• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Автобусларда йўлкира тўлангани текширилаётган пайтда валидаторларни блоклашга қарор қилинди


Тошкент автобусларида йўлкира назоратчилари эндиликда йўловчилар орасида тўлов қилинганини текшириш вақтида валидаторларни (йўл ҳақини тўлаш ва қайд этиш қурилмаларини) блоклаб қўйиши мумкин. Агар кириш чоғида йўлкира тўланмаган ёки қайд этилмаган бўлса, йўловчилар жаримага тортилади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси хабар берди.

«„Инспекторни кўрсам тўлайман“ ёки „Бекатга етиб боргач тўлайман“ деган баҳоналар энди ўтмайди», — дейилади компания видеоролигида.

Ўзбекистон ҳукуматининг июнь ойидаги қарорига мувофиқ, 1 сентябрдан брутто-шартнома тизими бўйича ишлаётган йўналишларда автобус йўловчилари салонга киришдаёқ йўлкирани тўлашлари шарт. Акс ҳолда, йўловчи чиптасиз юрган деб ҳисобланади. Ҳозирда чиптасиз юрганлик учун жарима миқдори 44 минг сўмни ташкил этади.

«Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси директори ўринбосари Абдувоҳид Худойбердиевнинг маълум қилишича, назоратни кучайтиришдан мақсад — ҳукумат қарорида кўзда тутилган йўлкира тўлаш тартибини «мустаҳкамлаш» ҳисобланади.

Пойтахтда тўловнинг автоматлаштирилган тизими 2020 йил бошидан жорий этилганди. 2025 йил 1 январдан шаҳар жамоат транспорти тўлиқ нақд пулсиз тўлов тизимига ўтди. Бир вақтнинг ўзида кондукторлар штати ҳам қисқартирилди. Улар нафақат нақд пулда тўлов қабул қилар, балки (дунё амалиёти учун ноодатий бўлган ҳолда) йўловчилардан карталарни олиб, ўзлари валидаторга теккизиб берарди.

Кўплаб йўловчилар йўлкирани тушиш пайтида тўлашга одатланиб қолган ва ҳозиргача шундай қилишда давом этмоқда. Мухбирлар билан суҳбатлашган айрим йўловчилар автобусларда бу ҳақда вақти-вақти билан эълонлар янграб турса-да, янги қоидалардан бехабар эканини билдирди.

Gazeta билан суҳбатлашган аҳоли вакилларининг таъкидлашича, айниқса, салон тўла пайтда ёки автобусга кўпчилик чиқишга уринаётганда, бирданига киришдаёқ тўловни амалга ошириш мушкул. Салонга чиқиш ва ундан тушиш эса барча эшиклардан рухсат этилган (айрим ҳудудларда — фақат олд эшикдан).

Шунингдек, QR код орқали тезкор тўлов қилиш ҳам баъзан қийинчилик туғдиради (телефондаги иловани очиш ва камерани валидаторга қаратиш керак). Натижада йўловчи салонга кириш биланоқ тўлов қилишга улгурмай, ичкарироққа ўтиб кетиши мумкин.

«Биринчи навбатда, умуман тўлов қилмайдиганлар билан курашиш керак, кирганидан кейинроқ бўлса ҳам тўлайдиганлар билан эмас», — деди автобуслардан мунтазам фойдаланувчилардан бири.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *