Тошкент шаҳридаги Салар каналида ўлик балиқлар сувда оқиб кетди. Gazeta`га юборилган видеотасвирларда соат 13:30 ларда Экопарк боғининг жанубий қисми, Салар каналининг Махтумқули ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишган жойида митти балиқлардан тортиб ўртача катталикдаги балиқларни кўриш мумкин, улар нобуд бўлганди. Gazeta мухбири Салар канали атрофини айланиб, воқеа жойидан репортаж тайёрлади.
Суратлар обуначилар томонидан юборилган.
Каналнинг саёз жойларида шох-шаббаларга илиниб қолган балиқларни кўриш мумкин. Каналнинг Экопарк боғи ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Марказий боғдан оқиб ўтадиган қисмларни кўздан кечирдик. Экопарк бўйлаб канал атрофида сувда оқиб кетаётган кўп сонли ўлиқ балиқларга гувоҳ бўлдик.



Марказий боғ томонда Япониядан келтирилган, рангли балиқлар боқиладиган кўл бор. Авваллига, каналда оққан балиқлар шу кўлга дахлдор деган тахминда эдик. Боғ маъмурияти буни рад қилди.
Марказий боғдаги балиқлар
Шунингдек, боғ эгаларининг сўзларига кўра, каналнинг Марказий боғгача бўлган қисмида қурилиш бўлмоқда, қазиш ишлари сабабли балиқлар нобуд бўлаётган бўлиши мумкин. Канал бўйида яшовчиларнинг сўзларига кўра, у ерда бир ҳафтадан буён қурилиш давом этиб келаётган экан. Сувда эса балиқларга кўз тушмади. Шундай қилиб, нобуд бўлган балиқларнинг қаердан бошлаб оқаётгани бизга қоронғилигича қолди.


Канал бўйига Тошкент шаҳри Экология бошқармаси мониторинг бўлимининг таҳлилий лабораторияси ходимлари келиб, унинг сувидан намуна олди. Лаборатория ходимининг таъкидалашича, таҳлил натижалари 4−5 кунда тайёр бўлади.
«Бизда фақат кимёвий анализ қилинади, каналларга хос анализ. Азот гуруҳлари, pH муҳити, қуруқ қолдиқлар, муаллақ моддалар, сульфат ва хлорид тузлар таҳлили амалга оширилади. Бизда балиқдан намуна анализ қилинмайди, лабораториямиз оқова сувини таҳлил қилишга ихтисослашган», — деди мутахассис Ҳидоят Жўрабоева.
Ҳидоят Жўрабоева
Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Gazeta`га маълум қилишича, Экопарк ва католик черкови яқинидаги Салар канали бўйидаги вазият аллақачон шаҳар ҳокимлиги томонидан назоратга олинган. Ҳозирда Экология бошқармаси томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар ҳодиса сабаблари, ифлослантириш манбалари аниқлайди ва атроф-муҳитга таъсирини баҳолайди.
Агар қоидабузарликлар аниқланса, материаллар белгиланган қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий баҳолаш ва қарор қабул қилиш учун ваколатли органларга топширилади, дея муносабат берди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
