобдорлигига эришишлари учун қўллаб-қувватлаш.

«Янги тасаввурлар бошқача ҳаётий тажриба билан мустаҳкамланганда ҳамда эришилган ютуқларни ҳимоя қилиш учун етарли жамоавий кучга эга иштирокчилар бўлгандагина ўзгаришлар барқарор тус олади», — дея тушунтирди БМТ эксперти.

Ўзгаришларни баҳолаш учун у тўртта саволни илгари сурди:

  • Қонунчилик ва давлат сиёсатида нималар ўзгарди?
  • Муассасалар фаолияти ва ресурслар тақсимотида нималар ўзгарди?
  • Аёлларнинг танлов имкониятлари ҳамда ҳуқуқ ва хизматлардан фойдаланишида нималар ўзгарди?
  • Уларнинг ҳаётий тажрибасида нималар ўзгарди?

Унинг таъкидлашича, камситишнинг бир нечта ўзаро кесишувчи шаклларига дуч келаётган аёлларга алоҳида эътибор қаратиш зарур, чунки умумий кўрсаткичлар ушбу гуруҳлар учун сақланиб қолаётган тенгсизликни яшириши мумкин.

«Ҳуқуқий ислоҳот муҳим, аммо муассасалар амалиёти ўзгаришсиз қолса, унинг самараси чекланган бўлади», — дея хулоса қилди Ольга Осауленко.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *